Logo

Ижтимоий тармоқларга қарамлик: «Meta» ва «TikTok» минглаб даъволар бўйича жавоб беради

Бугун 21:501 дақиқа

АҚШ суди «Meta», «TikTok», «Snapchat» ва «Google» платформалари ёшларда қарамликни келтириб чиқарадиган тарзда ишлаб чиқилгани ҳақидаги минглаб даъволарни кўриб чиқишни давом эттиришга рухсат берди.

Ижтимоий тармоқларга қарамлик: «Meta» ва «TikTok» минглаб даъволар бўйича жавоб беради

АҚШнинг 9-округ апелляция суди «Meta» ва «TikTok» компанияларининг қуйи суд қарорини бекор қилиш ҳақидаги апелляцияларини рад этди. Суд компаниялар томонидан берилган апелляцияни муддатидан олдин берилган, деб топди. Бу ҳақда «Reuters» хабар берди.

Гап «Meta Platforms», «Alphabet» таркибидаги «Google», «ByteDance»га тегишли «TikTok» ва «Snap Inc.»нинг «Snapchat» платформаларига қарши берилган 3 мингдан ортиқ даъво ҳақида кетмоқда.

Унда компаниялар ўз маҳсулот ва платформаларини ёш фойдаланувчиларда қарамликни юзага келтирадиган тарзда ишлаб чиққан, деган даъволар илгари сурилган.

Компаниялар нима деяпти?

«Meta» ва «TikTok» АҚШнинг 1996 йилда қабул қилинган Коммуникациялар тўғрисидаги қонунининг 230-моддасига таянган. Ушбу норма, асосан, интернет компанияларини фойдаланувчилар томонидан платформаларга жойлаштирилган контент учун жавобгарликдан ҳимоя қилади.

Компаниялар мазкур модда платформаларнинг қарамлик хусусияти ҳақида жамоатчиликни огоҳлантирмагани тўғрисидаги даъволарга ҳам татбиқ этилиши кераклигини таъкидлаган.

Бироқ 9-округ апелляция суди бу важларни қабул қилмади.

Суд қандай қарор чиқарди?

Суднинг қайд этишича, 230-модда компанияларни жавобгарликдан ҳимоя қилади, аммо уларга нисбатан суд даъволари киритилишидан «иммунитет» бермайди.

Шу сабабли компанияларнинг апелляцияси ҳозирча муддатидан олдин берилган, деб топилди. Натижада «Meta», «TikTok», «Snapchat» ва «Google»га қарши 3 мингдан ортиқ суд даъвоси бўйича жараён давом этиши мумкин.

Теглар

Мавзуга оид

Ижтимоий тармоқларга қарамлик: «Meta» ва «TikTok» минглаб даъволар бўйича жавоб беради | Vaqt.uz