add

Илон Маск Teslaʼдаги 140 млрд долларлик бонусини суд орқали қайтарди

Бугун 14:283252 дақиқа

Илон Маскка Teslaʼдаги рекорд компенсация пакети қайта тикланди ва бу корпоратив бошқарув ҳамда акциядорлар таъсири бўйича баҳсларни яна кучайтирди.

Илон Маск Teslaʼдаги  140 млрд долларлик бонусини суд орқали қайтарди

Илон Маск Teslaдаги энг баҳсли қарорлардан бири бўйича ҳуқуқий жангда навбатдаги бурилиш юз берди. Делавэр штати Олий суди компания раҳбарига 2018 йилда берилган акцияларга асосланган компенсация пакетини тиклаш ҳақида қарор чиқарди. Бугунги ҳисоб-китобларга кўра, ушбу пакет қиймати тахминан 140 млрд долларга тенг.

Суд қарорининг асосий моҳияти шундаки, аввалги инстанция — корпоратив низоларга ихтисослашган суд мукофотни бекор қилишда ҳаддан ташқари кескин позиция тутган. Олий суд хулосасига кўра, Tesla раҳбариятига ҳам, Маскнинг ўзига ҳам «адолатли компенсация» мезонларини тўлиқ асослаб бериш имкони берилмаган.

Маск учун бу қарор фақат пул масаласи эмас. У йиллар давомида Teslaда расман маош олмасдан ишлаб келганини таъкидлаб, компания қийматини кескин ошириш орқали акциядорлар манфаатини ҳимоя қилганини айтиб келади. Айнан шу мантиқ асосида у ўзини «натижа учун ҳақ олувчи раҳбар» сифатида кўради.

Компенсация пакети дастлаб 56 млрд долларга баҳоланган бўлса, Tesla акциялари ўсиши унинг ҳажмини бир неча баробар оширди. Бу ҳолат АҚШ корпоратив амалиётида раҳбарлар мукофоти қандай чегараланиши кераклиги ҳақидаги баҳсларни яна жонлантирди. Айрим инвесторлар бу қарорни инновация ва риск учун мукофот сифатида қабул қилса, бошқалар уни корпоратив бошқарувдаги номутаносиблик намунаси, деб ҳисобламоқда.

Муҳим жиҳати шундаки, ушбу иш Tesla’нинг Делавэрдан Техасга кўчиши, акциядорлар овоз бериши ва судлар ўртасидаги қарама-қарши қарорлар фонида кечди. Бу эса АҚШда корпоратив ҳуқуқ муҳити қай даражада сиёсий ва шахсий омилларга боғлиқ эканини яна бир бор кўрсатди.

Теглар

Мавзуга оид