
Исломбек Исмоилов Ўзбекистон U17 билан хайрлашди
Ўзбекистон U17 термаси бош мураббийи Исломбек Исмоилов жаҳон чемпионатидаги мағлубиятдан кейин жамоа билан 3 йиллик фаолиятини расман якунлаганини эълон қилди.

Ўзбекистон U17 терма жамоаси бош мураббийи Исломбек Исмоилов Қатардаги Жаҳон чемпионати 1/8 финалида Италияга 2:3 ҳисобидаги мағлубиятдан сўнг тўғридан-тўғри мухлисларга мурожаат қилиб, жамоа билан йўли расман тугаганини билдирди. Бу ҳақда у ўзининг Facebook'даги саҳифасида ёзиб қолдирди.
«Бугун биз Жаҳон чемпионатидаги иштирокимизни якунладик. Шу билан бирга, 3 йил давомида юрагим билан хизмат қилган U17 терма жамоамизнинг ҳам фаолияти ниҳоясига етди. Бу йўл мен учун шунчаки иш эмас эди — бу шараф, масъулият ва Аллоҳ берган синов бўлди. Уч йил давомида биз бу жамоа билан машаққатли машғулотлар, қувончли ғалабалар, оғир мағлубиятлар билан ёнма-ён бордик. Яхши кунларда ҳам, ёмон кунларда ҳам бирга эдик», деб ёзди мураббий.
Исмоилов шу йил апрель ойида U17 термаси билан қўлга киритилган Осиё чемпионлигини алоҳида тилга олди. Унинг фикрича, ушбу ғалаба авлод жасорати ва меҳнати самараси бўлиб, Ўзбекистон футболи тарихида муҳим из қолдирган.
«Осиё чемпионлиги — бу авлоднинг матонати ва меҳнати. 2025 йилда Осиё чемпиони бўлиш — бу болаларимизнинг жасорати, меҳнати ва интилиши. Бу натижа Ўзбекистон футболи тарихига олтин ҳарфлар билан ёзилиб бўлди. Ҳеч қачон унутмайман: ҳар бир машғулотда, ҳар бир турнирда биз Ўзбекистон байроғининг шаънини ҳимоя қилдик. Ҳар бир ўйин олдидан битта фикр бўларди: Бу Ватан учун жон фидо», - деб ёзди у.
Мураббий ўз фаолияти давомида бир принципга содиқ қолганини билдирди: адолат ва ҳалоллик. У терма жамоага танлов фақат меҳнат, характер ва муносиблик асосида амалга оширилганини, ҳеч қандай клуб ёки таниш-билишчилик таъсир ўтказмаганини қайд этди.
«Ҳеч кимнинг исмини, клубини ёки таниш-билишчилигини эмас, фақат меҳнатини, характерини, муносиблигини танладим. Терма жамоага чақирилган ҳар бир футболчи бунга ҳақли эди. Шу қарорларим учун бугун ҳам, эртага ҳам бошим баланд», деб ёзди мураббий. Исломбек Исмоилов сўзининг якунида ўзини қўллаб-қувватлаган мухлисларга, ЎФА раҳбариятига, ёрдамчиларига, футболчиларга миннатдорлик билдирди. «Бу якун — бир эшикнинг ёпилиши эмас. Бу янги босқичнинг бошланиши. Бугун менинг йўлим бу жамоа билан тугади», деб ёзди мураббий.





