
Жиззах ва Самарқандда ноқонуний дори савдоси фош этилди
Жиззах шаҳридаги ҳолатда аёллар фитнес-клубида ташкил қилинган яширин цех аниқланган. Мазкур цехда турли хил дори воситалари қўлбола усулда қадоқланган, тақсимланган ва сотувга тайёрланган.

Давлат хавфсизлик хизмати ҳамда Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ходимлари томонидан Жиззах шаҳрида ўтказилган тезкор тадбирда 1993 йилда туғилган икки нафар фуқаро тегишли ҳужжатларсиз дори воситаларини пулга айирбошлаётганда ушланган. Улардан 400 дона «Misoprostol» таблеткаси, 139 дона капсула, икки дона бальзам ҳамда қадоқлаш учун мўлжалланган 26 дона қути ашёвий далил сифатида олинган. Бу ҳақда ДХХ ахборот хизмати хабар берди.
Текширув жараёнида Жиззахдаги аёллар фитнес-клубида қўлга олинганлар томонидан ташкил этилган яширин цех фаолияти ҳам фош этилди. Бу ерда қўлбола усулда дори воситаларини қадоқлаш ва сотувга тайёрлаш ишлари амалга оширилгани маълум бўлди. Тадбирда қадоқлаш ускунаси, 141 дона тайёр капсула, 1 040 дона сохта галограмма, 237 дона штрих-код, 1 014 бўш капсула ва турли қути ҳамда пакетлар топилди.
Шунингдек, ДХХ Самарқанд вилояти бошқармаси бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар билан ҳамкорликда ўтказган тадбирда 1998 йилда туғилган маҳаллий фуқаро — фармацевтика маҳсулотлари чакана савдоси билан шуғулланувчи МЧЖ менежери ҳам ушланди. У Қирғизистондан айланма йўллар орқали олиб келинган, таркибида психотроп моддалар мавжуд бўлган 9 800 дона дори воситасини шартли харидорга 25 миллион сўмга сотиш вақтида қўлга олинган.
Ҳозирда ҳар икки ҳолат юзасидан суриштирув ишлари олиб борилмоқда. Мутасаддилар аҳолини сифат сертификатисиз дори воситалари савдосидан узоқ туришга чақирмоқда. Улар инсон соғлиғига жиддий зарар етказиши, айрим ҳолларда ҳалокатли оқибатларга сабаб бўлиши мумкинлигини эслатди.





