Коррупцияга қарши курашда «фавқулодда ҳолат» йили ёки комплаенс тизими аҳамияти

29.01.2026 | 12:156 дақиқа

Дунё иқтисодиёти ҳар йили коррупция деб аталган иллат ортидан 3,6 трлн доллар маблағни бой бермоқда. Бу пуллар ҳисобига касалхоналар қурилмайди, мактаблар очилмайди, йўллар таъмирланмайди. Хўш, унга қарши қандай курашиш мумкин?

Коррупцияга қарши курашда «фавқулодда ҳолат» йили ёки комплаенс тизими аҳамияти

Коррупция муаммосига Президент Шавкат Мирзиёев ҳам 26 декабр куни Олий Мажлис ва  Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига Мурожаатномасида ҳам алоҳида эътибор қаратди.

«Коррупция — давлат тараққиётига тўсиқ бўладиган, адолат ва қонун устуворлигини издан чиқарадиган, жамиятда ишонч муҳитини заифлаштирадиган энг жиддий таҳдид», — деб таъкидлади Президент ўз нутқида ва бу иллатга қарши курашиш бўйича 2026 йилда «фавқулодда ҳолат» эълон қилинди.

Демак, 2026 йил бу глобал муаммога қарши курашда муҳим йил бўлиши мумкин. Қандай қилиб? Мақолада шу ҳақида тўхталамиз.

 

Комплаенс нима: «ҳалоллик филтри» ёки «ички иммунитет»

Комплаенс (инглизча «compliance» — риоя қилиш) — бу мураккаб юридик атама эмас. Уни оддий қилиб тушунтирсак: бу ташкилотнинг «ҳалоллик филтри» ёки «ички иммунитет тизими». Қандай қилиб инсон танаси вирусларга қарши курашади? Иммунитет тизими орқали. Худди шундай, давлат органлари ҳам коррупция «вирусига» қарши комплаенс тизими орқали курашади.

Комплаенс тизими қуйидагиларни ўз ичига олади:

  • Аниқ қоидалар — ким нима қилиши мумкин, нима қилиши мумкин эмас;

  • Назорат механизмлари — ҳар бир қарор кузатилади ва текширилади;

  • Огоҳлантириш тизимлари — шубҳали ҳаракатлар автоматик аниқланади;

  • Жазо чоралари — қоидабузарлар жавобгарликка тортилади.

Оддий мисол: Тасаввур қилинг, бир йирик давлат ташкилоти қурилиш учун тендер эълон қилди. Тендерда энг паст нархни таклиф қилган компания ғолиб бўлиши керак.

Комплаенссиз: Раҳбар ўзининг жиянига тегишли компанияни тендерда ғолиб деб эълон қилади. Ҳеч ким буни билмайди.

Комплаенс билан: Тизим автоматик равишда тендер иштирокчилари ва қарор қабул қилувчи шахсларнинг қариндошлик алоқаларини текширади. Агар манфаатлар тўқнашуви, яъни қариндошлик алоқалари аниқланса, тизим қизил чироқни ёқади ва жараённи тўхтатади. Бу ерда комплаенс — «кўринмас назоратчи».

Бошқа бир мисол: Тасаввур қилинг, вазирлик катта йўл қурилиши учун тендер эълон қилди.

Комплаенссиз: Тендер талаблари шундай ёзиладики, унга фақат битта «таниш» компания мос келади (масалан, техника сони ёки иш тажрибаси айнан ўша компанияники билан бир хил қилиб ёзилади).

Комплаенс билан: Тизим тендер шартларини «сунъий чекловлар» бор-йўқлигига текширади. Агар шартлар рақобатни бўғаётган бўлса, комплаенс хизмати буни тўхтатади. Бу ерда комплаенс — «ҳалол бозор ҳимоячиси».

Учинчи мисол, Давлат кам таъминланган оилаларга ёки деҳқонларга субсидия ажратмоқда.

