Истанбулда ўлдирилган дугоналар: Бош консуллик расмий баёнот берди

13.02.2026 | 12:252 дақиқа

Ўзбекистоннинг Истанбулдаги Бош консуллиги Сайёра Эргашалиеванинг вафоти бўйича расмий муносабат билдирди. Тергов назоратга олингани маълум қилинмоқда.

Истанбулда ўлдирилган дугоналар: Бош консуллик расмий баёнот берди

Истанбул шаҳрида юз берган қотилликлар юзасидан Ўзбекистон Республикасининг Бош консуллиги расмий баёнот берди. Туркия ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларидан олинган дастлабки маълумотларга кўра, 1994 йил Наманган вилоятида туғилган Сайёра Эргашалиеванинг вафот этгани аниқланган.

Маълум қилинишича, Сайёра Эргашалиева аввал вафот этган Дурдона Ҳокимованинг яқин дугонаси бўлган. Тергов жараёнида гумонланувчилар Эргашалиевага оид кўрсатма беришдан бош тортгани қайд этилган.

Дастлабки маълумотларга кўра, 22 январ куни марҳумалар ва гумонланувчилар Истанбулнинг Фотиҳ туманидаги ресторанда учрашган. Учрашув давомида Сайёра Баҳромжон қизи Эргашалиева ва Ғофуржон Акмалхонович Камолхўжаев ўртасида келишмовчилик келиб чиққан. Можаро унинг Ўзбекистонга қайтиш нияти билан боғлиқ бўлгани тахмин қилинмоқда.

 

Тергов версияси

23 январ куни Дилшод Турдимуродов ва Ғофуржон Камолхўжаев ўзаро тил бириктириб, Истанбулнинг Умрания туманида жойлашган квартирада Сайёра Эргашалиевага пичоқ билан ҳужум қилгани ва жасадни бир нечта қисмга бўлиб, Фотиҳ туманидаги бир нечта чиқинди қутисига ташлагани билдирилмоқда.

24 январ куни гумонланувчилар Сайёра Эргашалиеванинг телефони орқали унинг яқин дугонаси Дурдона Ҳокимовага хабар юбориб, уни ҳам чақиргани, кейин эса худди шу усулда ўлдириб, жасадни Шишли туманидаги чиқинди қутиларига ташлагани айтилган.

Айрим оммавий ахборот воситаларида С.Эргашалиеванинг жасади топилгани ҳақида маълумот тарқалган. Бироқ Истанбул суд-тиббий экспертизасига ҳозирча жасад олиб келинмагани маълум қилинди.

 

Консуллик баёноти

Ўзбекистоннинг Истанбулдаги Бош консуллиги мазкур ҳолатни доимий назоратга олгани ва Туркия ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари билан яқин ҳамкорликда иш олиб бораётганини билдирди.

Тергов ҳаракатлари давом этмоқда. Гумонланувчиларга нисбатан қамоқ эҳтиёт чораси қўлланилгани, улар айбини тан олгани ва ҳужжатлар судга тақдим этилгани қайд этилди.

Консуллик марҳумаларнинг оила аъзолари ва яқинларига чуқур ҳамдардлик билдирди ҳамда қўшимча маълумотлар аниқлаштирилиши билан жамоатчилик хабардор қилиниши маълум қилинди.

Аввалроқ Истанбулнинг Шишли туманида топилган аёл жасади ортидан тергов янада кенгайди: қамоқа олинган гумондор яна бир ўзбекистонлик аёлни  ўлдириб, бўлаклаганини тан олгани ҳақида хабар берган эдик.

Теглар

Мавзуга оид