Logo

Жаҳон чемпионати олдидан букмекерлик хизматларини реклама қилувчилар огоҳлантирилди

Бугун 11:252 дақиқа

Футбол бўйича 2026-йилги жаҳон чемпионати арафасида интернет ва ижтимоий тармоқларда букмекерлик хизматлари рекламаси кўпаймоқда. Рақобат қўмитаси бундай материаллар қонунчиликка зид эканини эслатди.

Жаҳон чемпионати олдидан букмекерлик хизматларини реклама қилувчилар огоҳлантирилди © Getty images

Ўзбекистонда букмекерлик хизматлари, қимор ўйинлари ва таваккалчиликка асосланган бошқа ўйинларни реклама қилиш тақиқланган. Рақобат қўмитаси футбол бўйича 2026 йилги жаҳон чемпионати бошланиши олдидан интернет маконида бундай мазмундаги материаллар тарқалиши фаоллашаётгани ҳақида огоҳлантирди.

Қўмита маълумотига кўра, ижтимоий тармоқлар, интернет сайтлари ҳамда Telegram канал ва гуруҳларида спорт мусобақалари натижаларига пул тикиш, қисқа вақтда даромад олиш ёки катта ютуққа эришиш ҳақидаги ваъдалар орқали фуқароларни букмекерлик платформаларига жалб қилиш ҳолатлари кузатилмоқда.

Айрим шахслар спортга бўлган юқори қизиқишдан фойдаланиб, аҳолини таваккалчиликка асосланган ўйинларда иштирок этишга ундайдиган реклама ва ахборот материалларини тарқатаётгани таъкидланди.

Қонун талаблари

“Реклама тўғрисида”ги қонуннинг 46-моддасига мувофиқ, қимор ўйинлари ва таваккалчиликка асосланган бошқа ўйинларни, жумладан интернет ва телекоммуникация тармоқлари орқали ташкил этиладиган турларини реклама қилиш тақиқланган.

Шунингдек, букмекерлик хизматлари ва қимор ўйинларини тарғиб қилиш, уларнинг рекламасини тайёрлаш, жойлаштириш, тарқатиш ёки оммалаштириш қонунчиликда белгиланган тартибда жавобгарликка сабаб бўлиши мумкин.

Қўмита кузатувлари

Рақобат қўмитаси ўрганишларига кўра, айрим реклама тарқатувчилар аноним аккаунтлар, сохта тахаллуслар ва хорижий электрон платформалардан фойдаланиш орқали ўз шахсини яширишга ҳаракат қилмоқда. Бироқ бундай усуллар уларни қонунчилик талабларидан озод этмайди.

Маълум қилинишича, интернет тармоғи ва ижтимоий медиа платформаларидаги реклама материаллари мунтазам мониторинг қилинмоқда. Аниқланган қонунбузилиш ҳолатлари бўйича тегишли маълумотлар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга, жумладан Ички ишлар вазирлигининг Киберхавфсизлик бўлинмаларига юборилади.

Қўмита фуқароларни шубҳали букмекерлик рекламаларига ишонмасликка, уларни тарқатмасликка ва бундай ҳолатлар ҳақида ваколатли органларга хабар беришга чақирди.

Теглар

Мавзуга оид