add

Ишлаб чиқарилганига 15 йил бўлган автомобилларга таксичилик қилиш чекланиши мумкин

Кеча 21:102 дақиқа

Янги қонун лойиҳасига кўра, республика шаҳарларида эски автомобилларда йўловчи ташиш амалиёти босқичма-босқич чекланиши мумкин.

Ишлаб чиқарилганига 15 йил бўлган автомобилларга таксичилик қилиш чекланиши мумкин

Ўзбекистон шаҳарларида йўналишсиз такси сифатида фаолият юритаётган автомобилларнинг эксплуатация муддатини 15 йил билан чеклаш режалаштирилмоқда. Бу таклиф Адлия вазирлиги томонидан жамоатчилик муҳокамасига қўйилган «Транспорт тўғрисида»ги қонун лойиҳасида назарда тутилган.

Қонун лойиҳасига кўра, шаҳарларда йўловчи ташиш билан шуғулланувчи йўналишсиз таксилар техник ҳолати ва жиҳозлари йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш бўйича амалдаги қонунчилик талабларига мос бўлиши шарт.

Хусусан, шаҳар шароитида фойдаланилаётган автомобилларнинг эксплуатация муддати 15 йилдан ошмаслиги белгиланмоқда.

Ҳужжатда мазкур чеклов йўловчилар хавфсизлигини ошириш, техник носоз транспорт воситаларидан фойдаланишни қисқартириш ҳамда шаҳар транспорт хизматлари сифатини яхшилашга қаратилгани таъкидланган.

Шу билан бирга, йўналишсиз таксилarda мажбурий суғурта мавжуд бўлиши, электрон тўлов тизимлари орқали ҳақ қабул қилиш имконияти яратилиши ва таксометр функцияларини бажарадиган махсус иловалардан фойдаланиш талаб этилади.

Қонун лойиҳаси жамоатчилик муҳокамаси босқичида бўлиб, у қабул қилинган тақдирда шаҳарларда эски автомобилларда йўловчи ташиш амалиёти босқичма-босқич чекланиши мумкин. Бу орқали такси хизматлари бозорини тартибга солиш ва хавфсизлик даражасини ошириш кўзда тутилмоқда.

Лойиҳада, шунингдек, шаҳар йўловчи транспортида йўналишларни ташкил этиш ва ёпиш тартиби ҳам аниқ белгилаб қўйилган. Янги йўналишлар очиш, мавжудларини ўзгартириш ёки ёпиш махсус ваколатли давлат органи томонидан маҳаллий ҳокимиятлар билан келишилган ҳолда амалга оширилади.

Бундан ташқари, шаҳар йўловчи транспортида йўналишларни бириктириш электрон ахборот тизими орқали очиқ тендерлар асосида ўтказилиши белгиланмоқда. Тендерларни ташкил этиш ва ўтказиш тартиби Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланади.

Теглар

Мавзуга оид