«Кўзи очилмаган мушукчалар»: Россия армияси «нокдаун» ҳолатига тушиб қолди

«SpaceX» «кулранг» терминалларни блоклади, «Роскомнадзор» «Telegram» фаолиятини чеклади — рус армияси одатий алоқа воситаларисиз қандай йўл тутмоқда?

«Кўзи очилмаган мушукчалар»: Россия армияси «нокдаун» ҳолатига тушиб қолди

4 феврал куни кечқурун фронт чизиғида рус ҳарбийлари узоқ вақтдан бери хавотир билан кутган воқеа юз берди. Илон Маскнинг «SpaceX» компаниясига тегишли «Starlink» сунъий йўлдош интернет терминаллари оммавий равишда ўча бошлади. Ҳужумларни мувофиқлаштириш, дронларни нишонга йўналтириш ва эвакуация гуруҳларини чақириш учун мессенжерлардан фойдаланишга одатланиб қолган минглаб аскарлар учун кутилмаган сукунат бошланди.

«Улар ҳозир худди кўзи очилмаган мушукчаларга ўхшаб қолишди», — дея рус бўлинмаларининг ҳолатини тасвирлади Украина Бош штаби офицери POLITICO нашрига берган изоҳида.

«Кулранг» терминаллар

Расмон «Starlink» Россияда ҳеч қачон ишламаган — Ғарб санкциялари SpaceX ускуналарини етказиб беришни тақиқлайди. Бироқ рус армияси бунинг айланма йўлини топган эди: ноутбук ҳажмидаги минглаб терминаллар Марказий Осиё ва БАА орқали контрабанда йўли билан фронтга олиб келинган. Улар «Starlink» қонуний ишлайдиган мамлакатларда сохта ҳужжатлар ёрдамида фаоллаштирилган. Россияда битта «Starlink» қурилмасини 200 минг рублдан (тахминан икки минг доллар) бошлаб сотиб олиш мумкин бўлган.

11

Ушбу «кулранг» терминаллар рус ҳарбийлари учун расмий алоқа тизимлари уддалай олмаган вазифани бажарди: улар тезкор, ишончли ва содда мувофиқлаштириш воситасига айланди. Россия ҳарбийлари сунъий йўлдош интернети ёрдамида ҳатто ҳаракатланаётган поездларни ҳам уриб тушира оладиган «Геран» дрон-камикадзеларини бошқаришган. Улар орқали ҳужумчи гуруҳлар разведка малумотларини олар ва артиллерия зарбаларини йўналтириб турар эди.

«Гап шундаки, муқобил вариантлар йўқлиги сабабли Россия Қуролли Кучлари фронтда алоқани ташкил қилишда «кулранг» «Starlink»лардан фойдаланмоқда. Хавф шундаки, бу коинотда ўз нарсангни яратиш, доим узилиб қоладиган оптик толали кабелларни тортиш, «кўприклар» қуриш ёки кичик малумотлар пакетини узатиш учун рақамли станцияларни оммавий ишлатишга қараганда анча осон йўл эди. Энди ё эски усулларга қайтиш, ёки шошилинч равишда ўзимизники бўлган бирор нарса ўйлаб топишга тўғри келади», — дейилади уруш тарафдори бўлган «Два майора» телеграм-канали постида.

Бурилиш нуқтаси

Феврал ойи бошида Украина мудофаа вазири — аввалги Рақамли трансформация вазири бўлган ва Украина давлат бошқарувига ўнлаб инновацияларни киритган — Михаил Фёдоров SpaceX билан кескин чоралар кўришга келишиб олди. Компания Украина ҳудудидаги барча терминалларни блоклади, фақат «оқ рўйхат»га киритилганлари бундан мустасно. Рўйхатлар ҳар 24 соатда янгилаб турилади. Соатига 90 км дан тезроқ ҳаракатланаётган ҳар қандай терминал — уларни дронларда ишлатишнинг олдини олиш учун — автоматик тарзда ўчирилади.

