Малдив оролларининг катта қисми 50 йилдан сўнг яшаш учун яроқсиз ҳолга келиши мумкин
Олимларнинг прогнозларига кўра, 2070 йилга бориб Малдив оролларининг 80 фоизи сув остида қолади ва маҳаллий аҳоли оролни сақлаб қолиш учун маржон рифларини тиклашда каяклардан фойдаланмоқда.

Океан сатҳининг кўтарилиши сабабли келажакдаги 50 йил ичида Мальдив оролларининг аксарият қисми яшаш учун яроқсиз ҳолга келиши мумкин. Бу ҳақда «Euronews» нашри хабар бермоқда.
Олимларнинг прогнозларига кўра, иқлим ўзгариши ва Жаҳон океани сатҳининг кўтарилиши оқибатида 2070 йилга бориб орол-давлат ҳудудининг қарийб 80 фоизи сув остида қолиши мумкин.
Мутахассисларнинг пессимистик баҳоларига қарамай, маҳаллий экофаоллар ва аҳоли ўз уйларини тарк этишни хоҳламаяпти ҳамда давлатни сақлаб қолиш йўлларини қидирмоқда, дейилади хабарда.
Табиий ҳимоя тўсиғини яратиш
Минтақани қутқариш бўйича асосий лойиҳалардан бири атолллар орасида каякларда ҳаракатланувчи кўнгиллилар томонидан амалга оширилмоқда. Улар ороллар атрофида табиий ҳимоя тўсиғини шакллантирувчи, чидамли маржон турларини кўчириб ўтказиш ва етиштириш билан шуғулланмоқда.
«Соғлом маржон рифлари тўлқинлар зарбини камайтиради ва қирғоқ эрозиясини секинлаштириб, қуруқликни бўронлар вақтидаги вайронагарчиликлардан ҳимоя қилади», дея қайд этади нашр.
Ташаббус иштирокларининг таъкидлашича, моторли қайиқлар ўрнига каяклардан фойдаланиш нафақат углерод чиқиндиларини камайтиришга, балки нозик денгиз экотизимларига шикаст етказмаган ҳолда саёз лагуналарда эҳтиёткорлик билан ишлашга имкон беради. Маҳаллий аҳоли табиатни фаол равишда тиклаш Малдив оролларига келажак учун имкон яратишига ишонмоқда.
