
Макка–Мадина йўлида автоҳалокат: ҳиндистонлик 42 зиёратчи ҳалок бўлди
Саудия Арабистонида умра зиёратчилари билан тўлган бўлган автобус дизел ташувчи юк машинаси билан тўқнашди. Воқеа оқибатида камида 42 киши ҳалок бўлгани айтилмоқда.

Ҳодиса Макка–Мадина автомагистралидаги Муфриҳат яқинида содир бўлган. Ҳиндистоннинг Ҳайдарабод шаҳридан келган умра зиёратчилари автобуси дизел танкерига урилган ва тўқнашувдан сўнг кучли портлаш юз берган. Автобус ва танкер ёнилғидан ҳосил бўлган улкан оловда куйиб кетган.
Дастлабки маълумотларга кўра, ҳалок бўлганлар орасида 20 аёл ва 11 нафар бола бор. Таниб олиниши лозим бўлган жасадлар билан қурбонлар сони 45 нафаргача етиши мумкинлиги айтилмоқда. Фақат бир йўловчи тирик қолиб, оғир аҳволда шифохонага етказилган.
Ҳиндистоннинг Жиддадаги консулхонаси 24 соатлик махсус штаб очганини маълум қилди. Бош вазир Нарендра Моди ҳам ҳалокат муносабати билан чуқур таъзия билдириб, жабрланувчиларга барча ёрдам кўрсатилаётганини таъкидлади.
Саудия расмийлари ҳодиса юзасидан кенг қамровли тергов бошланганини ва аниқ сабаблар ҳали ўрганилаётганини маълум қилган.