«Россия томонидан «Starlink»дан рухсатсиз фойдаланишни тўхтатиш учун кўрган чораларимиз ўз самарасини бергандек кўринади», — деб ёзди Маск X ижтимоий тармоғида.

Натижа ҳалокатли бўлди. Украина Мудофаа вазирлиги маслаҳатчиси Сергей Бескрестновнинг сўзларига кўра, россияликларда «шунчаки муаммолар эмас, балки ҳақиқий фалокат» юзага келган.

«Қўшинларни бошқариш тизими бутунлай барбод бўлмоқда. Кўплаб ҳудудларда ҳужум операциялари тўхтаб қолди», — деб ёзди у «Facebook»да.

4

НАТОнинг юқори мартабали вакили The New York Times нашрига малум қилишича, Украина кучлари Запорожижя вилоятида айнан Россия бўлинмалари сунъий йўлдош алоқасидан маҳрум бўлганидан сўнг олдинга силжиган. Украина Косивтсево қишлоғи устидан назорат қайтарилганини элон қилди.

Аввалроқ Маскка Россиянинг «Starlink»дан фойдаланишига чек қўйиш талаби билан очиқдан-очиқ босим ўтказган Полша ташқи ишлар вазири Радослав Сикорский юз берган воқеани «сиёсатдаги энг қувончли лаҳзалардан бири» деб атади. Унинг сўзларига кўра, Варшава томонидан пули тўланган 30 мингта терминал «оқ рўйхат»га киритилган ва энди «россияликлар ҳаракатланаётган поезд ёки автобусларга зарба бера олмайди».

Қўшалоқ зарба

Бироқ кўнгилсизликлар шу билан тугамади. Рус ҳарбийлари ҳали «Starlink»дан айрилганини ҳазм қилиб улгурмасидан, 10 феврал куни Роскомнадзор «Telegram» — ҳар икки армия учун амалда «чўнтакдаги дала штаби»га айланган мессенжерга нисбатан чекловларни кучайтирди.

Уруш тарафдори бўлган «Z-ҳамжамият»нинг бунга муносабати жуда кескин бўлди.

«Минглаб ҳарбий хизматчилар алоқасиз қолиб кетади, бу эса давом этаётган ҳужум шароитида аянчли оқибатларга олиб келади», — дея огоҳлантирди «Архангел спецназа» канали.

Ҳарбий мухбир Александр Сладков ҳозирда кўплаб окопларда янграётган саволни ўртага ташлади: «Урушда «Telegram»нинг ўрнини нима босади? Ғарб ўчирилган «Starlink» билан бизни нокдаун ҳолатига тушириб қўйди. Энди эса бошқарув ва алоқа учун мавжуд бўлган охирги имкониятни ҳам кўмяпмиз... Биз энди қандай ғалаба қозонамиз, қайси воситалар билан? «Арахид» ва ТА-57 биланми? Шу, холосми?».

(ТА-57 — 1957 йилда ишлаб чиқилган совет дала телефони)

«Адолатли Россия» партияси етакчиси Сергей Миронов блокировка ташаббускорларини «пасткашлар» ва «аҳмоқлар» деб атаб, уларни жанг майдонига юбориш кераклигини айтди. «Telegram» асосчиси Павел Дуров юз бераётган воқеаларни «фуқаролар эркинлигини чеклаш» ва россияликларни «давлат назоратидаги, кузатув учун яратилган иловаларга» мажбурлаш деб баҳолади.

Кремл матбуот котиби Дмитрий Песков фронтдаги алоқа мессенжер орқали таъминланишини «тасаввур қилиш қийин»лигини айтиб, вазиятни юмшатишга уринди. Ҳарбий мухбир Платон Маматов эса бунга жавобан «Telegram» орқали айнан нималар қилинишини санаб ўтди: бўлинмалар ҳаракатини мувофиқлаштириш, разведка малумотлари алмашинуви, нишонларни белгилаш, зарбалар натижасини назорат қилиш, логистика ва ярадорларни эвакуация қилиш.

