Logo

Марказий Осиёда 80 миллион гектардан ортиқ ер деградацияга учраган — UNCCD ҳисоботи

Минтақа мамлакатларининг ҳар йили кўраётган иқтисодий зарари 2 миллиард доллардан қарийб 6 миллиард долларгача етади.

Марказий Осиёда 80 миллион гектардан ортиқ ер деградацияга учраган — UNCCD ҳисоботи © E-auksion

Марказий Осиёда 80 миллион гектардан ортиқ ернинг ҳолати ёмонлашган. Бу маълумотлар БМТнинг Чўлланишга қарши кураш конвенцияси (UNCCD) доирасида тайёрланган Global Land Outlook’нинг Марказий Осиё бўйича янги тематик ҳисоботида келтирилган.

Ҳисобот Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон ва Ўзбекистонга бағишланган. Унда ерлар ва яйловларнинг деградацияси, тупроқ ҳолати, сув танқислиги, қурғоқчилик, иқлим ўзгариши ҳамда ер ресурсларини тиклаш чоралари кўриб чиқилган.

Зарар миллиардлаб долларга баҳоланмоқда

Ҳисоботда аввал ўтказилган тадқиқотларга асосланган баҳолар келтирилган. Унга кўра, Марказий Осиёнинг ерлар деградацияси туфайли ҳар йили кўраётган иқтисодий зарари 2 миллиард доллардан қарийб 6 миллиард долларгача етади. Баҳолардаги фарқ ҳисоб-китоб усулларининг турличалиги билан боғлиқ. Ҳисоб-китобларда, жумладан, ҳосилдорликнинг пасайиши, яйловлар ҳолатининг ёмонлашиши, ерлар унумдорлигининг йўқолиши ва деградациянинг бошқа оқибатлари ҳисобга олинган.

Муаллифлар минтақадаги асосий муаммолар қаторида эрозия, тупроқларнинг шўрланиши, яйловларнинг деградацияси, қурғоқчилик, чўлланиш, қум ва чанг бўронларини қайд этган.

Ҳисоботнинг Ўзбекистонга бағишланган қисмида Орол денгизининг қуриб қолган тубидаги 2 миллион гектар майдонга саксовул экилгани айтилган. Унда айтилишича, чангни ушлаб қолиш кўрсаткичи 35–40 фоизни ташкил этган, ваҳоланки, дастлаб 15–18 фоиз бўлиши прогноз қилинган эди.

Шунингдек, «Яшил макон» лойиҳаси доирасида йилига 200 миллион кўчат экиш режалаштирилгани ёзилган. 2030-йилга қадар шаҳарларнинг кўкаламзорлаштириш даражасини 8 фоиздан 30 фоизга етказиш мақсад қилинган. Дарахтларни кесишга доимий мораторий жорий этилиши эса катта ўзгариш сифатида баҳоланмоқда. 1 миллион гектар ер томчилатиб суғориш усулига ўтган.

Музликлар ва ерлар деградацияси

Ҳужжатда Марказий Осиё ерларининг ҳолати иқлим ўзгариши ва сув ресурслари билан чамбарчас боғлиқ ҳолда кўриб чиқилган. Ҳисоботда келтирилган баҳога кўра, юқори эмиссия сценарийси — RCP 8.5 бўйича Тожикистон 2100-йилга бориб музликларининг 80 фоизигача қисмидан айрилиши мумкин. Бу сценарийга асосланган баҳолаш бўлиб, воқеалар албатта шундай ривожланиши ҳақидаги аниқ прогноз эмас.

Шунингдек, қум ва чанг бўронларининг таъсири ҳам қайд этилган. Чанг ва туз заррачалари узоқ масофаларга тарқалиши мумкин. Ҳисоботда, хусусан, қуриб қолган Орол денгизи ҳудудидан кўтарилган чанг Марказий Осиё тоғларигача етиб бориши ва Помир музликларига чўкиши мумкинлиги айтилган.

Global Land Outlook Central Asia Thematic Report ҳисоботининг расмий тақдимоти 26-август куни Улан-Баторда бўлиб ўтадиган БМТнинг Чўлланишга қарши кураш конвенцияси COP17 конференцияси доирасида ўтказилиши режалаштирилган. Конференция 17–28-август кунлари давом этади.

Теглар

Мавзуга оид