
Кредит олишни ўзига-ўзи тақиқлаш хизмати: у қандай ишлайди?
Сўнгги йилларда Ўзбекистонда кредит билан боғлиқ фирибгарлик ва кибержиноятлар кескин кўпайди. Шу муносабат билан жисмоний шахслар учун «ўзига ўзи кредит олишни тақиқлаш» хизмати жорий этилди. Vaqt.uz тизимни қандай фаоллаштириш ва бекор қилишга оид махсус қўлланма тайёрлади.

Сўнгги пайтларда кредит билан боғлиқ кўплаб фирибгарлик ҳолатлари очиқланди. Хусусан, 2024 йилда омбудсманга келиб тушган иқтисодий ҳуқуққа оид 6 мингдан ортиқ мурожаатларнинг 9 фоизи кредитга оид фирибгарлик билан боғлиқ. Бу борада мурожаатлар 600 га яқинлашган.
Марказий банк маълумотларига кўра, ўтган йили фақатгина онлайн кредит ажратиш орқали 463 та ҳолатда қарийб 15 млрд сўм миқдорда моддий зарар етказилган.
Бундан ташқари, Киберхавфсизлик маркази эса Ўзбекистонда 2019–2024 йилларда кибержиноятлар 68 баробарга ошганини таъкидлаган. Бу даврда фуқароларга етказилган зарар миқдори 1,9 трлн сўмдан ошган. 2024 йилда жами 58,8 мингта ҳуқуқбузарликнинг 4 фоизи айнан шахслар кредит расмийлаштириш билан боғлиқ бўлган.
Кредит олишда ўзини-ўзи тақиқлаш хизмати нима?
«Кредит-ахборот таҳлилий маркази» (KATM) кредит бюроси 2025 йилнинг 6 июнидан бошлаб жисмоний шахсларга кредит ажратилишини тақиқлаш имконини берувчи хизматни ишга туширди. Бу хизмат орқали жисмоний шахслар ўзларининг иштирокисиз ёки хабарисиз кредит битими расмийлаштирилишининг олдини олиш учун ўзи билан кредит битимини тузишни кредит бюросига ариза киритиш орқали тақиқлаш имкониятига эга бўлади.
Бу ихтиёрий ҳимоя чораси бўлиб, унда шахс банкларга ҳамда микромолиявий ташкилотларга ўзининг номига кредит беришни расман тақиқлайди — натижада мурожаатчи у билан содир этилиши мумкин бўлган кибержиноятнинг олдини олиши мумкин.
Оддий сўзлар билан айтганда, бу барча кредит операцияларига «стоп-сигнал» қўйиш билан баробар. Агар кимдир маълумотларингиздан фойдаланиб қарз олмоқчи бўлса, тизим бундай уринишни автоматик равишда блоклайди. Натижада эса жиноятчилар ушбу фуқаро номига кредит расмийлаштира олишмайди. Сабаби, барча банк ҳамда микромолия ташкилотлари қарз беришдан олдин албатта ушбу рўйхатни текширишлари мажбурий ҳисобланади. Агар реестрда фуқарога тақиқ қўйилган бўлса, кредит берилмайди.
Хизматдан фойдаланиш ёки уни бекор қилиш учун кредит бюроси (КАТМ) ёки Ягона интерактив давлат хизматлари портали (MyGov) орқали ариза қолдириш мумкин.
Одамлар қанчалик бу хизматдан хабардор?
Vaqt.uz одамларнинг кредитни расмийлаштиришда тақиқ қўйиш хизматидан қанчалик хабардор эканлигини ўрганиш мақсадида ижтимоий тармоқларда сўровнома ўтказди.
Telegram’даги сўровномада 1 минг 196 киши иштирок этиб, уларнинг 32 фоиздан ортиғи бу хизматдан қандай фойдаланишни билмаслигини айтди. Энди фойдаланмоқчи ва фойдаланган эса бир хил кўрсаткич — 20 фоизни ташкил қилмоқда. Бу хизматдан хабардор, лекин фойдаланмоқчи бўлмаган ёки фойдаланмаганлар эса 13 фоизни кўрсатди.
X’да ўтказилган сўровномада эса 68 киши қатнаштирилиб, уларнинг аксарияти — 41,2 фоизи фойдаланганини, фойдаланмаганлар эса қарийб 34 фоизни ташкил қилмоқда. Умуман хабари йўқлар эса деярли 21 фоизни кўрсатди.
Натижаларга кўра, кўпчилик бу хизматдан қандай фойдаланишни билмаганлиги учун Vaqt.uz жараённи содда тилда тушунтиришга қарор қилди.
Қандай қилиб ўзига кредит олишни чеклаш мумкин? — қўлланма
Ўзбекистонда бунинг учун КАТМ Кредит бюроси базасида махсус сервис яратилган. Расмийлаштириш тўлиқ онлайн тарзда амалга оширилади ва бир неча дақиқа вақтни олади.

