Меҳнат ва дам олиш қоидаларини бузган ҳайдовчилар учун жавобгарлик белгиланди

Кеча 18:002 дақиқа

Ҳайдовчиларнинг меҳнат ва дам олиш режимига риоя этмагани сабабли йўлларда ухлаб қолиши оқибатида 2024 йилда 351 йўл-транспорт ҳодисаси содир этилиб, 189 нафар инсон ҳалок бўлган, 285 нафари эса жароҳатланган.

Меҳнат ва дам олиш қоидаларини бузган ҳайдовчилар учун жавобгарлик белгиланди

Ўзбекистонда халқаро ва шаҳарлараро автомобиль ташувларида ҳайдовчиларнинг меҳнат ва дам олиш режимига риоя этмаслиги учун маъмурий жавобгарлик жорий этилди. Бу ҳақда Президент томонидан 2026 йил 5 февраль куни имзоланган «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига транспорт хизмати кўрсатишни ташкил этиш тизимини такомиллаштиришга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонунда белгилан кетилган.

Амалдаги қонунчиликда шаҳарлараро ва халқаро йўловчи ташишни амалга ошираётган автобусларда тахограф (назорат қурилмаси) ўрнатилган. Бу қурилма ҳайдовчиларнинг иш вақти, дам олиш вақти, тезлик ва масофани ёзиб боради.  Қурилмани ўчирган ҳолда автомобиль бошқарганлик учун жавобгарлик мавжуд. Бироқ, ушбу қурилмадаги маълумотларга асосан ҳайдовчининг меҳнат ва дам олиш режимига бўйсунмагани юзасидан жавобгарлик белгиланмаган эди.

Янги қонунга мувофиқ:

— энди халқаро ва шаҳарлараро автомобиль ташувларини амалга оширишда ҳайдовчиларнинг меҳ ва дам олиш режимини бузганлиги БҲМнинг 7 баравари (2 млн 884 минг сўм) миқдорида жарима солишга сабаб бўлади;

— ҳайдовчининг иш вақти давомийлиги 9 соатдан ортиқ бўлганда ёки 400 км ва ундан ортиқ масофага йўловчи ва юкларни ташишда меҳ ва дам олиш режими Транспорт назорати инспекцияси томонидан назорат қилиб борилади;

— маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 145, 146-1, 176-4-моддаларида, яъни йўловчиларни чиптасиз ташиганлик, ташувчининг ўз фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш бўйича мажбуриятини бажармаганлик учун жариманинг аниқ миқдори белгиланди;

— маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс 113-1-модда билан тўлдирилди. Бунда ташишлар хавфсизлигини таъминлаш бўйича қоида ва талабларни бузганлик учун мансабдор шахслар ва хизматчиларга БҲМнинг 10 баравари (4 млн 120 минг сўм) миқдорида жарима солинади. 

Мазкур қонун 2026 йил 10 майдан кучга киради. 

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ айнан шу қонун билан метрода ҳаракат хавфсизлиги талабларини бузганлик учун жавобгарлик белгиланганлиги ҳақида хабар берилган эди. Унга кўра, темирйўл транспорти ва метрополитенда ҳаракат ва ташиш хавфсизлиги бузилиши билан боғлиқ ҳодиса, у ҳақидаги маълумотларни қасддан яшириш мансабдор шахсларга 4 млн 120 минг сўм жарима солишга сабаб бўлади.

Теглар

Мавзуга оид