Илон Маск «X Money» ишга туширилишини анонс қилди
«X Money» «X»ни ижтимоий тармоқ, молиявий сервислар ва бошқа рақамли воситаларни бирлаштирган универсал иловaга айлантириш стратегиясининг асосий элементи ҳисобланади.

Дунёдаги энг бой одам Илон Маск «X Money» тўлов сервисининг ташқи бета-версияси яқинда ишга туширилишини маълум қилди. Унинг сўзларига кўра, фойдаланувчилар учун чекланган тест синови бир-икки ой ичида бошланади. Бу ҳақда Маск xAI компанияси ходимлари учун ўтказилган тақдимот вақтида сўз очди.
Ишга тушириш ҳақида нима маълум?
«X Money» ҳозирда компания ичида ёпиқ бета-тест режимида ишламоқда. Кейинги босқичда чекланган ташқи бета-версия ишга туширилади, шундан сўнг сервисни бутун дунё бўйлаб «X» платформаси фойдаланувчилари учун босқичма-босқич очиш режалаштирилган.
«Биз келаси бир-икки ой ичида чекланган ташқи бета-тестни бошлаймиз, кейин эса уни бутун дунёдаги «X» фойдаланувчилари учун ишга туширамиз. Бу барча пуллар сақланадиган жойга, барча молиявий операцияларнинг марказий манбаига айланиши керак. Бу ҳақиқатан ҳам инқилобий бўлади», – деди Маск.
Унинг таъкидлашича, «X Money» «X»ни ижтимоий тармоқ, молиявий сервислар ва бошқа рақамли воситаларни бирлаштирган универсал «ҳамма нарса учун иловa»га айлантириш стратегиясининг асосий элементи ҳисобланади. Маскнинг айтишича, «X»нинг ўртача ойлик аудиторияси тахминан 600 миллион фойдаланувчини ташкил қилади, иловaнинг умумий ўрнатилишлар сони эса 1 миллиарддан ошган.
Шунингдек, у компания йиллик доимий даромади (ARR) 1 миллиард доллардан ошганини ҳам маълум қилди.
Бундан ташқари, яқин ойларда алоҳида «X Chat» иловасини ишга тушириш режалаштирилган. Янги маҳсулот фойдаланувчиларга асосий «X» иловасига кирмасдан хабар алмашиш, иш столига биргаликда уланиш ва кўп иштирокчили видеоқўнғироқларни қўллаб-қувватлаш имконини беради.





