Жавоҳир Синдаров дунёнинг иккинчи рақамли шахматчисини мағлуб этди
Беш турдан сўнг 5 имкониятдан 4,5 очко жамғарган Синдаров Номзодлар турнири тарихида бундай натижа қайд этган илк шахматчи бўлди.
© Foto: FIDEЎзбекистонлик гроссмейстер Жавоҳир Синдаров Кипрда ўтаётган Номзодлар турнирининг 5-турида дунёнинг иккинчи рақамли шахматчиси Ҳикару Накамурани мағлуб этди. Ушбу ғалаба эвазига Синдаров турнир жадвалида 4,5 очко билан якка пешқадамликни мустаҳкамлади ва жаҳон рейтингининг кучли бешлигига кирди.
Накамура билан баҳс
Қора доналарда ўйнаган Жавоҳир Синдаров дебютдаёқ ташаббусни ўз қўлига олди. Америкалик тажрибали гроссмейстер Ҳикару Накамура 13-юришда (h4) тўғри йўл топиш учун 1 соатдан ортиқ вақт сарфлади, бироқ бу унга ёрдам бермади. Синдаров аввалги турда Фабиано Каруанани енггани каби, бу сафар ҳам рақибига ҳеч қандай имконият қолдирмади ва партия охиригача босимни сақлаб қолди.
Номзодлар турнири тарихидаги энг яхши старт
Беш турдан сўнг 5 имкониятдан 4,5 очко жамғарган Синдаров Номзодлар турнири тарихида бундай натижа қайд этган илк шахматчи бўлди. У мусобақа давомида кетма-кет Андрей Есипенко, Рамешбабу Прагнанандҳа, Фабиано Каруана ва Ҳикару Накамура каби грандларни таслим этди. Фақатгина иккинчи турда Маттиас Блубаум билан дуранг қайд этилган.
Икки ўзбекистонлик дунёнинг энг кучли бешлигида
Ушбу ғалаба Жавоҳир Синдаровни дунё шахматчиларининг жорий (реал вақтдаги) рейтингида 5-ўринга олиб чиқди. Бу шуни англатадики, Синдаров расмий рўйхат чиқишини кутмасдан, қўлга киритилган очколари эвазига амалда дунёнинг бешинчи рақамли шахматчисига айланди.
Эътиборлиси, ушбу жадвалнинг 4-поғонасини яна бир ўзбекистонлик гроссмейстер Нодирбек Абдусатторов эгаллаб турибди. Шу тариқа, айни дақиқаларда сайёрамизнинг энг кучли беш нафар шахматчисидан икки нафари Ўзбекистон вакилларидир.
Соврин жамғармаси
2026 йилги Номзодлар турнири 15 апрелга қадар давом этади. 14 турдан иборат мусобақа ғолиби 500 минг евро миқдоридаги совринни қўлга киритишдан ташқари, жаҳон чемпиони Доммараджу Гукеш билан шахмат тожи учун баҳс юритиш ҳуқуқига эга бўлади.
4 апрел куни бўлиб ўтадиган 6-турда Жавоҳир Синдаров қора доналарда хитойлик Вэй Ига қарши дона суради.

