Ишдаги бахтсиз ҳодисалар: уч ойда 62 киши иш жойида ҳалок бўлди

Бугун 09:342 дақиқа

2026-йилнинг биринчи чорагида Ўзбекистонда иш жойлари билан боғлиқ 198 та бахтсиз ҳодиса қайд этилди, уларнинг 62 таси ўлим билан якунланган.

Ишдаги бахтсиз ҳодисалар: уч ойда 62 киши иш жойида ҳалок бўлди

2026-йилнинг биринчи чорагида Ўзбекистонда меҳнат фаолияти билан боғлиқ жами 198 та бахтсиз ҳодиса содир бўлди. Бу ҳақда Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги маълум қилди.

Расмий маълумотларга кўра, ушбу ҳодисаларнинг 9 таси гуруҳий, 139 таси оғир оқибатли ва 49 таси ўлим билан тугаган. Бахтсиз ҳодисалар натижасида жами 223 нафар фуқаро жабрланган бўлиб, улардан 146 нафари оғир тан жароҳати олган, 15 нафари енгил жароҳатланган, 62 нафари эса ҳалок бўлган.

Энг кўп бахтсиз ходиса юз берган соҳалар

Таҳлилларга кўра, бахтсиз ҳодисалар энг кўп саноат ва қурилиш соҳаларида қайд этилган. Хусусан, саноат тармоғида 71 та, қурилишда 54 та ҳолат кузатилган. Қишлоқ ва сув хўжалигида 9 та, транспорт соҳасида 8 та, савдо ва хизмат кўрсатишда 8 та ҳолат рўй берган. Шунингдек, таълим соҳасида 6 та, соғлиқни сақлаш тизимида 4 та бахтсиз ҳодиса қайд этилган.

Ҳудудлар кесимида 

Ҳудудлар кесимида энг юқори кўрсаткич Тошкент шаҳрига тўғри келади — бу ерда 44 та ҳолат рўй берган. Кейинги ўринларда Сурхондарё вилояти (36 та), Тошкент вилояти (29 та), Навоий (18 та), Бухоро (16 та) ва Андижон (15 та) турибди. Самарқанд ва Сирдарё вилоятларида 13 тадан ҳолат қайд этилган.

Шунингдек, Қорақалпоғистонда 10 та, Фарғона ва Қашқадарёда 10 тадан, Наманганда 7 та, Хоразм ва Жиззахда 5 тадан бахтсиз ҳодиса рўй берган. Вазирлик меҳнат хавфсизлиги ҳар бир иш жойида устувор аҳамиятга эга бўлиши шартлигини таъкидлади.

Эслатиб ўтамиз, 2025 йилда Ўзбекистонда меҳнат фаолияти билан боғлиқ бахтсиз ҳодисалар оқибатида 248 киши ҳалок бўлган. Давлат меҳнат инспекцияси маълумотларига кўра, ўтган йилда жами 849 та шундай ҳолат текширилиб, расман ҳисобга олинган.

Теглар

Мавзуга оид