Маданият ва санъат йўналишидаги танловлар ғолибларини 300 млн сўмгача мукофотлаш тизими жорий этилди

Кеча 09:402 дақиқа

Қолаверса, фаол ижодкорларга уч йил давомида Ўзбекистон бўйлаб самолёт, поезд ва жамоат транспортидан бепул фойдаланиш ҳуқуқи берилади ҳамда уларнинг давлат тиббиёт муассасаларида даволаниш харажати тўлиқ қопланади.

Маданият ва санъат йўналишидаги танловлар ғолибларини 300 млн сўмгача мукофотлаш тизими жорий этилди © Foto: president.uz

2026 йил 1 сентябрдан бошлаб маданият, санъат ва адабиёт соҳаларидаги нуфузли халқаро ва республика танловлари ғолиб ва совриндорларига 300 миллион сўмгача миқдорда бир марталик пул мукофоти берилади. Шунингдек, йил давомида энг яхши натижа кўрсатган ижодкорларга ҳар ой 5 миллион сўмлик гонорар тўлаб бориш тартиби ўрнатилади. Бу ҳақда 2 июнь куни қабул қилинган Ўзбекистон Президентининг тегишли фармонида маълум қилинди.

Ҳужжатга кўра, мукофот пуллари Давлат бюджети ҳисобидан қуйидагича тақсимланади:

• Гран-при ва 1-ўрин ғолибига — халқаро танлов бўйича 300 миллион сўм, республика танлови бўйича 100 миллион сўм;

• 2-ўрин соҳибига — халқаро танловда 200 миллион сўм, республика миқёсида 50 миллион сўм;

• 3-ўрин эгасига — халқаро танловда 100 миллион сўм, республика миқёсида 25 миллион сўм.

Бундан ташқари, ғолиб ва совриндорларни тайёрлаган ўқитувчи (концертмейстер)нинг ойлик маошига бир йил давомида 100 фоизгача устама тўланади. Уларнинг танловларда иштирок этиш билан боғлиқ харажатлари давлат томонидан тўлиқ қоплаб берилади. Қайд этилишича, ушбу қўллаб-қувватлаш чоралари хусусий секторда фаолият юритувчи шахсларга нисбатан ҳам татбиқ этилади.

Фармон билан 2027 йилдан бошлаб ҳар йили Миллий ижодкорлар қурултойини ўтказиш белгиланди. Ушбу қурултойда энг яхши натижа кўрсатган ижодкорлар давлат ҳисобидан рағбатлантирилади. Уларга бир йил давомида ҳар ой 5 миллион сўм миқдорида гонорар тўланади. Шунингдек, ушбу ижодкорларга уч йил давомида Ўзбекистон бўйлаб самолёт, поезд ва жамоат транспортидан бепул фойдаланиш ҳуқуқи берилади ҳамда уларнинг давлат тиббиёт муассасаларида даволаниш харажати тўлиқ қопланади.

Шу билан бирга, давлат бюджети маблағлари ҳисобидан йилига камида 50 та энг сара асарлар яратиш учун шоир ва ёзувчиларга, шунингдек, опера, симфония каби мумтоз ва замонавий жанрлар бўйича камида 20 та янги асар яратиш учун ижодкорларга давлат буюртмаси бериш тизими йўлга қўйилади. Миллий адабиётнинг энг сара 10 та асарини хорижий тилларга таржима қилиш ва муаллифлар иштирокида чет элларда тақдимотлар ўтказиш харажатлари ҳам тўлаб берилади. Ушбу мақсадлар учун 2026 йилда 25 миллиард сўм, 2027 йилдан бошлаб эса ҳар йили 50 миллиард сўм ажратилади.

Теглар

Мавзуга оид