Logo

Ижтимоий тармоқларга қарамлик бўйича суд иши «Meta»га қанчага тушади?

Бугун 09:205 дақиқа

«Meta»га қарши очилган тарихий суд жараёни йирик жарималарга, шунингдек, «Facebook» ва «Instagram» фаолиятида туб ўзгаришларга олиб келиши мумкин.

Ижтимоий тармоқларга қарамлик бўйича суд иши «Meta»га қанчага тушади? © tgrthaber.com

Ижтимоий тармоқлар гиганти бўлмиш «Meta» компанияси ўз келажагига жиддий таъсир кўрсатадиган тарихий суд жараёни билан юзлашмоқда.

Сешанба куни АҚШ федерал судида 29 та штатнинг бош прокурори томонидан қўзғатилган иш бўйича дастлабки тингловлар бошланди. Даъвогарлар «Facebook» ва «Instagram»нинг бош компаниясини ёш фойдаланувчиларни ўзига жалб қилиш ва уларни чексиз лента варақлашга ундашга мўлжалланган платформалар яратганликда айбламоқда. Қолаверса, компания ушбу алгоритмлар қарамликни келтириб чиқаришини олдиндан билгани айтилмоқда. Бундан ташқари, «Meta» вояга етмаганларнинг шахсий маълумотларини тўплашда ҳам айбланган.

Суд жараёни тахминан олти ҳафта давом этиши кутилмоқда. Агар прокурорлар ғалаба қозонса, Кремний водийси гиганти ўз платформаларида таркибий ўзгаришлар қилишга ва 1,4 триллион долларгача жарима тўлашга мажбур бўлади.

«Meta» барча айбловларни қатъиян рад этаётган бўлса-да, суднинг эҳтимолий қарори ходимлар руҳиятининг тушиб кетиши, оммавий қисқартиришлар ва бир қатор самарасиз сармоялар гирдобида қолган компания учун жуда оғир зарба бўлиши мумкин.

Молиявий таъсир кўлами

«Meta» учун эҳтимолий хавф жуда катта. Компаниянинг маълум қилишича, штатлар томонидан қўлланилиши мумкин бўлган жарималар миқдори 1,4 триллион долларга етиши мумкин. Бироқ даъвогар штатлар коалицияси 200 миллиард доллар товон пули талаб қилаётганини ҳисобга олинса, бу рақам ҳақиқатдан бироз йироқдек туюлади.

Таққослаш учун, бу маблағ «Meta»нинг ўтган йилги умумий даромадига тенг. 2025 йилда технология гиганти қарийб 201 миллиард доллар даромад кўрган ва унинг соф операцион фойдаси 83,2 миллиард долларни ташкил этган.

Талаб қилинаётган 200 миллиард доллар миқдоридаги маблағ компания шу пайтгача дуч келган ҳар қандай жаримадан анча юқоридир. Эслатиб ўтамиз, март ойида Ню-Мексикода бўлиб ўтган бошқа бир суд ишида ҳакамлар ҳайъати «Meta» зиммасига 375 миллион доллар фуқаролик жаримасини тўлаш мажбуриятини юклаган эди. Шу ойнинг бошида эса судя томонидан яна 567 миллион долларлик жарима белгиланди.

Март ойида жарима тайинланган вақтда, молиявий хизматлар кўрсатувчи «Morningstar» компанияси кутилаётган суд жараёнларининг «Meta» акциялари баҳосига таъсиридан унчалик хавотирда эмаслигини билдирган эди. Таҳлилчиларнинг фикрича, ҳатто бутун дунё ҳукуматлари бу суд ишларидан компания бизнесида таркибий ўзгаришлар қилишни талаб этиш учун асос сифатида фойдаланган тақдирда ҳам, бу молиявий томондан жиддий хавф туғдирмайди.

«Бизнингча, қонунчилик орқали компанияга юкланадиган ҳар қандай алгоритмик ўзгартиришлар бошқариш мумкин бўлган хавфдир. Чунки компанияга асосий даромад келтирувчи фойдаланувчилар базаси асосан катталардан иборат. Бу эса уни шундай қонунчилик чекловларидан ҳимоя қилади», — дейилади «Morningstar» таҳлилчиларининг хабарида.

Гарчи штатлар коалицияси иши қандай якун топишини ҳеч ким башорат қила олмаса-да, «Meta»нинг муаммолари фақатгина судлар билан чекланмайди. Бу ҳолат унинг баъзи сармоявий лойиҳалари ва бизнес бўлинмаларидаги йирик молиявий йўқотишлар билан боғлиқ хавотирларга ҳам бориб тақалади.

Масалан, «Meta»нинг «Reality Labs» бўлинмаси 2020 йилдан бери 70 миллиард доллар зарар кўрган.