1-қадам. Кредит бюросининг расмий сайти — portal.infokredit.uz манзилига киринг. OneID (Ягона идентификация тизими) орқали тизимга ўтинг.

OneID — бу my.gov.uz давлат хизматлари порталига киришда фойдаланиладиган аккаунтнинг ўзи, шунинг учун агар сизда бундай аккаунт мавжуд бўлса, телефон рақамингиз, паролингиз ёки бошқа электрон авторизация ёрдамида киришингиз мумкин.

2-қадам. Шахсий кабинет менюсидан «Кредит тақиқи» (ёки «Кредитга ўз-ўзини тақиқлаш») бўлимни топинг. Бу бўлим янги кредитлар олишга тақиқни бошқаришга мўлжалланган. Шу қисмдан тақиқни фаоллаштиринг.

3-қадам. Тизим кўк тугмани босганингиздан кейин автоматик тарзда фаоллаштирилади. Хизмат дарҳол ишга тушади — кредит бюроси сизинг ёзувингизни тақиқлар реестрига зудлик билан қўшади.
Агар кимдир сизнинг номингизга кредит расмийлаштиришга уринса, банк ёки микрокредит ташкилоти бу аризани рад этади. Шунингдек, агар сизда «кредит битимини тузишга тақиқ» хизмати ёқилган бўлса, сиз ҳам кредит олиш имконига эга бўлмайсиз. Қарз маблағларига эҳтиёж туғилса, аввало тақиқни бекор қилиш, сўнгра банкка мурожаат этиш лозим бўлади.
Тизим фаоллашгандан кейин кредит олишнинг бошқа имкони йўқми?
Бу тақиқ бир умрлик эмас, уни исталган пайтда бекор қилиш мумкин. Жараён фаоллаштириш босқичи билан бир хил, фақатгина «Кредит тақиқи» бўлимидан «Ўчириш» тугмасини босиш кифоя.

Кредит бюроси реестрни янгилайди: тақиқ бекор қилинганидан сўнг, сиз яна янги кредитлар олишингиз мумкин бўлади.
Хизмат мутлақо бепул, уни бекор қилганда ҳам ортиқча тўлов қилинмайди. Ариза берилгандан сўнг тақиқ ҳақидаги маълумотлар дарҳол реестрга киритилади ва исталган вақтда шу порталдан бекор қилиш мумкин. Тақиқни исталганча ўрнатиш ва олиб ташлаш мумкин.
Мухим жиҳати шуки, янги кредит учун мурожаат қилишдан олдин, ўз-ўзини тақиқлашни бекор қилиш шарт. Акс ҳолда банк ва микромолия ташкилотлари кредит беришни рад қилади.
Агар молия ташкилоти реестрни текширмасдан кредит берса, ушбу қоидабузарлик учун тўлиқ жавобгарликни ўзи зиммасига олади.
Ўз номига ноқонуний кредит расмийлаштириш ҳолатлари кўпайган бир пайтда, «ўзини-ўзи кредитдан тақиқлаш» хизмати фуқароларнинг молиявий хавфсизлигини таъминлашда муҳим воситага айланди. Хизмат орқали ҳар бир киши ўз номидан кредит олишни чеклаб, киберфирибгарликдан ҳимоялана олади. Бироқ сўровлар кўрсатганидек, аҳолининг катта қисми бу имкониятдан ҳали хабардор эмас. Шунинг учун молиявий саводхонликни ошириш ва бу хизматдан фойдаланишни оммалаштириш муҳим аҳамиятга эга.
Теглар






