Logo

«Ipoteka bank»дан «OFB»гача: 2026-йилда аҳоли қайси банкларга пулини камроқ ишонмоқда?

Бугун 15:373 дақиқа

Йил бошидан бери банкларда жисмоний шахсларнинг депозитлари 12,1 фоизга кўпайди. Шунга қарамай, 7 та банкда бу кўрсаткич камайди.

«Ipoteka bank»дан «OFB»гача: 2026-йилда аҳоли қайси банкларга пулини камроқ ишонмоқда? © yandexmaps

Ўзбекистонда йил бошидан бери 7 та банкда аҳоли депозитлари камайиб кетди. Бу ҳақда банк тизимининг 2026-йил I ярим йиллиги бўйича рақамларидан маълум бўлди.

Мамлакат банкларидаги аҳоли депозитлари 2026-йилнинг биринчи ярмида 19 трлн 365 млрд сўмга ёки 12,1 фоизга ошди. Ўзбекистонликларнинг банклардаги маблағлари 1-январдаги 160,4 трлн сўмдан 1-июль ҳолатига 179,8 трлн сўмга етган.

Бироқ умумий ўсиш барча банкларда бир хил кузатилмади. Vaqt.uz ҳисоб-китобларига кўра, фаолият юритаётган 7 банкда аҳоли депозитлари камайган. Ушбу банклардаги умумий пасайиш 1 трлн 513 млрд сўмни ташкил қилган.

Энг катта қисқариш «Ipotekabank»да қайд этилди. Банкдаги аҳоли маблағлари ярим йил ичида 687 млрд сўмга ёки 11,6 фоизга камайиб, 5,3 трлн сўмга тушиб кетди.

Шунга қарамай, банкнинг жами депозитлари 1 трлн сўмга ошган. Бунга юридик шахслар маблағларининг 1,7 трлн сўмга кўпайиши сабаб бўлган. Натижада аҳоли депозитларидаги пасайиш корпоратив маблағлар ҳисобига тўлиқ қопланган.

Нисбий ҳисобда энг кескин пасайиш «Tenge bank»да кузатилди. Банкдаги аҳоли депозитлари 1 трлн 149 млрд сўмдан 568 млрд сўмга тушди. Бу ярим йил ичида 581 млрд сўмлик ёки 50,6 фоизлик қисқариш дегани.

Бироқ «Tenge bank»нинг умумий депозитлари аксинча, 57 фоизга ошган. Бунга юридик шахслар маблағлари 1,3 трлн сўмдан 3,3 трлн сўмга етиб, қарийб 2 трлн сўмга кўпайгани сабаб бўлди.

Шунга ўхшаш ҳолат «Ziraat Bank» ва «Open bank»да ҳам кузатилди. «Ziraat Bank»да аҳоли депозитлари 13,8 фоизга камайган бўлса-да, жами депозитлар 28,2 фоизга ошган.

tg_image_512943420


«Open bank»да эса аҳоли маблағлари учдан бирга қисқарган, аммо паст база ва бизнес депозитлари ўсиши ҳисобига жами кўрсаткич 2,5 баробарга кўпайган.

«Aloqabank»даги 3 млрд сўмлик пасайиш эса банкдаги 6,3 трлн сўмлик аҳоли депозитларига нисбатан деярли сезилмайди.

«Orient Finance bank» ва «KDB Bank»да вазият бошқача. Бу банкларда ҳам аҳоли, ҳам бизнес депозитлари камайган. Натижада «OFB»нинг жами депозитлари 850 млрд сўмга, «KDB Bank»нинг депозитлари эса 591 млрд сўмга қисқарган.

Умуман, аҳоли депозитлари камайган 7 та фаол банкда жисмоний шахслар маблағлари 1,5 трлн сўмга қисқарган. Бироқ уларнинг корпоратив депозитлари жами 4,5 трлн сўмга кўпайгани сабабли умумий депозитлар қарийб 3 трлн сўмга ошган.

Бу айрим банкларнинг депозит базаси аҳоли маблағларидан бизнес маблағлари томон силжиганини кўрсатади. Аммо пасайишнинг аниқ сабабини мазкур маълумотлардан аниқлаб бўлмайди.

Марказий банк маълумотларида депозитларнинг муддати, фоиз ставкаси ва валюта таркиби очиқланмаган. Бунда фақат икки санадаги қолдиқлар таққосланган.

Аҳоли депозитларига нималар киради?

Марказий банкнинг «жисмоний шахслар депозитлари» кўрсаткичи фақат фоизли муддатли омонатларни англатмайди.

Унинг таркибига муддатли ва жамғарма омонатлари, талаб қилиб олингунча ҳисобварақлар, жисмоний шахсларнинг банк карталарига очилган ҳисобварақларидаги қолдиқлар киради.

Яъни, бу кўрсаткич банк карталари ва бошқа талаб қилиб олингунча ҳисобварақлардаги маблағларни ҳам қамраб олади. Шу сабабли пасайишни аҳоли омонатларини банкдан олиб чиқиб кетмоқда дея талқин қилиш тўғри бўлмайди.

Теглар

Мавзуга оид