
Маскнинг Grok’и энди одамларни «ечинтира олмайди»
X платформасида фаол қўлланилаётган Grok сунъий интеллект модели кескин жамоатчилик босимидан сўнг функционал чекловларга дуч келди.

Америкалик миллиардер Илон Маскка тегишли бўлган Grok сунъий интеллект (СИ) модели бундан буён ҳақиқий одамларнинг фотосуратларини таҳрирлаш орқали уларни очиқ кийимларда тасвирлай олмайди. Бундай қарор СИ ёрдамида яратилган жинсий мазмундаги дипфейклар сабабли юзага келган норозилик тўлқинидан сўнг қабул қилинди. Бу ҳақда BBC хабар бермоқда.
«Grok ҳақиқий одамларнинг суратларини таҳрирлашга ва уларни бикини каби очиқ-сочиқ кийимларда тасвирлашига йўл қўймаслиги учун чоралар кўрдик. Ушбу чеклов барча фойдаланувчиларга, жумладан, пуллик обуначиларга ҳам тегишлидир», — дейилади Grok AI'ни бошқарувчи X платформаси эълонида.
Ушбу ўзгаришлар Калифорния бош прокурори штат расмийлари ушбу модел томонидан яратилган жинсий мазмундаги дипфейклар, жумладан, болалар тасвирлари тарқалишини текшираётгани ҳақида баёнот берганидан бир неча соат ўтгач эълон қилинди.
«Эндиликда биз барча фойдаланувчилар учун Grok аккаунти ва X’даги Grok орқали реал одамларнинг бикини, ички кийим ва шунга ўхшаш кийимлардаги тасвирларини яратиш имкониятини — бу ноқонуний ҳисобланган юрисдикцияларда — геоблокировка қилмоқдамиз», — дея маълум қилди X компанияси ўз баёнотида.
Шунингдек, компания платформада Grok ёрдамида тасвирларни таҳрирлаш имкониятидан фақат пуллик обунага эга бўлган фойдаланувчилар фойдаланиши мумкинлигини таъкидлаган.
Аввалроқ тадбиркор Илон Маск X платформасини ҳимоя қилиб, танқидчилар «шунчаки сўз эркинлигини бўғишни хоҳлашади», дея баёнот берган эди. Ушбу постга у сунъий интеллект томонидан яратилган, Буюк Британия бош вазири Кир Стармернинг бикини кийган ҳолатдаги иккита тасвирини илова қилган.
Сўнгги кунларда турли мамлакатлар етакчилари Grok’нинг тасвирларни таҳрирлаш функциясини кескин танқид остига олди. Ўтган дам олиш кунлари Малайзия ва Индонезия Grok AI воситасини тақиқлаган биринчи давлатлар бўлди; бунга фойдаланувчиларнинг фотосуратлари уларнинг розилигисиз очиқ-сочиқ ҳолатда таҳрирлангани ҳақидаги хабарлари сабаб бўлди.
Кир Стармер СИ-тасвирлар атрофидаги жанжал фонида X платформаси «ўзини ўзи тартибга солиш ҳуқуқи»дан маҳрум бўлиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирди, бироқ кейинчалик платформа муаммони ҳал қилиш бўйича чоралар кўраётгани ҳақидаги хабарларни олқишлашини билдирди. Шунингдек, жамоатчиликнинг кескин норозилиги тўлқинидан сўнг баъзи британиялик депутатлар X ижтимоий тармоғини тарк этган.





