Марказий осиёлик жангарилар Суриядан Афғонистонга қайтаётгани ҳақида огоҳлантиришлар кўпайди

Янги таҳлилларга кўра, Суриядаги қатъий чоралар ва жиҳодий гуруҳларнинг тарқатилиши Марказий Осиё жангариларининг Афғонистонга кўчишига сабаб бўлмоқда, Россия эса бу жараённи минтақавий таҳдид сифатида кўрсатмоқда.

Марказий осиёлик жангарилар Суриядан Афғонистонга қайтаётгани ҳақида огоҳлантиришлар кўпайди © REUTERS

Суриядаги қаттиқ чоралар Марказий Осиё жиҳодчиларини «Ал-Қоида» ва ИШИДнинг Хуросон бўлими томон сурмоқда, Россия эса бу таҳдиддан фойдаланмоқда, деб ёзади қирғизистонлик таҳлилчи Уран Ботобеков АҚШ Ички хавфсизлик департаментининг вазифаларини қўллаб-қувватлашга бағишланган нотижорат ташкилот саҳифасида эълон қилинган мақоласида

Москва Суриядан Афғонистонга қайтаётган Марказий Осиёлик жанггарилар ҳақида огоҳлантирди

Россия Федерацияси Ташқи ишлар вазирлиги томонидан жорий йил бошида эълон қилинган ҳисоботга кўра, Афғонистонда турли халқаро террористик ташкилотларга алоқадор 20 мингдан 23 минг нафаргача жангари мавжуд экани тахмин қилинмоқда. Уларнинг ярмидан кўпи хорижлик жангарилар сифатида баҳоланган. Ҳисоботда айтилишича, тахминан 3 минг нафар жангари ИШИДнинг Хуросон бўлими таркибига киради. «Теҳрик-и Толибон Покистон» (TTP) эса 5–7 минг нафар жангаридан иборат деб баҳоланмоқда. «Ал-Қоида»нинг Афғонистондаги иштироки 1,5 минг нафардан ортиқ жангари билан баҳоланган. «Туркистон ислом партияси» (ТИП), шунингдек, «Шарқий Туркистон ислом ҳаракати» (ШТИҲ) номи билан ҳам танилган тузилма таркибида 1,2 минг нафаргача жангари борлиги айтилмоқда. «Ўзбекистон ислом ҳаракати» (ЎИҲ) таркибида 500 нафаргача жангари борлиги хабар қилинган. Тожикистонлик «Жамоат Ансоруллоҳ» (ЖА) гуруҳи эса 250 нафардан ортиқ аъзога эга деб баҳоланган.

Россия ТИВ таъкидлашича, ИШИДнинг Хуросон бўлими Афғонистоннинг шарқий, шимолий ва шимоли-шарқий ҳудудларида фаоллигини сақлаб қолмоқда ҳамда дунёвий ҳукуматларни заифлаштириш ва ислом халифалигини барпо этиш мақсадида Марказий Осиёга кенгайишга интилмоқда. Шу баҳолаш ортидан Кремлга яқин таҳлил марказларидан бири Суриядан Афғонистонга 8,5–9 минг нафаргача ўзбек, тожик, туркман, уйғур ва Кавказлик жиҳодчилар кўчиб ўтганини даъво қилди.

Ўша манбаларга кўра, Марказий Осиёдан қайтган жангариларни Афғонистоннинг Бадахшон вилоятидан чиққан, собиқ «Ал-Қоида» аъзоси Абу Бакр ал-Бадахшоний мувофиқлаштирмоқда. У аввал Сурияда Башар Асад ҳукуматига қарши жанг қилгани, кейин эса Афғонистонга кўчиб ўтгани айтилмоқда. Шунингдек, унинг Панжшир вилояти ҳокими Мавлавий Муҳаммад Оға Ҳаким билан яқин алоқалари борлиги таъкидланган. Манбаларда Оға Ҳаким «Толибон» режими ичидаги муҳим «Ал-Қоида» арбоби» сифатида таърифланган. Россиялик бир тадқиқотчига кўра, Оға Ҳаким Панжширнинг Тунғу водийсида жангарилар базасини ташкил қилган бўлиб, у ерда «Ал-Қоида» мувофиқлашуви остида ўзбек, тожик ва Шимолий Кавказлик жанггарилар жойлаштирилган.

«Москва Афғонистондан келаётган террористик таҳдидни постсовет Марказий Осиёсидаги хавфсизлик таъсирини сақлаб қолиш ва КХШТ ҳамда ШҲТ каби тузилмаларни мустаҳкамлаш мақсадида тез-тез кучайтириб кўрсатиб келган бўлса-да, Сурияда хавфсизлик чоралари кучайган бир пайтда ўзбек, тожик ва чечен жангариларининг Афғонистонга кўчиши ҳақидаги хабарлар тобора ишончлироқ кўринмоқда. Марказий Осиёлик жиҳодчиларнинг Суриядан Афғонистонга кўчиши фонида Кремл яна ИШИДнинг Хуросон бўлими таҳдидини кучайтириб кўрсатмоқда. Бу орқали у минтақада хавфсизлик бўйича қўрқувларни ошириш ва ўзини Марказий Осиёнинг ажралмас хавфсизлик кафолатчиси сифатида намоён этишга уринмоқда», – дейилади мақолада.

