Logo

Рейтингда Қозоғистондан ортда қолган Ўзбекистон, такси нархлари бўйича бошланган текширув ва номини ўзгартирган «Davr Bank» — 15 октябр дайжести

Kecha 23:004 daqiqa

Кун давомида Ўзбекистонда юз берган воқеалар ва ҳодисалар, ёритилган янгиликлар ва хабарларнинг энг муҳимларини яна бир бор эсга оламиз.

Рейтингда Қозоғистондан ортда қолган Ўзбекистон, такси нархлари бўйича бошланган текширув ва номини ўзгартирган «Davr Bank» — 15 октябр дайжести

Ўзбекистон нега энг қудратли давлатлар рейтингида Қозоғистондан анча паст натижа олди?

«World Population Review» нашрининг «Best Countries» тадқиқотига асосланган 2026 йилги энг қудратли давлатлар рейтингида Ўзбекистон 71-ўринни, Қозоғистон эса 34-ўринни эгаллади. Иқтисодий ва сиёсий таъсир, ҳарбий салоҳият ҳамда халқаро иттифоқлар ҳисобга олинган ушбу рўйхатда Қозоғистоннинг сезиларли даражада юқорилашига унинг улкан энергетика ва хомашё ресурслари (жаҳон уран қазиб олиш ҳажмининг 40 фоизи, йилига 78,7 миллион тонна нефть экспорти), Россия, Хитой, АҚШ ва Европа билан мувозанатли кўп векторли дипломатияси ҳамда «Ўрта йўлак» транзит имкониятлари сабаб бўлган.

Ўзбекистон эса 147 миллиард долларлик иқтисодиёти, қарийб 39 миллионлик аҳоли бозори ҳамда уран (дунёда 5-ўрин) ва олтин (9-ўрин) қазиб олиш салоҳиятига қарамай, халқаро таъсир ва ҳамкорликлар мезонлари туфайли 71-ўринда қайд этилган. Шунга қарамай, мамлакат иқтисодиёти каттароқ бўлган Жазоир (79-ўрин), шунингдек, Эстония ва Арманистон каби давлатлардан юқори натижа кўрсатди; Марказий Осиёнинг қолган мамлакатлари бўлган Қирғизистон, Тожикистон ва Туркманистон эса кучли юзталикка умуман киритилмаган.

«Davr Bank»нинг номи ўзгарди

Озарбайжоннинг «ABB» банки «Davr Bank»нинг 51 фоизлик назорат пакетини қарийб 140 миллион долларга сотиб олганидан сўнг, акциядорларнинг навбатдан ташқари йиғилишида банк номини «ABB Davr Bank» акциядорлик жамиятига ўзгартириш тўғрисида қарор қабул қилинди. Устав давлат рўйхатидан ўтгач, банк кундалик фаолиятида «ABB Davr» тижорат белгисидан фойдаланади. Мазкур битим ортидан «S&P Global Ratings» агентлиги банкнинг узоқ муддатли кредит рейтингини «Б+» га кўтариб, прогнозни «барқарор» деб белгилади.

Ушбу жараёнлар доирасида банкнинг раҳбарият таркибида ҳам йирик корпоратив ўзгаришлар амалга оширилди. Амалдаги кузатув кенгаши аъзолари, жумладан, банк асосчиси Лутфулла Убаевнинг ваколатлари муддатидан олдин тугатилиб, ўрнига «ABB» банки вакиллари ҳам ўрин олган янги кенгаш уч йил муддатга сайланди. Шунингдек, банк бошқаруви раиси Абдулмажид Самадов ўз лавозимида қолган бўлса-да, унинг ўринбосарлари лавозимидан озод этилиб, уларнинг ўрнига янги раҳбарлар тайинланди.