Сунъий интеллект бозоридаги «пуфак» ҳақидаги хавотирлар ортиб бораётган бир пайтда, «Meta» СИ инфратузилмасини яратиш учун харажатларни янада оширган.

Корпоратив пул оқими биринчи чоракдаги 12 миллиард доллардан иккинчи чоракда 784 миллион долларгача кескин тушиб кетди. Гарчи бу баъзи таҳлилчилар кутганидек манфий кўрсаткичга тушмаган бўлса-да, барибир сезиларли пасайиш ҳисобланади.

«Meta»нинг ўзи ҳам юзага келиши мумкин бўлган молиявий қийинчиликлардан хавотирда.

«Барча ҳаракатларимизда якуний ижобий натижага эришилишига ҳеч қандай кафолат йўқ. Ҳар қандай суд даъвоси бўйича ҳимояланиш эса жуда катта харажат талаб этади ҳамда раҳбарият ва ходимлар зиммасига оғир юк бўлади», — дейилади компаниянинг Қимматли қоғозлар ва биржалар комиссиясига (SEC) тақдим этган ҳисоботида.

Суд «Meta»нинг асосий бизнес моделини йўқ қилишни талаб қилмоқда

Молиявий жарималар қанчалик оғир бўлмасин, «Instagram» ва «Facebook»ни реклама берувчилар учун жозибадор қиладиган асосий тизимни тубдан ўзгартириш бўйича қўйилаётган қонуний талаблар «Meta» учун бундан-да каттароқ муаммо туғдириши мумкин.

Суд даъвосида компаниядан ўз бизнес моделини ўзгартириш, хусусан, фойдаланувчиларга янги постларни тинимсиз кўриш имконини берувчи «чексиз варақлаш» функциясини бекор қилиш талаб этилмоқда. «Meta»нинг реклама бизнеси контентнинг фойдаланувчи экранида неча марта пайдо бўлишига, яъни кўришлар сонига бевосита боғлиқ. Фойдаланувчи иловада қанча кўп вақт ўтказса, шунча кўп реклама кўради.

«Бизнинг молиявий кўрсаткичларимиз, айниқса «Facebook» ва «Instagram» учун, реклама кўришларини таъминлайдиган фаол фойдаланувчиларни жалб қилиш, ушлаб қолиш ва уларнинг фаоллигини оширишдаги муваффақиятимиз билан сезиларли даражада белгиланади ва шундай бўлиб қолади», — дейилади компания ҳисоботида.

«Фойдаланувчилар сонининг ўсиши ва уларнинг фаоллигига бошқа қатор омиллар ҳам таъсир кўрсатади. Хусусан, «TikTok» каби рақобатчи лойиҳалар ҳамда хизматлар айрим фойдаланувчиларнинг бизнинг маҳсулотларимизга бўлган қизиқишини сусайтирди», — дея қўшимча қилинади ҳужжатда.

Маълумот ўрнида, 2025 йилда «Meta» тизимида реклама кўришлари 2024 йилга нисбатан 12 фоизга кўпайган, битта рекламанинг ўртача нархи эса 9 фоизга ошган.

Даъвогар штатлар компаниядан бошқа турдаги ўзгаришларни ҳам, жумладан, вояга етмаганлардан йиғилган маълумотлар асосида яратилган алгоритмлар ва сунъий интеллект моделларидан воз кечишни талаб қилмоқда. Шунингдек, штатлар энг ёш истеъмолчилар учун тармоқдан фойдаланишда вақт чекловларини ўрнатишни сўрамоқда.

Бунга жавобан, «Meta» ўз платформаларида ўсмирларга тармоқда қанча вақт сарфлаётганини эслатиб турувчи функцияларни жорий қилди:

2023 йил январ ойида ўсмирларга «Instagram» ва «Facebook»да кўрсатиладиган реклама турларини бошқариш имкони берилди.

2023 йил июн ойида эса ўсмир фойдаланувчилар платформада 20 дақиқадан кўпроқ вақт ўтказганини билдирувчи ҳамда кунлик вақт чекловини белгилаш имконини берувчи функция ишга туширилди.

«Биз ўсмирлар учун кучли ҳимоя тизимларини яратиш борасидаги ишларимизда содиқ қоламиз ва ўз позициямизни судда ҳимоя қилишни интиқлик билан кутяпмиз», — деди «Meta» матбуот котиби Стефани Отвей «Al Jazeera» телеканалига.

Бироқ даъво аризасида бу чоралар етарли эмаслиги, ўсмирлар шунчаки билдиришномани ёпиб қўйиб, лентани варақлашда давом этиши мумкинлиги таъкидланган.

Теглар

Мавзуга оид