Аш-Шара босими ва Сурияда хорижий жиҳодчи гуруҳларнинг парчаланиши

2024-йил декабрида Башар Асад ҳокимияти қулаши ва «Ҳайъат Таҳрир аш-Шом» (ҲТШ) раҳбари Абу Муҳаммад ал-Жўлоний – ҳозирги Сурия президенти Аҳмад аш-Шара – ҳокимиятга келганидан сўнг, Марказий Осиё ва Шимолий Кавказдан бўлган жангарилар гуруҳлари аввал Дамашқда «муқаддас жиҳод» ғалабаси деб баҳоланган воқеани олқишлаб, уни келажакдаги исломий бошқарув модели сифатида кўра бошлади.

Бироқ янги Сурия ҳукумати прагматик ёндашувни танлаб, хорижий жангарилар устидан назоратни кучайтирди: уларга Марказий Осиё давлатлари, Россия ва Хитойга қарши очиқ таҳдидлар қилишни тақиқлади, глобал салафий-жиҳодий риторикани чеклади ҳамда хорижий баталонларни тарқатиб юборди. Бунга жавобан, янги Сурия армиясига интеграция ва фуқароликка йўл очиш таклиф этилди.

«Катибат имом ал-Бухорий» ва «Катибат тавҳид вал-жиҳод»дан айрим ўзбек жангарилари, шунингдек чечен гуруҳлари «Ажнад ал-Кавказ» ва «Жайш ал-Муҳажирин вал-Ансор» аъзолари ҳамда тахминан 3 минг уйғур жангари «Туркистон ислом партияси» – қисман янги Сурия армиясининг 84-дивизиясига қўшилган. Бу жараён уларнинг ташкилий идентичлигини заифлаштириб, трансмиллий жиҳодий фаолиятни амалга ошириш имкониятини чеклаган.

Натижада ҲТШ билан бирга жанг қилган постсовет жиҳодий гуруҳлар янада парчаланган ҳолатга тушиб, қатъий медиа назорат остида қолган: гуруҳ номларини ишлатиш, байроқлар ва ташқи салафий-жиҳодий пропаганда тақиқланган.

«Сурия армиясига киритилмаган айрим Марказий Осиёлик жангарилар норозилик билдириб, «Катибат тавҳид вал-жиҳод» раҳбари Абдул Азиз ал-Ўзбекий ва унинг ҳарбий ўринбосари Сайфуддин Тожибоийни «муқаддас жиҳод» тамойилларидан чекиниш, маошлар тақсимотида коррупция ва қариндош-уруғчилик қилишда айблаган.
Сурия ҳукумати янги қоидаларни бузган ўзбек жангариларига нисбатан қаттиқ чора кўрган. Друзлар жамоасига қарши Дараадаги рейддан сўнг ўзининг «Муҳожир тактикал» гуруҳини тарғиб қилган Абу Дужана ал-Туркистоний (илгари Айюб Ҳок) ҳамда унинг ўринбосари Исломжон ал-Ўзбекий ва қирғиз жангариси Кошойхон 2025-йил августидан 2026-йил апрелигача қамоққа олинган. Ҳозирда Сурияда 10 дан ортиқ постсовет жангарилари собиқ Асад режимі амалдорлари ҳамда друз, алавит ва насроний аҳолидан тортиб олинган уйларни ноқонуний эгаллашда айбланиб ҳибсда сақланмоқда», – дейилади мақолада.

Энг жиддий ҳолатлардан бири 2026-йил 5-майда Идлибда содир бўлган. Унда Кафрия ва ал-Фуадаги қуролли тўқнашувдан кейин 24 дан ортиқ ўзбек жангариси ҳибсга олинган. Бу тўқнашув Абу Али ал-Тожикий (йўл тўсиш жиноятларига алоқадорликда гумон қилинган ва отишмада ҳалок бўлган) уйига рейддан кейин бошланган. Шундан сўнг 50 дан ортиқ ўзбек жангарилари Идлибдаги криминал хавфсизлик штабини ўраб олган, ҳибсдагиларни қўйиб юборишни талаб қилган. Сурия кучлари эса оғир ҳарбий техника жалб этган. Вазият «Катибат тавҳид вал-жиҳод» раҳбари Абдул Азиз ал-Ўзбекий бошчилигидаги ўзбек оқсоқоллари воситачилигида юмшатилган.