Комплаенссиз: Маҳаллий раҳбарлар бу пулларни ўзининг бадавлат қариндошларига ёки «ўлик жонлар» номига расмийлаштириб юборади. Ҳақиқий муҳтожлар четда қолади.

Комплаенс билан: Тизим субсидия олувчининг маълумотларини бошқа базалар (автомобили борлиги, кўчмас мулки, хорижга чиқиш саёҳатлари) билан солиштиради. Агар «эҳтиёжманд» деб рўйхатда турган шахснинг номида «Malibu» бўлса, тизим тўловни автоматик рад этади. Бу ерда комплаенс — «адолат тарозиси».

 

Рақамлар: коррупциянинг ҳақиқий зарари қиймати қанча?

Жаҳон банки маълумотларига кўра, коррупция ҳар йили глобал ЯИМнинг 5 фоизини — тахминан 3,6 трлн долларни ютиб юборади. Бу Россия ёки Бразилия каби мамлакатларнинг бутун ЯИМига тенг.

Transparency Internationalʼнинг 2024 йилги «Коррупцияни қабул қилиш индекси» (CPI) бўйича:

  • Дания, Сингапур, Финландия, Янги Зеландия — коррупциядан энг холи мамлакатлар (85-90 балл);

  • Ўзбекистон эса 180 та мамлакат орасида 121-ўрин (32 балл) билан қизил зонадаги кўрсаткичларни қайд этмоқда.

  • Ўзбекистоннинг «Ҳуқуқ устуворлиги индекси»да (World Justice Project) 2025 йилдаги ҳолати ҳам анча мураккаб: 143 мамлакат орасида 81-ўринни эгалладик. Бу рақамлар нафақат обрў масаласи - бу тўғридан-тўғри инвестициялар, иш ўринлари ва тараққиётга таъсир қилади.

Халқаро тадқиқотлар шуни кўрсатадики, коррупция даражаси 1 баллга камайса, ЯИМ 0,5 фоизга ўсади. Ўзбекистон учун бу йилига 2-3 миллиард доллар қўшимча даромад дегани.

 

Сингапур феномени: «Порахўр давлат»дан «Шаффоф мамлакат»га

1960-йилларда Сингапур Осиёнинг энг коррупциялашган мамлакатларидан бири эди. Полициячи исталган фуқарони кўчада тўхтатиб, очиқчасига пора сўрар эди. Бугун эса Сингапур 84 балл билан Corruption Perseptions Indexʼида дунёнинг «энг коррупциядан холи» давлатларидан бири ҳисобланади..

Қандай қилиб? Жавоб оддий: «темир қўллар» ва комплаенс тизими.

Ли Куан Ю ҳукумати коррпуцияга чек қўйиш учун қуйидагиларни амалга оширди:

  • Мутлақ мустақил орган — Коррупцияни текшириш бюроси (CPIB) яратилди;

  • Давлат хизматчиларининг маоши кескин оширилди, пора олишга ҳожат қолмади;

  • Ҳар бир харид, ҳар бир шартнома — очиқ платформа орқали амалга оширилди;

  • «Биз сенинг пора олганингни ҳали кўрмадик, лекин бу бойликни қайси қонуний пулингга олганингни исботлаб бер», — тамойили қўлланилди. Яъни: Агар амалдор бойликнинг манбасини (масалан, мерос, бизнес ёки совға) қонуний ҳужжатлар билан исботлаб бера олмаса, суд уни автоматик равишда коррупционер деб ҳисоблайди ва мол-мулки мусодара қилинади.

Эстония яна бир мисол. 2000-йиллардан бошлаб бу кичик Болтиқбўйи давлати «рақамли давлат» концепциясини жорий қилди. Бугун Эстонияда 100 фоиз давлат хизматлари онлайн. Яъни амалдор билан юзма-юз учрашмасангиз, пора бериш имконсиз эканлигини Эстония мисолида кўришимиз мумкин.

Жанубий Корея эса «OPEN тизими»ни яратди — ҳар бир фуқаро давлат органларидаги ўз аризаси қаерда, ким кўрмоқда, қачон жавоб берилишини реал вақтда кузатади. Натижа? 10 йилда коррупция шикоятлари 80 фоизга камайди.