«Saneg» компаниясининг Ўзбекистондаги нефт конлари бўйича лицензиялари бекор қилинди

Давлат активларини бошқариш агентлиги директори Соҳибжон Муродов «Саноат энергетика гуруҳи» (Saneg) компаниясига нефт конларидан фойдаланиш учун аввал берилган лицензиялар бекор қилинганини маълум қилди. Бунга конларнинг ишга туширилмагани ва лицензия шартлари бажарилмагани сабаб бўлган. Ҳозирда Тоғ-кон ва геология вазирлиги ушбу табиий ресурслардан самарали фойдаланиш бўйича тегишли чора-тадбирларни ишлаб чиқмоқда.

Шунингдек, 2022 йил май ойида Фарғона нефтни қайта ишлаш заводининг 100 фоиз давлат улуши ҳам 100 миллион доллар эвазига мазкур компанияга сотилган эди. Бироқ инвесторнинг молиявий қийинчиликлари сабабли харид тўловлари кетма-кет уч ой амалга оширилмаган ва корхонанинг молиявий ҳолати ёмонлашиб, 2025 йилни 538,1 миллиард сўм зарар билан якунлаган. Натижада, 2026 йилнинг июнь ойида завод яна тўлиқ давлат назоратига қайтарилди.

Рақобат қўмитаси такси нархлари ошгани бўйича ўрганиш бошлади

Сўнгги кунларда йирик такси агрегаторларида кузатилган техник носозликлар ва тиғиз вақтларда нархларнинг кескин ошиб кетиши ортидан Рақобат қўмитаси мазкур компаниялар (Yandex, Uklon, MyTaxi) фаолияти юзасидан ўрганиш бошлади. Ушбу ҳолат 11 октябрь куни Россиядаги Yandex дата-марказига қилинган дронлар ҳужуми сабабли Ўзбекистондаги хизматда узилишлар юз бергани ва натижада бошқа такси иловаларига талаб 15 баробаргача ортиб кетгани оқибатида юзага келган.

Қўмита агрегаторлардан нархларни шакллантирувчи алгоритмларни қайта кўриб чиқишни, сунъий қимматлашишнинг олдини олишни ҳамда ҳайдовчилар билан боғлиқ тўлов ва тизимдаги муаммоларни зудлик билан бартараф этишни талаб қилган. Шунингдек, ўрганишлар давомида рақобат қонунчилиги талаблари бузилгани ёки истеъмолчилар ҳуқуқлари поймол этилгани аниқланса, айбдорларга нисбатан қонунчиликда белгиланган тартибда тегишли чоралар кўрилиши таъкидланди.

Тошкентда 2030-йилгача 400 та маҳалла янгиланиб, 130 мингта иш ўрни яратилади

Президент Шавкат Мирзиёев Тошкент шаҳрини ривожлантириш лойиҳалари билан танишди. Дастурга мувофиқ, пойтахтда 2030 йилга қадар жами 400 та маҳаллани комплекс янгилаш ва бунинг натижасида 130 мингта янги иш ўрни яратиш мақсад қилинган. Хусусан, Яшнобод туманидаги қатор маҳаллалар «15 дақиқалик маҳалла» тамойили асосида ободонлаштирилса, Учтепа туманидаги 37 гектар майдонда 1 миллиард долларлик хорижий инвестиция ҳисобига «Учтепа Сити» замонавий ишбилармонлик маркази барпо этилади.

Шунингдек, шаҳарда ўсиб бораётган аҳоли эҳтиёжидан келиб чиқиб, таълим инфратузилмасини кенгайтиришга жиддий эътибор қаратилади. Жумладан, 2030 йилгача мактаблардаги ўринлар танқислигини юмшатиш мақсадида бюджет ҳисобидан жами 126 мингта янги ўқувчи ўрни ташкил этилади. Мактабгача таълим тизимида эса қўшимча 40 мингта янги боғча ўрни яратилиб, болаларни мактабгача таълим билан қамраб олиш даражасини ҳозирги 79,2 фоиздан 92 фоизгача етказиш режалаштирилган.

Teglar

Mavzuga oid