ИИБ терговчиси 40 минг доллар пора билан қўлга тушди
Наманганда ИИБ Тергов бошқармаси терговчиси фуқарога нисбатан қўзғатилган жиноят ишини унинг фойдасига ижобий ҳал қилиб, тугатиб юбориш эвазига ишга алоқадор бўлмаган адвокат орқали 40 минг АҚШ доллари талаб қилган.
© Видеодан кадрНаманганда вилоятида ИИБ терговчиси 40 минг доллар пора олгани аниқланди. Бу ҳақда ДХХ ахборот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, вилоят ИИБ Тергов бошқармаси терговчиси ўз иш юритувида бўлган жиноят ишини гумонланувчи фойдасига ҳал қилиб беришни ваъда қилиб, эвазига Чуст туманида яшовчи 2006 йилда туғилган фуқародан 40 минг АҚШ доллари талаб қилинган.
Терговчи порани ишга расман алоқадор бўлмаган адвокат орқали олмоқчи бўлган. Бироқ адвокат тезкор тадбир давомида гумонланувчининг отасидан 40 минг АҚШ долларини қабул қилиб олаётган вақтида ушланган.
Шундан сўнг тезкор ҳаракатлар давом эттирилиб, адвокатдан 30 минг АҚШ долларини олаётган вақтда терговчи ҳам қўлга олинган.
Ҳозирда терговчига нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 210-моддаси — пора олиш айби билан жиноят иши қўзғатилган. Адвокатга эса Жиноят кодексининг 212-моддаси, яъни пора олиш ёки беришда воситачилик қилиш моддаси бўйича айблов қўйилган.