5

«Урушнинг тўрт йили давомида ушбу алоқа усулига муносиб муқобил топилмади. Яқин келажакда ҳам кутилмаяпти», — дея хулоса қилди у.

Нега муқобил вариантлар йўқ?

Россия армиясининг муаммоси ҳарбий алоқа тизимлари йўқлигида эмас — улар бор. «Стрелец-М», «Оператор», «Созвездие-М2» каби номлар шунчаки қоғоздаги лойиҳалар эмас, балки реал ишланмалардир. Бироқ улардан фойдаланиш учун махсус ҳимояланган операцион тизимда ишловчи ускуналар, ходимларни ўқитиш, вақт ва катта маблағ талаб этилади. Смартфонга «Telegram» ўрнатиш учун эса буларнинг ҳеч бири керак эмас.

Шунингдек, Россияда «Starlink» билан тезлик, қамров ва барқарорлик жиҳатидан рақобатлаша оладиган сунъий йўлдош тизими ҳам мавжуд эмас. Шахсий тармоқни яратиш лойиҳаси эса кечикмоқда — илк қурилмаларни коинотга учириш 2026 йилга кўчирилган.

Вақтинчалик хотиржамликми?

Шунга қарамай, «Starlink»нинг ўчирилиши урушда бутунлай бурилиш ясаши даргумон. Украиналик дрон мутахассиси Андрей Прониннинг фикрича, бу ғалабани кафолатловчи ягона омил эмас.

«Уларга қийин бўлади, лекин барибир алоқани тиклаб олишади», — дейди у.

Украина Қуролли Кучлари бошлиғининг собиқ ўринбосари, генерал-лейтенант Игор Романенконинг фикрича, рус қўшинларига муқобил алоқа воситаларига — радиостанция, Wi-Fi, оптик толали кабеллар ва мобил интернетга ўтиш учун бир неча ҳафта вақт керак бўлади.

Шу билан бирга, Киев янги хавфдан огоҳлантирмоқда: россияликлар терминалларни рўйхатдан ўтказиш учун украиналикларни ёллашга уринмоқда. Ҳарбий асирлар билан ишлаш бўйича мувофиқлаштирувчи штабнинг малум қилишича, асирликдаги украиналик аскарларнинг оилаларига таҳдид қилиниб, улардан «Starlink»ни ўз номларига расмийлаштириш талаб қилинган ҳолатлар аниқланган. Битта терминални рўйхатга олиш учун 230 долларгача пул таклиф қилинмоқда — бу Украинадаги ўртача ойлик маошнинг қарийб учдан бир қисмига тенг.

6

«Душман учун «Starlink» шунчалик муҳимки, улар сотқинларни қидириш бўйича бутун бошли тармоқни ишга туширишди», — деб ёзди Мудофаа вазирлиги маслаҳатчиси Бескрестнов.

Bloomberg келтирган Ғарб разведкаси малумотларига кўра, январ ойида Россия армиясининг йўқотишлари узоқ вақт ичида илк бор янги шартнома бўйича хизматга келганлар сонидан 9 минг кишига ошиб кетган. Бу вазир Фёдоровнинг душман талафотларини ойига 50 минг кишига етказиш ҳақидаги стратегияси натижа бера бошлаганини англатадими? Бунда айнан алоқа муаммолари қанчалик рол ўйнаганини ҳозирча баҳолаш қийин.

Бироқ ҳақиқат шундаки, Россия армиясида на «Starlink»», на «Telegram»нинг муқобили бор. «Ақл жанглари» даврида эса «кўр-кўрона» урушиш — мағлубиятга рози бўлиш билан баробардир.

 

Теглар

Мавзуга оид