
ЖЧ-2026 қуръа ташлаш маросими: Ўзбекистон учун тарихий кеча
Бугун Вашингтонда 2026-йилги жаҳон чемпионати гуруҳ босқичи қуръаси ўтказилади. Ўзбекистон миллий жамоаси қайси гуруҳга тушиши барчага қизиқ. Қуръа ташлаш механизми ва турли тахминлар ҳақида мақола тайёрладик.

Ушбу маросим нафақат турнирнинг тарихда илк бор 48 та жамоа иштирокида ўтиши, балки Ўзбекистон миллий терма жамоасининг ўз тарихида биринчи бор мундиал финал босқичида иштирок этиши билан ҳам алоҳида аҳамият касб этмоқда.
Янги формат ва қуръа қандай ўтади?
2026 йилги мундиал АҚШ, Канада ва Мексика мезбонлигида ўтади. Жами 48 та жамоа 12 та гуруҳга бўлинади, ҳар бир гуруҳда 4 тадан жамоа бўлади. Гуруҳда 1- ва 2-ўринни эгаллаган миллий жамоалар, шунингдек, энг яхши кўрсаткичга эга бўлган 8 та 3-ўрин соҳиблари плей-оффнинг янги босқичи — 1/16 финалга йўл олади.
Қуръада 4 та саватча қўлланилади. Ҳар бир гуруҳга 1-, 2-, 3- ва 4-саватчадан биттадан жамоа тушади. Бир гуруҳда бир хил қитъа (конфедерация)дан фақат битта жамоа бўлиши мумкин (Европа бундан мустасно — УЕФА иштирокчилари кўп камида 4 та гуруҳда 2 тадан бўлади).
Мезбонлар Мексика, Канада ва АҚШ аллақачон ўз гуруҳларида рақамли биринчи поғонага жойлаштирилган: Мексика — А1, Канада — B1, АҚШ — D1.
Ўзбекистоннинг саватдаги ўрни ва бунинг аҳамияти
Биринчи саватчадан уч мезбон миллий жамоа ва ФИФАнинг сўнгги рейтингида энг юқори ўринни эгаллаган 9 миллий жамоа ўрин олган. Улар жаҳон чемпионатининг асосий фаворитларидир.
1-САВАТЧА: Канада, Мексика, АҚШ, Испания, Аргентина, Франция, Англия, Бразилия, Португалия, Нидерландия, Белгия, Германия
Иккинчи саватчадан рейтинг баллари бўйича кейинги 12 та миллий жамоа ўрин олган. Улар ҳам катта турнирларда ўзини кўрсатган жуда тажрибали терма жамолардир. ОФКдан фақат уч миллий жамоа бу саватчадан ўрин ололган. (Осиё терма жамоаларининг бирортаси Ўзбекистон билан бир гуруҳга тушмайди)
2-САВАТЧА: Хорватия, Марокаш, Колумбия, Уругвай, Швейцария, Япония, Сенегал, Эрон, Жанубий Корея, Эквадор, Австрия, Австралия.
Учинчи саватчадан яна 11 миллий жамоа қаторида Ўзбекистон миллий жамоаси ўрин олган. Гуруҳ босқичида Ўзбекистон бу терма жамоалар билан битта гуруҳга тушмайди
3-САВАТЧА: Норвегия, Панама, Миср, Жазоир, Шотландия, Парагвай, Тунис, Кот-д’Ивуар, Ўзбекистон, Қатар, Саудия Арабистони, Жанубий Африка Республикаси
Тўртинчи саватчадан ФИФА рейтинги энг паст 6 терма жамоа ва март ойида ўтадиган УЕФА плей-оффлари ва қитъалараро плей-оффлар ғолиблари ўрин олган. Плей-оффдан чиқадиган миллий жамоаларнинг ФИФА рейтингидаги ўрни эътиборга олинмаган. Чунки, масалан, УЕФА плей-оффлари орқали ЖЧ2026 га чиқиши мумкин бўлган барча миллий жамоаларнинг рейтинги Ўзбекистонникидан баланд.
