Logo

Кўп қаватли уйларни қуришда ҳудуднинг 30 фоизи яшил майдон бўлиши керак — қўмита

Бугун 11:001 дақиқа

Урбанизация ва уй-жой бозорини барқарор ривожлантириш миллий қўмитаси янги уй-жой лойиҳаларида мактаб, боғча, ижтимоий объектлар, йўл ва инфратузилма биргаликда режалаштирилиши, ҳудуднинг камида 30 фоизи яшил майдон сифатида кўзда тутилиши кераклигини маълум қилди.

Кўп қаватли уйларни қуришда ҳудуднинг 30 фоизи яшил майдон бўлиши керак — қўмита © Vaqt.uz | Javhar Chorshanbiyeva

Урбанизация ва уй-жой бозорини барқарор ривожлантириш миллий қўмитаси янги қурилиш лойиҳаларини режалаштиришда комплекс ёндашув зарурлигини маълум қилди.

Қўмитага кўра, кўп қаватли уйлар билан бирга мактаблар, боғчалар, йўллар, болалар майдончалари, автотураргоҳлар ва яшил ҳудудлар ҳам режалаштирилиши лозим. Бу аҳоли учун қулай ва барқарор яшаш муҳитини яратишга қаратилган.

Шунингдек, ер майдони бир гектаргача бўлган кичик ва зич қурилишлардан воз кечиш зарурлиги таъкидланган. Бундай ёндашув ҳудудларни режасиз ўзлаштиришнинг олдини олишга қаратилган.

Қўмита ҳудудий архитектура-шаҳарсозлик кенгашларига тақдим этилаётган лойиҳаларни кўриб чиқишда учта асосий мезонга эътибор қаратмоқда.

Қурилишда учта мезон

Биринчиси — Бош режага мувофиқлик. Ҳар бир қурилиш лойиҳаси ҳудуднинг тасдиқланган Бош режасига мос бўлиши шарт. Бу шаҳарсозлик қарорларининг ягона режа асосида қабул қилинишини таъминлашга хизмат қилади.

Иккинчиси — камида 30 фоиз яшил ҳудуд. Қўмита лойиҳаларда яшил майдонларга алоҳида эътибор қаратмоқда. Бу талаб шаҳарнинг экологик мувозанатини сақлаш ва аҳоли учун соғлом муҳит яратиш билан боғлиқ.

Учинчиси — бинолар баландлигининг инфратузилмага мослиги. Уйларнинг қаватлар сони ҳудуддаги коммунал тармоқлар ва ижтимоий объектларнинг имкониятларига мутаносиб бўлиши керак.

«Шундагина шаҳарларимиз ривожланади, ноқонуний, нуқтали қурилишларга барҳам берилади, аҳоли учун қулай, келажак авлод учун тўғри режалаштирилган шаҳарлар яратилади», — дейилади қўмита хабарида.

Теглар

Мавзуга оид