Logo

«Келгуси икки ҳафтада Ўзбекистоннинг ЖСТга аъзо бўлиши бўйича ҳужжатлар топширилади», – Жеймисон Грир

АҚШ савдо вакили Ўзбекистонни ЖСТга аъзо бўлиш учун кучли номзод деб билишини ва бу жараённинг барча босқичларида кўмак кўрсатишга тайёрлигини айтиб ўтди.

«Келгуси икки ҳафтада Ўзбекистоннинг ЖСТга аъзо бўлиши бўйича ҳужжатлар топширилади», – Жеймисон Грир © iccu.uz

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 25 июнь куни Америка Қўшма Штатларининг Савдо вакили Жеймисон Грирни қабул қилган эди.

АҚШ савдо вакили Жеймисон Грир президент билан учрашувда икки давлат вазирлик ва идоралари ўртасида самарали мулоқот йўлга қўйилгани, муҳим амалий қарорлар қабул қилинганини таъкидлади.

Музокараларда Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиши доирасида ҳамкорлик қилиш ва ушбу жараёнлар келгусида ҳам АҚШ томонидан қўллаб-қувватланишига алоҳида эътибор қаратилди.

«Ўзбекистон — дунёга очиқ, жадал ривожланаётган ва бозор механизмларига изчил ўтаётган иқтисодиётдир. АҚШ учун иқтисодий очиқликнинг бундай тамойилларига амал қиладиган ҳамкорлар муҳим», — дея таъкидлади АҚШ савдо вакили.

Жеймисон Грир Ўзбекистоннинг ЖСТга аъзо бўлиш йўлидаги саъй-ҳаракатлари ҳақида сўзлар экан, яқин икки ҳафта ичида тегишли ҳужжатлар Жаҳон савдо ташкилотига тақдим этилишини ва аъзо бўлиш жараёни доирасида депозитга қўйиш амалга оширилишини маълум қилди.

Грир, шунингдек, АҚШ Ўзбекистонни ЖСТга аъзо бўлиш учун кучли номзод деб билишини ва бу жараённиянг барча босқичларида кўмак кўрсатишга тайёрлигини айтиб ўтди.

Сўнгги йилларда Ўзбекистон қатор давлатлар билан муҳим келишувларга эришди. Хусусан, 2024 йилда Япония, Исроил, Доминикан Республикаси, АҚШ, Хитой ва Филиппин билан музокаралар якунланди. 2025 йилда эса Буюк Британия, Швейцария, Аргентина, Австралия, Гондурас, Канада, Панама, Эквадор, Россия ҳамда Европа Иттифоқи давлатлари билан, 2026 йилда эса Ҳиндистон билан бозорга кириш бўйича келишувлар имзоланди.

Теглар

Мавзуга оид