add

Коррупция ҳақида хабар берганларга ҳимоя ордери берилади

Бугун 12:252 дақиқа

Президентнинг тегишли фармони билан коррупцияни фош қилган шахсларни ҳуқуқий ҳимоя қилиш ва назоратни тўлиқ рақамлаштириш белгиланди.

Коррупция ҳақида хабар берганларга ҳимоя ордери берилади

2025 йил 30 декабрда қабул қилинган ПФ–270-сонли Президент фармонига мувофиқ, коррупцияга қарши курашиш тизимида қатор муҳим янгиликлар жорий этилади. Ҳужжатда коррупциянинг олдини олиш, давлат органларида ички назоратни кучайтириш ва хабар берувчиларни ҳимоя қилишга қаратилган механизмлар белгиланган.

Фармонга кўра, 2026 йил 1 июлдан «Рақамли комплаенс» ахборот дастурий комплекси синов режимида ишга туширилади. У коррупциянинг олдини олиш кластери иштирокчилари ўртасида тезкор маълумот алмашишни таъминлайди, шунингдек «E-Komplaens» модули орқали давлат органлари ва ташкилотларидаги коррупцияга қарши ички назорат бўлинмалари фаолиятини тўлиқ рақамлаштиради.

Ҳужжат билан Коррупцияга қарши курашиш агентлигига қатор қўшимча ваколатлар берилди. Жумладан, давлат органлари ва ташкилотларининг марказий аппарати ҳамда тизим ташкилотларига қонунбузилишларни олдини олиш бўйича мажбурий кўрсатма ва тақдимномалар киритиш ҳуқуқи белгиланди.

Энг муҳим янгиликлардан бири — коррупциявий ҳуқуқбузарликлар ҳақида хабар берган шахсларни меҳнат фаолиятида таъқиб ва тазйиқдан ҳимоя қилиш учун Агентлик томонидан ҳимоя ордерини тақдим этиш амалиёти жорий этилишидир. Бу чора хабар берувчилар хавфсизлигини кафолатлашга қаратилган.

Шунингдек, коррупцияга қарши курашишга муносиб ҳисса қўшган шахсларни рағбатлантириш мақсадида «Коррупцияга қарши курашишга қўшган ҳиссаси учун» кўкрак нишони таъсис этилади.

Фармонга мувофиқ, давлат органларидаги коррупцияга қарши ички назорат бўлинмалари фаолияти Агентлик билан узвий ҳамкорликда ташкил этилади. 2026 йил 1 июлдан 2030 йилга қадар босқичма-босқич коррупцияга қарши Миллий сертификатлаштириш менежмент тизими жорий этилади. У биринчи навбатда рейтинг баҳолаш натижаларига кўра «қониқарсиз» деб топилган ташкилотларда қўлланади. Тизим ўз вақтида жорий этилмаса, раҳбар ва ўринбосарларига барча рағбатлантириш тўловлари тўхтатиб турилади.

Теглар

Мавзуга оид