Мактаб директорлари ва ўринбосарларига KPI асосида ҳар ойлик устама тўланади

27.10.2025 | 17:372 дақиқа

Мактаб директорлари ва уларнинг ўринбосарларига фаолият самарадорлиги кўрсаткичлари (KPI) асосида ҳар ойлик устама тўлаш тартиби белгиланди. Баҳолаш натижасига кўра устама миқдори 3 фоиздан 20 фоизгача етиши мумкин.

Мактаб директорлари ва ўринбосарларига KPI асосида ҳар ойлик устама тўланади

Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 21 октябрдаги 662-сонли қарорига мувофиқ, умумтаълим муассасалари раҳбарларига фаолият самарадорлиги бўйича кўрсаткичлар (KPI) асосида ҳар ойлик устама тўлаш тартиби белгиланди.

Қарорга кўра, умумтаълим муассасасининг раҳбар ходимларига (директор ва унинг ўринбосарлари) ва ўз фаолиятини соатбай ҳақ тўлаш асосида амалга оширадиган ўқитувчиларга «Умумий ўрта таълим муассасаларининг ўрнак кўрсатган ходимларини моддий рағбатлантириш тартибини такомиллаштириш тўғрисида»ги Низомнинг 20-бандига мувофиқ белгиланган ҳар ойлик устамалар белгиланмайди. Аммо халқаро фан олимпиадалари — математика, физика, кимё, биология ва информатика бўйича ўқувчилари ғолибликка эришган мактаб директорлари бундан мустасно бўлади.

Баҳолаш методикаси ва тартиби Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги томонидан тасдиқланади. Умумтаълим муассасаларининг ички баҳолаш гуруҳи кўрсаткичларни аниқлаб, тўпланган баллар асосида устама миқдорини белгилайди.

Қарорга кўра, директорлар учун KPI бўйича устама қуйидагича белгиланади:

– 61–70 балл — 3 фоиз;

– 71–80 балл — 10 фоиз;

– 81–90 балл — 15 фоиз;

– 91–100 балл — 20 фоиз.

Директор ўринбосарлари учун эса устама миқдори:

– 61–70 балл — 2,5 фоиз;

– 71–80 балл — 5 фоиз;

– 81–90 балл — 7,5 фоиз;

– 91–100 балл — 10 фоиз этиб белгиланган.

Устамалар жамғармадаги мавжуд маблағлар доирасида амалга оширилади. Бунда раҳбарлар камида 9 ой давомида асосий лавозимида фаолият юритган бўлиши керак. Шунингдек, вилоят, Қорақалпоғистон Республикаси ва Тошкент шаҳридаги тажрибали директорлар иштирок этган Директорлар кенгашларида фаолият кўрсатаётган раҳбарларга қўшимча равишда 20 фоизлик устама тўланади.

Янги тартиб таълим муассасаларини самарадорлик асосида баҳолаш тизимини мустаҳкамлаб, раҳбарларни натижавий фаолиятга ундашни мақсад қилади.

Теглар

Мавзуга оид