Криптобозор уруш фонида нефт ва олтин савдоси майдонига айланмоқда

Трейдерлар АҚШ, Исроил ва Эрон ўртасидаги можаро эскалациясига тезкор жавоб қайтариш учун 24 соатлик савдо имкониятидан фойдаланмоқда.

Криптобозор уруш фонида нефт ва олтин савдоси майдонига айланмоқда

Анъанавий «Wall Street» биржалари дам олиш кунлари ёпиқ бўлган бир пайтда, криптоплатформалар амалда глобал хеджирлаш бозори вазифасини бажармоқда. Трейдерлар АҚШ, Исроил ва Эрон ўртасидаги можаро эскалациясига тезкор жавоб қайтариш учун 24 соатлик савдо имкониятидан фойдаланмоқда, деб хабар беради «Bloomberg».

Айниқса, криптобиржаларда савдо қилинаётган анъанавий активларга боғланган шошилинч бўлмаган фючерслар юқори талабга эга. Хусусан, «Hyperliquid» платформасидаги инструментлар трейдерларга классик ҳисоб-китоб тизимларига хос кечикишларсиз макроиқтисодий стратегияларни тез амалга ошириш имконини бермоқда.

Нефт ва олтин: саросиманинг дастлабки индикаторлари

Криптоплатформалардаги котировкалар ҳаракати эртага, 2 март куни жаҳон бозорлари қандай очилиши мумкинлиги ҳақида тасаввур бермоқда:

Нефт: нефт бўйича муддатсиз контрактлар 5 фоизга ошиб, баррели 70,6 долларга етди.

Олтин ва кумуш: олтин 1,3 фоизга кўтарилиб, бир трой унцияси 5323 долларга етди, кумуш эса 2 фоизга ўсиб, 94,9 долларни ташкил этди. Савдо фаоллиги бўйича кумуш етакчи бўлди – бир суткадаги ҳажм 227 млн доллардан ошди.

Фонд индекслари: АҚШ акцияларига боғланган индекслар, аксинча, 0,4–0,75 фоизга пасайди.

Бу ҳолат инвесторлар хавфсиз активларга ўтаётганини ва геосиёсий хавфлар бозор кайфиятига кучли таъсир кўрсатаётганини англатади.

Биткоин – глобал хавфларнинг ойнаси

Кеча эрталабги кескин пасайишдан сўнг биткоин йўқотишларни қоплаб, бир сутка ичида 4,6 фоизга ўсди ва 66 514 доллар даражасига етди. «Ethereum» эса 7 фоизга кўтарилиб, 1 980 долларга чиқди.

«Биткоин 24/7 режимида савдо қилинадигани сабабли, Яқин Шарқдаги вазиятга нисбатан хеджирлаш ёки ўз позициясини билдирмоқчи бўлган трейдерлар учун энг ликвид активга айланди. BTC кенгроқ рисклар учун прокси-актив сифатида ҳаракат қилаётгани шуни кўрсатадики, нефт, олтин ва бошқа товарлар ҳам сутка давомида савдо режимига ўтиши керак», – дейди «Wintermute» компаниясида OTC-савдо бўлими раҳбари Жейк Островскис.

Бу ҳолат биткоинни глобал хавф кайфиятининг тезкор индикаторига айлантирмоқда.

Молиянинг келажаги: токенизация ва 24/7 савдо

Криптовалюта тарафдорлари учун ушбу дам олиш кунлари барча активларни блокчейнга ўтказиш (токенизация) жараёни муқаррар эканининг яна бир исботи бўлди. Анъанавий молиявий институтлар акция ва облигацияларни токенизация қилиш бўйича ишларни тезлаштирмоқда.

Бу эса уларни биржалардаги дам олиш ва байрам кунларини ҳисобга олмасдан, узлуксиз савдо қилиш имконини беради.

«Бу ҳодисалар 24 соатлик савдо зарурлигига шубҳа қилувчилар учун гўёки юзга урилган зарба кабидир», – дейди «QFEX» асосчиси Аннаи Капмла.

Теглар

Мавзуга оид