Тошкентда жамоат транспорти учун 17,9 километрлик махсус йўлаклар ташкил этилади
Лойиҳа учун дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, 6,5 миллиард сўм талаб этилади.
© Vaqt.uz | Javhar ChorshanbiyevaТошкент шаҳрида автомобиллардан воз кечиш сиёсати ва жамоат транспорти ҳаракати устуворлигини ошириш доирасида жами 17,9 километр узунликдаги тўртта асосий йўналишда автобуслар учун алоҳида йўлаклар ташкил этилади. Бу ҳақда пойтахт ҳокимлиги матбуот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, мутахассислар жамоат транспорти йўналишлари ўтадиган 150 километрдан ортиқ йўл қисмларини таҳлил қилиб, дастлабки босқичда қарийб 18 километрлик масофада ишларни бошлашни тавсия этишган.
Лойиҳа доирасида қуйидаги тўртта йўналишда марказий кўчаларни таъмирлаш ва автобуслар учун махсус йўлаклар ажратиш кўзда тутилган:
• Муқимий кўчаси — Яшнобод ва Чилонзор туманлари ҳудудидаги 4,6 км қисми;
• Қоратош ва Кўкча Дарвоза кўчалари — Шайхонтоҳур туманидаги 4,2 км қисми;
• Паркент кўчаси — Мирзо Улуғбек туманидаги 2,8 км қисми;
• Мирзо Улуғбек шоҳкўчаси — Мирзо Улуғбек туманидаги 6,3 км қисми.
Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, лойиҳа ҳужжатларини ишлаб чиқиш учун тахминан 6,5 миллиард сўм талаб этилади. Ушбу харажатлар Тошкент шаҳрини ривожлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан қопланиши режалаштирилган.
Маълум қилинишича, Тошкент шаҳар ҳокимининг тегишли қарори имзоланган. Ҳозирда лойиҳа ҳужжатларини ишлаб чиқиш учун бюджет шакллантирилмоқда.
Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, лойиҳани амалга ошириш учун тахминан 6,5 миллиард сўм талаб этилади. Харажатларни Тошкент шаҳрини ривожлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан қоплаш режалаштирилган.
Лойиҳа буюртмачиси сифатида «Тошкент инвест компанияси» АЖ белгиланиши кутилмоқда. Лойиҳалаш ташкилотлари, пудратчилар ва техник назорат хизматларини кўрсатувчи ташкилотлар қонунчиликда белгиланган тартибда танлов асосида танланади.
Йўл таъмири ва хавфсизликка қандай талаблар қўйилади?
Қурилиш ишлари бошланишидан олдин муҳандислик коммуникациялари ва коммунал инфратузилма тармоқлари текширилади. Носозликлар аниқланса, тармоқлар таъмирланади, кўчирилади ёки алмаштирилади.
Шунингдек, иш жараёнида йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш ва тирбандликларнинг олдини олиш чоралари кўрилади. Лойиҳада пиёдалар учун қулай йўлаклар, йўл кўрсаткичлари, бекат мажмуалари ва ёритиш тизимига ҳам эътибор қаратилади.
Йўл қопламасида полимер билан модификацияланган битум ва мустаҳкам чақиқтошли шағал-мастикали асфальтбетон (ЩМА) қоришмасидан фойдаланиш талаб этилмоқда. Ҳокимлик маълумотига кўра, бундай қоплама пойтахт шароитида 2023 йилдан буён қўлланиб келинмоқда.





