Logo

Жаҳон нефт ва озиқ-овқат нархлари ҳозирча Ўзбекистонга таъсир қилмади — Марказий банк

Бугун 16:312 дақиқа

Марказий банк ташқи бозорлардаги ўзгаришларнинг Ўзбекистон иқтисодиёти ва инфляциясига билвосита таъсирини баҳоламоқда. Регулятор инфляциянинг пасайиши давом этадиган ҳолатга ҳам, нархлар ошиши хавфи кучаядиган вазиятга ҳам тайёр эканини билдирди.

Жаҳон нефт ва озиқ-овқат нархлари ҳозирча Ўзбекистонга таъсир қилмади — Марказий банк

Жаҳон бозоридаги нефт ва озиқ-овқат нархларининг ўсиши ҳозирча Ўзбекистон иқтисодиётига таъсир кўрсатмаган. Бу ҳақда Марказий банк раиси Тимур Ишметов Silk Road Finance & Technology Форумида маълум қилди, дея хабар бермоқда Vaqt.uz мухбири.

Ишметовга кўра, ҳозирги давр юқори ноаниқлик ва ташқи таъсирлар кўплиги билан ажралиб турибди. Бундай шароитда Марказий банк турли хавфларга тайёр туриши керак.

«Биз барқарорликка эътибор қаратишимиз керак. Шу сабабли молия бозори нуқтаи назаридан захираларни шакллантирамиз ва молиявий барқарорликни оширишга эътибор берамиз», — деди Марказий банк раиси Silk Road Finance & Technology Форумида.

Жаҳон бозоридаги нархлар инфляцияга таъсир қилиши мумкин

Ишметовнинг таъкидлашича, жаҳон бозоридаги ҳозирги вазият вақт ўтиши билан Ўзбекистон ички бозоридаги нархларга ҳам ўз таъсирини кўрсатиши мумкин.

«Бу ҳали Ўзбекистонга бевосита таъсир кўрсатмади, бироқ иккиламчи таъсирлар юзага келиши ва бизга таъсир қилиши мумкинми-йўқми, буни диққат билан кузатиб боряпмиз», — деди Ишметов.

Унинг таъкидлашича, Марказий банк инфляциянинг пасайишда давом этишига ҳам, ташқи омиллар сабаб нархлар ошиши хавфи кучайишига ҳам тайёр бўлиши керак.

«Биз ҳар икки йўналишда ҳам ҳаракат қилишга тайёр бўлишимиз керак», — деди Марказий банк раиси.

Ишметов Марказий банк ўзининг асосий вазифаси — нархлар барқарорлигини таъминлаш бўйича ишларни давом эттиришини таъкидлади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Vaqt.uz Марказий банк банк тизимидаги кредитлаш ва долларизация билан боғлиқ хавфларни камайтириш чораларини кўраётгани ҳақида хабар берган эди. Хусусан, хорижий валютадаги кредитлар улуши 50 фоиздан қарийб 37 фоизгача туширилган.

Теглар

Мавзуга оид