 

2026 йил: Сунъий интеллект ва аксилкоррупция кураши ҳамкорлиги

2026 йил нима учун коррупцияга қарши курашда нега «фавқулодда йил» деб эълон қилинди.

Сабаби 2026 йилда коррупцияга самарали қарши курашда бир нечта муҳим технологик ўзгаришларни амалиётга жорий этишимиз зарур:

Биринчидан, сунъий интеллект (СИ) давлат бошқарувига тўлиқ интеграция қилинмоғи зарир. Яъни СИ тизимлар минглаб транзакцияларни сонияда таҳлил қилиб, «ғайритабиийлари»ни аниқлайди. Масалан:

  • Бир компания ҳар доим тендерда ютади — СИ буни шубҳали сифатида белгилайди;

  • Амалдорнинг харажатлари даромадидан ошиб кетди — автоматик текширув тайинланади;

  • Шартнома нархи бозор нархидан 30 фоиз юқори — тизим сигнал беради.

Иккинчидан, Blockchain технологияси давлат харидларини шаффоф қилади. Blockchainʼда ёзув ўчирилмайди, ўзгартирилмайди. Ҳар бир сўм қаердан келди, қаерга кетди — умрбод қайд этиб қолинади. «Откат» бериш техник жиҳатдан имконсиз бўлади.

Учинчидан, биометрик идентификация «фантом ходимлар» муаммосини ҳал қилади. Бугун баъзи давлат ташкилотларида иш ҳақини оладиган, лекин ишга келмайдиган «ўлик жонлар» мавжуд. 2026 йилда юзни таниш технологияси буни имконсиз қилади.

Тўртинчидан, Давлат харидлари портали, E-qaror, OpenBudget каби очиқ маълумотлар (Open Data) порталлари жамоатчилик назоратини кучайтиради. Ҳар бир давлат хариди, ҳар бир тендер натижаси — ҳаммаси очиқ. Журналистлар, фаоллар, оддий фуқаролар — ҳамма назоратчи бўлади.

 

Коррупция занжири vs комплаенс тўсиғи

КОРРУПЦИЯ ЗАНЖИРИ:
Манфаатлар тўқнашуви → Махфий келишув → «Откат» → Сифатсиз хизмат → Жамият зарари

КОМПЛАЕНС ТЎСИҒИ:
Шаффоф қоидалар → СИ мониторинг → Автоматик огоҳлантириш → Текширув → Жазо

Натижа: Занжир узилади, жамият ютади.

 

Хулоса: ким коррупцияга қарши курашиш масъулиятини ўз зиммасига олади?

Комплаенс тизими — бу фақат қонунлар ва технологиялар эмас. Бу — маданият. Бу — ҳар бир шахснинг «Коррупцияга йўқ!» дейиш қобилияти.

2026 йил бизга тарихий имконият беради. Технологиялар тайёр. Халқаро тажриба мавжуд. Қонунчилик базаси шаклланмоқда. Савол фақат битта: биз — жамият сифатида, шахс сифатида — бу имкониятдан фойдалана оламизми?

Коррупция — бу фақат «юқоридагилар»нинг муаммоси эмас. Бу болани туғруқхонадан олиб чиқишда «суюнчи» беришдан ёки болалар боғчасига «ҳадя» олиб боришдан бошланади. Бу гувоҳнома ёки бирор ҳужжатни олишни «йўлини қилиб тезлатиш»дан бошланади. Бу «ҳамма шундай қилмоқда, мен қилсам нима қилибди?» деган фикрдан бошланади.

Комплаенс тизими ишлаши учун ҳар биримиз «ички комплаенс»ни ишга туширишимиз керак. Ҳар бир «кичик пора» катта коррупцияни озиқлантиради. Ҳар бир «йўқ» – коррупция тизимини бузади.

Хуршид Ботиров, ҳуқуқшунос-таҳлилчи

 

Теглар

Мавзуга оид