Logo

IFC Ўзбекистон ва Қирғизистондаги кичик бизнесларга 10 млн доллар йўналтиради

Бугун 13:572 дақиқа

Халқаро молия корпорацияси Ўзбекистон ва Қирғизистондаги кичик бизнесларни қўллаб-қувватлаш учун Highland Central Asia Fund II жамғармасига 10 миллион долларгача инвестиция киритади.

IFC Ўзбекистон ва Қирғизистондаги кичик бизнесларга 10 млн доллар йўналтиради

Халқаро молия корпорацияси (IFC) Ўзбекистон ва Қирғизистонда кичик ва ўрта бизнесни молиялаштириш имкониятларини кенгайтириш мақсадида Highland Central Asia Fund II жамғармасига 10 миллион долларгача маблағ ажратишини маълум қилди.

Ажратиладиган инвестициялар соғлиқни сақлаш, фармацевтика, чакана савдо, логистика, озиқ-овқат ишлаб чиқариш, кўчмас мулк ҳамда меҳмонхона бизнеси каби соҳаларда фаолият юритувчи 10–15 та корхонани қўллаб-қувватлашга йўналтирилади.

Ягона институционал фонд

Highland Central Asia Fund II ҳозирда Ўзбекистон ва Қирғизистон бозорларида фаолият юритаётган ягона институционал тўғридан-тўғри инвестиция жамғармаси ҳисобланади. Унинг асосий вазифаси маҳаллий компанияларнинг самарадорлиги ва рақобатбардошлигини оширишга кўмаклашишдан иборат.

Жамғарманинг мақсадли ҳажми 75 миллион долларни ташкил этади. Бу эса минтақадаги хусусий секторни ривожлантириш ва бизнесларнинг ўсиш имкониятларини кенгайтириш учун қўшимча капитал жалб қилиш имконини беради.

Тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш


Highland Capital ҳаммуассиси Элдан Усубакуновнинг таъкидлашича, Ўзбекистон бозорига кириш компания учун Марказий Осиёдаги иштирокини мустаҳкамлаш ва маҳаллий иқтисодиётни қўллаб-қувватлаш йўлидаги муҳим қадам бўлган.

IFCнинг акциядорлик инвестициялари ва венчур капитали бўйича глобал директори Фарид Фезуа мазкур лойиҳа тадбиркорларни молиялаштириш соҳасидаги мавжуд бўшлиқларни қисқартиришга хизмат қилишини қайд этди.

Молиявий иштирокдан ташқари, IFC Highland Capital компаниясига активларни бошқариш, портфел компаниялари қийматини ошириш ва инвестиция лойиҳаларидан чиқиш стратегияларини ишлаб чиқиш бўйича маслаҳат хизматларини ҳам тақдим этади.

IFC Жаҳон банки гуруҳи таркибидаги энг йирик халқаро тараққиёт институтларидан бири бўлиб, ривожланаётган мамлакатларда хусусий секторни қўллаб-қувватлашга ихтисослашган.

Теглар

Мавзуга оид