Logo

Ломбардлар активлари бир йилда 1,5 баравар ошди

Бугун 19:262 дақиқа

Ўзбекистондаги ломбардларнинг жами активлари 50 фоизга ошиб, 937,7 млрд сўмга етди. Фаолият юритаётган 90 та ломбарднинг 50 таси 3 млрд сўмдан ортиқ капиталга эга.

Ломбардлар активлари бир йилда 1,5 баравар ошди

2025 йилнинг 1 августида 92 та ломбарднинг жами активлари 625,7 млрд сўм бўлган. Бир йил ўтиб, ломбардлар сони 90 тага камайган бўлса-да, уларнинг умумий активлари 937,7 млрд сўмга етган. Яъни, активлар бир йил ичида 312 млрд сўмга ёки 50 фоизга ошган. Бу ҳақда Марказий банк маълумотларида келтирилган.

Активларнинг асосий қисмини эса кредитлар ташкил қилмоқда. Бир йил аввал ломбард кредитларининг соф қолдиғи 513,4 млрд сўм бўлган бўлса, 2026 йил августига келиб қиймат 692,7 млрд сўмга етган. Яъни кредит портфели 179,3 млрд сўмга кенгайган.

Энг катта ломбардлар

Активлар ҳажми бўйича биринчи ўринни OLTIN LOMBARD эгаллаган. Унинг жами активлари бир йил ичида 62,9 млрд сўмдан 165,1 млрд сўмга ошган. Кредит ҳажми эса 51,1 млрд сўмдан 97 млрд сўмга етган.

Активлар ҳажми бўйича етакчи ломбардлар қуйидагилар:

lombardlar_jadvali (2)

Айрим ломбардларда ўсиш анча юқори, масалан, ZOLOTOнинг активлари 9,2 млрд сўмдан 31,1 млрд сўмга чиқиб, 238 фоизга ошган. CREDIT FLEX активлари 103 фоизга, NAVOIY PLUS 98 фоизга, AFINA FINANCE эса 75 фоизга кўпайган.

Ломбардларнинг кредит мажбуриятлари ҳам юқори

Ломбардларнинг жами мажбуриятлари август ойида 223,3 млрд сўмга етди. Бу бир йил аввалги 129,9 млрд сўмга нисбатан 72 фоизга кўп. Мажбуриятларнинг асосий қисмини 178,6 млрд сўм тўланиши керак бўлган кредитлар, қарзлар ва лизинглар ташкил қилган.

Шу даврда капитали 3 млрд сўмдан юқори бўлган ломбардлар сони ҳам 45 тадан 50 тага кўпайган. Шунингдек, ломбардларнинг жами капитали 714,5 млрд сўмга етди. Бу ўтган йилдаги 495,8 млрд сўмга нисбатан 44 фоизга кўп. Устав капитали эса 156,5 млрд сўмдан 225,3 млрд сўмгача кўтарилган.

Теглар

Мавзуга оид