Logo

Исроил америкалик амалдорларнинг телефон суҳбатларини тинглаган – NYT

Бугун 16:352 дақиқа

АҚШ разведка ҳисоботларида Исроилнинг америкалик юқори мансабдорларни кузатиш эҳтимоли қайд этилди. Хабарларга кўра, эҳтимолий кузатув объектлари орасида Трампнинг махсус вакили Стив Уиткофф ҳам бор.

Исроил америкалик амалдорларнинг телефон суҳбатларини тинглаган – NYT © Getty Images

Исроил АҚШ президенти Доналд Трампнинг махсус вакили Стив Уиткофф ҳамда Пентагоннинг сиёсат масалалари бўйича раҳбар ўринбосари Элбриж Колбининг телефон мулоқотларини тинглаган бўлиши мумкин. Бу ҳақда «The New York Times» нашри хабар берди.

Кузатув объектлари


Американинг разведка ҳисоботига кўра, Исроил махсус хизматлари АҚШнинг юқори лавозимли амалдорларини, жумладан, президентнинг махсус вакили Стив Уиткоффни кузатиш ва тинглашни йўлга қўйган бўлиши мумкин.
Ҳисоботда айтилишича, Стив Уиткоффдан ташқари, Пентагоннинг юқори сиёсий амалдори Элбридж Колби ва унинг асосий ўринбосарларидан бири Майкл Димино ҳам эҳтимолий кузатув объекти бўлган.

Таҳдид кўпайган


NYT ёзишича, Пентагон разведка бошқармаси ва ҳарбий разведка томонидан тайёрланган бошқа бир ҳисоботда Исроилдан келаётган қарширазведка таҳдиди даражаси «юқори»дан «танқидий» даражагача оширилган. Қарширазведка ва хавфсизлик агентлиги иштирокида тайёрланган ушбу ҳужжатда Исроилнинг АҚШ ҳарбийлари ва давлат амалдорларини кузатишга қаратилган ҳаракатлари келтирилган.


Нашр суҳбатдошининг таъкидлашича, Доналд Трампнинг иккинчи президентлик муддати давомида Исроил разведкасининг АҚШнинг юқори лавозимли амалдорларига оид маълумот тўплаш фаоллиги «меъёрдан ташқари» бўлган.

Чоралар ва Исроилдан жавоб


Мақолада қайд этилишича, АҚШ ходимлари, айниқса Исроилга сафар вақтида, мобил телефонлар ва бошқа электрон қурилмаларни ҳимоя қилиш учун бир қатор хавфсизлик протоколларидан фойдаланади. Бироқ улар бу чора-тадбирларнинг тафсилотларини очиқламаган.


Шу билан бирга, Исроилнинг Вашингтондаги элчихонасига таяниб хабар берган N12 портали мазкур иддаоларни рад этди. Дипломатик ваколатхона баёнотида: «Исроилнинг разведка йиғиш фаолияти унинг душманларига қарши қаратилган бўлиб, иттифоқчиларига қарши эмас», дейилган.

Теглар

Мавзуга оид