Logo

ЖЧ-2026 олтинчи кунида тарихий рекорд ўрнатилди

Кеча 21:201 дақиқа

Аргентина, Франция ва Норвегия иштирокидаги баҳслар ўтказилган кун Жаҳон чемпионати тарихидан алоҳида ўрин олди.

ЖЧ-2026 олтинчи кунида тарихий рекорд ўрнатилди

Халқаро футбол федерацияси 16 июн куни Жаҳон чемпионати ўйинларига ташриф буюрган мухлислар сони бўйича янги рекорд ўрнатилганини маълум қилди.

Федерацияга кўра, шу куни турнир учрашувларини жами 281 минг нафар томошабин стадионларда кузатган.

Рекорд олтинчи кунда янгиланди

Бу кўрсаткич Жаҳон чемпионатлари тарихида бир кун ичида қайд этилган энг юқори натижа ҳисобланади. Рекорд мусобақанинг олтинчи кунида, АҚШнинг бир нечта шаҳарларида гуруҳ босқичи учрашувлари ўтказилган пайтда ўрнатилди.

Жумладан, Канзас-Сити шаҳрида Аргентина Жазоирни 3:0 ҳисобида мағлуб этган бўлса, Фоксборода Норвегия Ироқ устидан 4:1 ҳисобида ғалаба қозонди.

Шунингдек, Ист-Рутерфордда Франция Сенегални 3:1 ҳисобида енгган. Канзас-Ситида ўтган яна бир баҳсда Австрия Иорданияни 3:1 ҳисобида мағлуб этди.

ФИФА рекорд даражадаги томошабинлар ташрифини футболнинг глобал жозибаси билан изоҳлади. Федерация мухлисларга турнирда яратаётган муҳит, ҳиссиёт ва қўллаб-қувватлов учун миннатдорлик билдирди.

Аввалроқ ташкилот мусобақанинг дастлабки беш куни — 11 июндан 15 июнгача бўлган даврда стадионларга келган томошабинлар сони 1 миллиондан ошганини маълум қилган эди.

Янги формат

Жорий Жаҳон чемпионати тарихда илк бор 48 та миллий терма жамоа иштирокида ўтказилмоқда. Турнир бир вақтнинг ўзида уч давлат — АҚШ, Канада ва Мексика ҳудудида ташкил этилган.

ФИФА янги формат мусобақага бўлган қизиқишни оширишини таъкидлаб келмоқда. Ҳозирча томошабинлар кўрсаткичлари бу прогнозларни тасдиқламоқда.

Теглар

Мавзуга оид