«Ҳокимлар сизларга ҳар томонлама кўмак беради»: Президент инвесторларни вилоятларга чақирди
Шавкат Мирзиёев халқаро инвестиция форумида инвесторларга ҳудудлардаги имкониятларни жойида ўрганишни таклиф қилди.
© Foto: Prezident matbuot xizmatiЎзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Бешинчи Тошкент халқаро инвестиция форумининг ялпи мажлисида инвесторларни мамлакат ҳудудларига ташриф буюришга чақирди.
Давлат раҳбарига кўра, сўнгги йилларда вилоятларнинг иқтисодий ривожланишида туризм ва замонавий агросаноат муҳим драйвер соҳаларга айланмоқда.
Президент мамлакатнинг туризм салоҳиятига алоҳида тўхталиб, жорий йилнинг дастлабки беш ойида Ўзбекистонга келган хорижий сайёҳлар сони 27 фоизга ошиб, 5,5 миллион кишига етганини таъкидлади.
Унинг сўзларига кўра, мамлакат ҳар йили 15–20 миллион нафар чет эллик туристни қабул қилиш ва уларга камида 15 миллиард долларлик туризм хизматлари кўрсатиш имкониятига эга.
Туризм ва агробизнес
Давлат раҳбари инвесторлар нафақат Самарқанд, Бухоро ва Хива каби машҳур туристик марказларда, балки бошқа ҳудудларда ҳам туризм лойиҳаларига фаол сармоя киритишини кутаётганини билдирди.
Шунингдек, Ўзбекистонда анъанавий қишлоқ хўжалигини замонавий агробизнесга айлантириш бўйича кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилаётгани қайд этилди.
Ҳозирги вақтда мамлакат дунёнинг 70 дан ортиқ давлатига ҳар йили 3,5 миллиард долларлик мева-сабзавот маҳсулотларини экспорт қилмоқда. Бу эса Ўзбекистоннинг халқаро аграр бозорда ўз брендини шакллантирганини кўрсатади.
Ҳокимлар ҳамкорликка тайёр
Президент форумда мамлакатнинг барча 14 ҳудуди раҳбарлари иштирок этаётганини эслатиб, инвесторларни улар билан бирга жойларга чиқишга чақирди.
«Марҳамат, улар билан биргаликда вилоятларга бориб, яратилаётган имкониятлар билан бевосита танишинг. Бой тажрибангиз, технология ва сармоянгиз билан ўзаро манфаатли лойиҳаларда фаол иштирок этинг», — деди давлат раҳбари.
Шавкат Мирзиёевнинг таъкидлашича, инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш жараёнида ҳокимлар инвесторларга ҳар томонлама кўмак беради ва уларни қўллаб-қувватлайди.





