Кичик бизнес учун микрокредит ажратиш кенгайтирилади
Ўзбекистонда кичик бизнес ва ўзини ўзи банд қилганлар учун микрокредит имкониятлари кенгайтирилади. Янги механизмда имтиёзли молиялаштириш ҳам назарда тутилган.

Президент Шавкат Мирзиёевнинг тадбиркорлар билан очиқ мулоқотида белгиланган вазифалар ижроси доирасида қўшимча молиявий қўллаб-қувватлаш чоралари белгиланди. Бу ҳақда тегишли президент фармонида назарда тутилган.
Ҳужжат билан Тадбиркорликни ривожлантириш компанияси томонидан тақдим этиладиган қўшимча молиявий кўмак чоралари рўйхати тасдиқланди. Унда микромолиялаш бозорида микрокредитлар ажратишни кенгайтириш ҳам белгиланган.
Янги механизм Ўзбекистонда рўйхатдан ўтган кичик тадбиркорлик субъектлари ва ўзини ўзи банд қилган шахсларга 36 ойдан ошмаган муддатга микрокредит ажратишни назарда тутади. Бу кичик бизнес ва мустақил даромад олувчиларнинг молия ресурсларидан фойдаланиш имкониятини оширишга қаратилган.
Микромолияга янги кўмак
Лойиҳа доирасида микромолия ташкилотларига мақсадли ва қайта тикланувчи кредит линиялари ажратилади. Шунингдек, уларнинг кредит портфелларини қайта молиялаштириш механизми жорий этилади.
Микромолия ташкилотларига кредитлар бўйича кафолатлар тақдим этиш ҳамда техник кўмак кўрсатиш режалаштирилган. Бунда киритиладиган инвестицияларнинг шартлари ва муддатларини Тадбиркорликни ривожлантириш компанияси белгилайди.
Молиявий қўллаб-қувватлаш чоралари микромолия ташкилотлари, банклар ҳамда компания таъсисчилигидаги Микромолиялаш хизматларини ривожлантириш корхонаси иштирокида амалга оширилади.
Имтиёзли маблағлар ажратилади
Компаниянинг асосланган буюртмасига кўра, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги 2028 йилдан бошлаб ҳар йили бюджет ссудаси ажратади. Маблағлар Марказий банк асосий ставкасидан 4 фоиз паст ставкада тақдим этилади.
Ссуда 3 йиллик имтиёзли давр билан 7 йил муддатга берилади. Бу механизм микромолия ташкилотларининг ресурс базасини мустаҳкамлаш ва кичик бизнесни узоқроқ муддатли молиялаштириш имкониятини оширишга хизмат қилиши кутилмоқда.
Янги чоралар тадбиркорлик субъектлари ва ўзини ўзи банд қилган шахсларни молиялаштириш қамровини кенгайтириш, микромолия ташкилотларининг имкониятларини ошириш ҳамда кичик бизнес учун молиявий ресурслардан фойдаланишни енгиллаштиришга қаратилган.



