«Коррупция ёдгорлиги»: Остонада 15 йил қурилган LRT линияси ишга туширилмоқда
Қозоғистонда йиллар давомида коррупция рамзи сифатида тилга олинган Остона LRT лойиҳаси шу ҳафта ишга туширилиши кутилмоқда.
© sputnikҚозоғистон пойтахти Остона шаҳридаги эстакада типидаги илк LRT линияси шу ҳафтада расман ишга туширилиши кутилмоқда. Бу ҳақда лойиҳа оператори — «City Transportation Systems» (CTS) компаниясига таяниб «Tengrinews.kz» хабар берди.
Линия Остона халқаро аэропортидан «Нурли жол» вокзалигача бўлган 22,4 километр масофани қамраб олади. Йўналиш бўйлаб 18 та станция жойлашган бўлиб, улар шаҳарнинг асосий бизнес марказлари ва турар жой ҳудудларини боғлайди.
Поездлар ҳайдовчисиз ҳаракатланади
LRT таркиблари тўлиқ автоматлаштирилган бўлиб, махсус марказ орқали бошқарилади. Поездларнинг ишчи тезлиги соатига 60 километр, максимал тезлиги эса 80 километргача етади.
Йўналишда 15 та поезд ҳаракатланади, уларнинг тўрттаси захира таркиби сифатида сақланади. Ҳар бир поезд 600 нафардан ортиқ йўловчини ташиш имконига эга.
Лойиҳа оператори ҳисоб-китобларига кўра, линия фаолиятининг биринчи йилида ҳар куни 25 мингдан 45 минггача йўловчига хизмат кўрсатиши мумкин.
Якуний бекатлар орасидаги сафар вақти тахминан 40 дақиқани ташкил этади. Ҳаракат интервали 10 дақиқагача бўлади. Йўл ҳақи 200 тенге этиб белгиланган.
Лойиҳа «коррупция ёдгорлиги»га айланган эди
Остонада LRT қуриш ғояси илк бор 2005 йилда илгари сурилган. Қурилиш ишлари 2011 йилда бошланган ва дастлаб лойиҳа 2020 йилгача тугалланиши режалаштирилган эди.
Бироқ харажатлар кескин ошиб кетиши сабабли 2013 йилда қурилиш тўхтатилган. Ўша пайтда «Y» шаклидаги бетон устунлар қад ростлаган бўлиб, кейинчалик улар халқ орасида «коррупция ёдгорлиги» деган ном билан танилган.
2019 йилда Қосим-Жомарт Тоқаев лойиҳани танқид қилиб, уни баҳсли деб атаган. Кейинчалик у қурилишни тўхтатиш зарарни янада оширишини таъкидлаб, ишларни якунлашга чақирган.
2020 йилда LRT қурилишидаги коррупция ишлари бўйича суд жараёни бошланган. Мазкур иш доирасида бир нечта амалдорлар ва лойиҳа масъуллари айбдор деб топилган.





