add

Маҳаллий ҳокимликлар томонидан 386 та ҳужжат асоссиз яширилгани маълум бўлди

Кўплаб қарорлар очиқлик талабларига зид равишда хизмат доирасида деб белгилангани аниқланди.

Маҳаллий ҳокимликлар томонидан 386 та ҳужжат асоссиз яширилгани маълум бўлди

Коррупцияга қарши курашиш агентлиги томонидан жорий йил давомида маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари қабул қилган қарор ва фармойишларнинг очиқлиги ўрганилди. Таҳлиллар «яширин» ёки «хизмат доирасида фойдаланиш учун» (ХДФУ) грифлари қўйилган ҳужжатлар қонуний асосларга қанчалик мос келишига қаратилди.

Текширувлар давлат раҳбарининг 2025 йил 30 декабрда қабул қилинган PF-270-сонли фармони талаблари ижросини таъминлаш доирасида амалга оширилди. Ушбу ҳужжатда Агентликка «E-qaror» тизими орқали қабул қилинаётган қарорларни эълон қилишда очиқлик қоидаларига риоя этилишини назорат қилиш вазифаси юклатилган.

Натижада вилоят, туман ва шаҳар ҳокимликлари томонидан жами 1 907 та қарор ва фармойиш мазкур грифлар билан расмийлаштирилгани маълум бўлди. Дастлабки ўрганишлар жараёнида уларнинг 386 таси асоссиз равишда яширилгани аниқланди.

Қандай қарорлар яширилган?

Яширилган ҳужжатларнинг катта қисми лавозимга тайинлаш билан боғлиқ бўлиб, бундай қарорлар сони 156 тани ташкил этди. Шунингдек, 68 та ҳужжат ташкилий тузилмани тасдиқлаш, 46 таси маблағ ажратиш, 34 таси рағбатлантириш, қолган 82 таси эса бошқа масалаларга тааллуқли экани қайд этилди.

Худудлар кесимидаги ҳолат

Ҳудудлар кесимида энг кўп очиқланмаган қарорлар Фарғона (67 та, 44 фоиз), Хоразм (32 та, 39 фоиз), Бухоро (58 та, 37 фоиз), Қашқадарё (41 та, 26 фоиз) ва Самарқанд (38 та, 15 фоиз) ҳиссасига тўғри келган.

Агентлик томонидан Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларига 68 та қарорни очиқлаш ҳамда қонунбузилишларга йўл қўйган масъул ходимларга нисбатан чора кўриш юзасидан тақдимномалар киритилди. Қолган ҳужжатлар бўйича ўрганиш ишлари давом эттирилмоқда.

Теглар

Мавзуга оид