Сурия ҳукумати билан постсовет жиҳодчилари ўртасидаги кескинлик ҳали ҳам тўлиқ ҳал этилмаган бўлса-да, 2026-йил 9-майда ўтказилган учрашув ҳақида диссидент ўзбек жангарилари баёнот бериб, унда Сурия армиясига алоқадор ўзбеклар, Мудофаа вазирлиги ва мустақил муҳожирлар иштирок этганини айтишган.
Оппозицион жангарилар баёнотига кўра, Сурия Мудофаа вазирлиги вакиллари расмий тузилмага кирмаган ўзбек жангарилари «ИШИД аъзоси» сифатида қаралиб, ҳибсга олиниши мумкинлигини билдирган. Шу билан бирга, «Катибат тавҳид вал-жиҳод» раҳбари Абдул Азиз ал-Ўзбекий ҳам ушбу позицияни қўллаб-қувватлагани айтилган.

Норози жангариларнинг айтишича, янги армияга қўшилмаганлар қамоққа олинмоқда ва баъзилар терговлар давомида қийноққа солинаётгани даъво қилинмоқда. Улар буни «адолатсиз ва қонунга зид» деб баҳолаб, ўз оилаларини қўрқув ва босим шароитида яшашдан асраб қолиш учун расмий тузилмалардан ташқари қолишни танлаганини билдирган.

«Диссидент ўзбек жангарилари аввал ҲТШ билан оғир даврларда бирга жанг қилганини эслаб, ўзларини жиҳоддаги узоқ йиллик ҳамкорлар сифатида таърифлашган ҳамда айбловлар Шариат асосида исботланиши кераклигини таъкидлашган. Шунингдек, улар Россия ва АҚШ босими остида қаттиқ чоралар кўрилаётганини рад этган ҳолда, барча айбловлар адолатли текширилиши лозимлигини талаб қилишган», – дейилади мақолада.

ИШИДнинг Хуросон бўлими ўзбек жиҳодчилари орасидаги янги бўлинишлардан фойдаланмоқда

Мақолада келтирилишича, ўзбек, тожик ва рус тилли ИШИДнинг Хуросон бўлими тарафдорлари Суриядаги норози ўзбек жиҳодчилари аҳволининг ёмонлашганини масхара қилмоқда. Араб тилидаги ишидпараст аккаунтлар хорижий жангарилар гуруҳга аввал қўшилмагани учун энди оқибатларга дуч келаётганини даъво қилмоқда.

Баъзи ИШИДнинг Хуросон бўлими тарафдорлари эса вазиятни ўзбек жангарилари учун «охирги имконият» сифатида талқин қилиб, уларни гуруҳга қўшилишга чақирган. Кескинлик кучайган бир пайтда, айрим ўзбек жангарилари Сурия ҳукумати уларни Туркия Миллий разведка ташкилоти (MIT)га топшириб, Марказий Осиёга депортация қилиши мумкинлигидан хавотир билдирган. Бу эҳтимол, 2025-йил декабрида Туркия, Сурия ва Ироқда ИШИД молиявий тармоқларига қарши кенг кўламли амалиётлар ўтказилиб, 357 нафар гумонланувчи ҳибсга олингани ҳақидаги маълумотлар билан боғлиқ.

Марказий Осиёдан чиққан жиҳодчилар Сурия ва Ироқда узоқ йиллар давомида Туркияни асосий транзит марказ сифатида ишлатиб келгани, шунингдек, уларнинг оилалари Туркияда бўлиши молиявий ўтказмаларни MIT назоратига туширган бўлиши мумкинлиги таъкидланмоқда.

Кўчирилган жангариларнинг хавфсизликка таъсири

Қайд этилишича, Марказий Осиё ва Шимолий Кавказ жиҳодчиларига нисбатан кучайиб бораётган ҳарбий босим, уларга Сурия фуқаролигини олиш имкони йўқлиги ва ўз мамлакатларига депортация қилиниши хавфи, бу ерда уларни қийин репрессия ва узоқ муддатли қамоқ жазолари кутаётгани ҳамда янги шаклланаётган Сурия давлати билан идеологик зиддиятлар баъзи жангариларни Афғонистонга қайтишга ундаши мумкин. Улар аввал ўз жангарилик йўлини бошлаган ҳудудга қайтиши эҳтимоли мавжуд.

Россия ташқи ва хавфсизлик хизматлари баҳолашича, чечен, ўзбек ва тожик жиҳодчилари аллақачон Афғонистонга кўчиб ўтмоқда ва уларнинг айримлари «Ал-Қоида» ҳамда ИШИДнинг Хуросон бўлими тармоқларига қўшилган. Очиқ манбалардаги таҳлиллар шуни кўрсатадики, «Facebook» ва «Telegram»да фаол бўлган ўзбек ва тожик тилли жиҳодий постлардан маълум бўлишича, Идлибда илгари фаол бўлган бир қатор қаттиққўл салафийлар 2025-йилдан бери Афғонистон ҳудудида мавжуд.

«Сурияда улар «Ал-Қоида»нинг идеологик позицияларини илгари сурган бўлса, Афғонистонга кўчиб ўтгач, уларнинг фаолияти ўзбек ва тожик тилларида, шу жумладан кирилл ёзувида онлайн фаолликни давом эттириши билан ажралиб турмоқда – бу эса одатда кам учрайдиган амалиёт ҳисобланади», – дейди Уран Ботобеков.

Теглар

Мавзуга оид