Logo

Американинг энг йирик банкларидан бири 1,2 млрд доллар жаримага тортилди

Bugun 18:332 daqiqa

Банк пул ювишга қарши курашиш талабларини лозим даражада бажармаган. Шубҳали операциялар, жумладан, миллий хавфсизликка таҳдид туғдириши мумкин бўлган транзакциялар ҳақида ўз вақтида хабар бермаган. Шунингдек, санкцияга киритилган мижозларга ҳам хизмат кўрсатган.

Американинг энг йирик банкларидан бири 1,2 млрд доллар жаримага тортилди © Ijtimoiy tarmoqlar

АҚШ Молия вазирлиги пул ювишга қарши курашиш тўғрисидаги қонунчилик ва санкция талабларини бузгани учун «Bank of America»га нисбатан жами 1,21 миллиард долларлик жарималар қўлланганини маълум қилди. Бу ҳақда вазирликнинг расмий хабарида айтилган.

Молиявий жиноятларга қарши курашиш бошқармаси (FinCEN) банкни 5 миллиард доллардан ортиқ шубҳали операциялар ҳақида ўз вақтида хабар бермагани учун жаримага тортди. Қайд этилишича, ушбу маблағнинг 1 миллиард доллардан ортиғи миллий хавфсизликка таҳдидлар билан боғлиқ бўлган. Улар орасида Хитойдаги пул ювиш тармоқларининг фаолияти ҳам бор.

Пул муомаласини назорат қилиш бошқармаси (OCC) эса молиявий операцияларни назорат қилиш тизимидаги камчиликлар учун банкка 750 миллион доллар жарима белгилади. Регулятор фикрича, банк триллионлаб долларлик операциялар устидан етарли назоратни таъминламаган.

Шунингдек, 2024-йилнинг декабрида берилган кўрсатмадан кейин ҳам аниқланган камчиликларни бартараф этмаган.

Бундан ташқари, Хорижий активларни назорат қилиш бошқармаси (OFAC) «Bank of America» билан келишув тузиб, банк 475 та эҳтимолий санкция бузилиши билан боғлиқ ҳолатлар учун 11,6 миллион доллар тўлашига келишди. Банк санкция чекловларини бузган ҳолда миллионлаб долларлик тўловларни амалга оширган.

«Бугунги чоралар аниқ сигнал беради: ҳатто энг йирик молиявий муассасалар ҳам қонундан устун эмас», — деди АҚШ молия вазири Скотт Бессент.

FinCEN билан келишув доирасида «Bank of America» АҚШнинг банк сирлари тўғрисидаги қонунини қасддан бузганини тан олди. Банкка шубҳали операцияларни қўшимча текшириш ва молиявий назорат тизими самарадорлигини баҳолаш мажбурияти юклатилди.

Сентябр ойида Буюк Британия Молия вазирлиги ҳузуридаги Молиявий санкцияларни амалга ошириш бошқармаси (OFSI) «Citibank»нинг Лондондаги бўлинмасини (CBNA London) Россияга қарши санкцияларни бузгани учун 4,7 миллион фунт стерлинг жаримага тортганди.

Регуляторнинг аниқлашича, 2022-йил февралдан ноябргача, Россия ва Украина ўртасидаги қуролли можаро бошланганидан кейин, банк Россия активларини музлатиш ва бошқа чекловларни четлаб ўтган ҳолда қарийб 19,7 миллион фунт стерлинглик 970 та тўловни амалга оширган.

Ҳукумат маълумотига кўра, қоидабузарликларнинг аксарияти санкцияга киритилган шахсларга тегишли ёки улар назорат қиладиган компанияларнинг ҳисоб рақамлари билан боғлиқ бўлган. Россия Ғарб санкцияларини ноқонуний деб ҳисоблайди.

Баҳорда OFSI Германиянинг «Deutsche Bank» банки Лондондаги филиалини Россиянинг Okko онлайн-кинотеатрига пул ўтказгани учун 165 минг фунт стерлинг (221 минг доллар) жаримага тортганди. Худди шундай қоидабузарлик учун ўша пайтда «Apple» компаниясининг Европа бўлинмаси — «Apple Distribution International» (ADI) ҳам 390 минг фунт стерлинг жаримага тортилганди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистон Марказий банк 8 та банкни жаримага тортганди. Бунга улар томонидан пруденциал нормативлар ва қонунчилик талабларига риоя этилмаганлиги, шунингдек, инспекция текширувлари давомида аниқланган қоидабузарликлар сабаб бўлган.

Teglar

Mavzuga oid