Марказий Осиёда иқтисодий куч кимнинг қўлида? Ҳолат таҳлил қилинди
Минтақадаги беш давлат иқтисодиёти 543 миллиард долларга баҳоланмоқда.
© Prezident matbuot xizmatiМарказий Осиёнинг беш давлати — Қозоғистон, Ўзбекистон, Туркманистон, Қирғизистон ва Тожикистоннинг жами ялпи ички маҳсулоти қарийб 543 миллиард долларга баҳоланмоқда. Бу ҳақда «The Times of Central Asia» хабар берди.
Жаҳон банки маълумотларига кўра, минтақада энг катта иқтисодиёт Қозоғистонга тегишли. Мамлакатнинг ЯИМи 306 миллиард доллар бўлиб, Марказий Осиё умумий иқтисодиётининг 56,4 фоизини ташкил қилади.
Ўзбекистон 147 миллиард долларлик ЯИМ кўрсаткичи билан иккинчи ўринни банд этган бўлиб, унинг минтақа иқтисодиётидаги улуши 27,1 фоизни ташкил этади. Кейинги ўринларни мос равишда Туркманистон (50 миллиард доллар, 9,2 фоиз), Қирғизистон (23 миллиард доллар, 4,2 фоиз) ва Тожикистон (18 миллиард доллар, 3,3 фоиз) эгаллаган.
Инвестицияда ҳам фарқ катта
UNCTAD маълумотларига кўра, беш давлатга тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларнинг умумий ҳажми 220,5 миллиард долларни ташкил этади. Бу кўрсаткичда ҳам Қозоғистон катта устунликка эга.
Қозоғистонга 151,3 миллиард доллар инвестиция йўналтирилган бўлиб, минтақадаги улуши 68,6 фоизга тенг. Туркманистон 44,6 миллиард доллар ва 20,2 фоиз улуш билан иккинчи ўринда.
Ўзбекистоннинг хорижий инвестициялардаги ҳажми 16,7 миллиард доллар ёки 7,6 фоизни ташкил этади. Қирғизистон ва Тожикистоннинг ҳар бирига 4 миллиард доллардан инвестиция тўғри келган.
Экспортда ҳам Қозоғистон етакчи
Марказий Осиёнинг беш давлати экспорти умумий қиймати 139 миллиард долларга баҳоланган. Қозоғистон 92 миллиард долларлик экспорт билан минтақада мутлақ етакчи ва умумий ҳажмнинг 66 фоизини таъминлаган.
Ўзбекистон 32 миллиард доллар экспорт ҳажми билан иккинчи ўринда турибди. Унинг минтақадаги улуши 23 фоизни ташкил этади.
Туркманистоннинг экспорти 7 миллиард, Қирғизистонники 6 миллиард, Тожикистонники эса 1,6 миллиард долларга баҳоланган.
Аҳоли сони бўйича Ўзбекистон биринчи ўринда
Марказий Осиёнинг беш давлатида жами 83,6 миллион киши яшайди. Аҳоли сони бўйича Ўзбекистон 37 миллион киши билан биринчи ўринда турибди. Мамлакат минтақадаги умумий аҳолининг 44 фоизини ташкил қилади.
Қозоғистонда 21 миллион киши яшайди ва унинг минтақадаги улуши 25 фоизга тенг. Тожикистон аҳолиси 11 миллион ёки 13 фоиз, Туркманистон аҳолиси 8 миллион ёки 9 фоиз, Қирғизистон аҳолиси эса 7 миллион кишини ташкил этиб, минтақадаги улуши 8,8 фоизга тенг.