4-САВАТЧА: Иордания, Кабо Верде, Гана, Кюрасао, Ҳаити, Янги Зеландия, УЕФА плей-офф А ғолиби (Босния ва Ҳерцеговина, Италия, Шимолий Ирландия ёки Уэлс), УЕФА плей-офф B ғолиби (Албания, Полша, Швеция ёки Украина), УЕФА плей-офф C ғолиби (Туркия, Руминия, Словакия ёки Косово), УЕФА плей-офф D ғолиби (Чехия, Дания, Шимолий Македония ёки Ирландия), FIFA плей-офф турнири ғолиби 1 (Конго ДР, Ямайка ёки Янги Каледония), FIFA плей-офф турнири ғолиби 2 (Боливия, Ироқ ёки Суринам)
Эҳтимолий «ўлим гуруҳи» ва нисбатан қулай вариантлар
Таҳлилчилар ва ОАВ экспертларининг тахминига кўра, биз учун энг қийин гуруҳлардан бири қуйидагича кўриниш олиши мумкин:
Бразилия, Хорватия, Ўзбекистон, Гана ёки УЕФАнинг А ё B плей-оффи ғолиби.
Бундай гуруҳ биз учун чинакам «ўлим гуруҳи» бўлиши аниқ ва бундай гуруҳда 3-ўринни эгаллаш ҳам катта натижа ҳисобланади.
Ўзбекистон учун қулай вариант сифатида қуйидагича шаклланадиган гуруҳ тилга олинмоқда:
Канада (мезбон, нисбатан ўрта даражали рақиб), Эквадор, Ўзбекистон, Янги Зеландия ёки Кабо-Верде
Албатта, жаҳон чемпионатида «осон рақиб»нинг ўзи бўлмайди, бироқ бундай гуруҳдан плей-оффга чиқиш эҳтимоли юқорироқ.
Ўзбекистон делегацияси ва мураббийлар штаби кайфияти
Қуръа маросимида Ўзбекистон делегацияси таркибида ЎФА раҳбарияти, бош мураббий Фабио Каннаваро, мураббийлар штаби ҳамда миллий футбол афсонаси Миржалол Қосимов ҳам иштирок этади. Бу ўзбек футболи авлодларидан авлодларга ўтиб келган орзунинг рамзий давоми каби қабул қилинмоқда.
ЎФА раҳбарияти таъкидлаганидек, асосий мақсад жамоада ортиқча босимсиз, стратегияли ва босқичма-босқич ривожланишни таъминлаш.
Ўзбекистоннинг мундиалга элтган узун йўл
Ўзбекистон 1994 йилда FIFA аъзоси бўлганидан буён 7 та саралаш циклида мундиалга жуда яқин келди. Бор-йўғи бир очко ёки биргина гол етишмаган ҳолатлар бўлган. 2026 йилда эса ички футбол тизимидаги ислоҳотлар, легионерлар фаолияти, миллий чемпионатнинг ўсиши, терма жамоанинг барқарор ўйини муваффақиятли натижага олиб келди ва Ўзбекистон ўз тарихида илк бор жаҳон чемпионатига тўғридан тўғри йўлланма олди. Тўғриси, бунда Мундиал иштирокчилари сони оширилгани ҳам муҳим рол ўйнади.
Шу йилнинг 6 июн куни Абу Даби шаҳрида БААга қарши 0:0 ҳисобидаги ўйин билан мундиалга йўлланма расман таъминланди. Кўп ўтмай жаҳон чемпиони Фабио Каннаваро бош мураббий этиб тайинланди.
Қуръа Ўзбекистон учун нима белгилаб беради?
Қуръа энг аввали қайси давлат, шаҳар ва стадионларда ўйнашимизни белгилаб беради. Бинрбарин логистика, иқлимга мослашиш, тактик тайёргарлик, футболчилар ротацияси, психологик тайёргарлик каби бир қатор муҳим масалалар юзасидан тайёргарлик бошланади.
Кучли рақиблар тушса, бу катта мактаб ва тажриба. Музонанатли гуруҳ тушса, плей-офф имконияти ошади.
Бугун ииллионлаб ўзбек футболи мухлисларнинг бераётган саволи битта: «Бизга кимлар тушар экан?» Айримлар Бразилия, Франция ёки Аргентина каби грандлар билан ўйнашимизни орзу қилаётган бўлса, бошқалар Мундиалдаги йўлимиз узунроқ бўлиши учун қулайроқ гуруҳ тушишини хоҳламоқда.
Барчасига бугун ўзимиз гувоҳ бўламиз. 5 декабр кечаси соат 21:00 дан бошлаб қуръа ташлаш маросими СпортТВ ва ЗўрТВ каналларида жонли олиб кўрсатилади.





