Logo

Миллиардлаб инвестициялар, камбағаллик ва ишсизликни ноллаштириш: ҳокимлар президентга нима ваъдалар берди?

Бугун 20:3023 дақиқа

Ўзбекистон мустақиллигининг 35 йиллиги арафасида ҳокимлар президентга амалга оширилган ишлар ва йил якунигача кўзланган режалар ҳақида ҳисобот берди. Vaqt.uz уларнинг миллиардлаб инвестициялар жалб қилиш, камбағаллик ва ишсизликни ноллаштириш ҳақидаги ваъдаларини жамлади.

Миллиардлаб инвестициялар, камбағаллик ва ишсизликни ноллаштириш: ҳокимлар президентга нима ваъдалар берди?

Ўзбекистон мустақиллигининг 35 йиллиги муносабати билан 25-август куни президент Шавкат Мирзиёев иштирокида янги объектларни ишга тушириш маросими бўлиб ўтди. Унда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимлари сўзга чиқиб, қилинган ишлар юзасидан ҳисобот ва йил охиригача амалга оширадиган режаларини айтди.

Айримлари миллиардлаб доллар инвестиция жалб қилишга ваъда берган бўлса, бошқалари камбағаллик ва ишсизликни тугатиши айтди. Вақт.uz ҳокимларнинг ваъдаларини бир нуқтага жамлади.

Қорақалпоғистонда хорижий инвестициялар 500 баробарга ошгани айтилди

Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси раиси Аманбай Ўринбаев президент Шавкат Мирзиёевни Мустақилликнинг 35 йиллиги билан табриклар экан, сўнгги 10 йилда ҳудудда тадбиркорлар сони 2,5 баробарга, хорижий инвестициялар эса 500 баробарга ошганини айтди.

«Қорақалпоғистонга бўлган алоҳида меҳрингиз, юқори эътиборингиз натижасида сўнгги 10 йилда тадбиркорларимизнинг сони 2,5 баробарга кўпайди. Хорижий инвестициялар 500 баробарга ўсди», – деди Аманбай Ўринбаев.

Шундан сўнг Шавкат Мирзиёев: «Мана шуни яна бир марта қайтар, 500 баробарни ҳамма халқ билсин, Қорақалпоғистонда нима эди-ю, нима бўлдик».

Ўринбаевнинг айтишича, авваллари Қорақалпоғистонга инвестор келишининг ўзи катта воқеа сифатида қабул қилинган бўлса, ҳозир инвестициянинг ҳажми билан бирга унинг сифатига ҳам эътибор қаратиш имконияти пайдо бўлган.

Ҳудудда рақамлаштириш ва яшил иқтисодиёт йўналишида йирик лойиҳалар амалга оширилмоқда. Жумладан, президент қарори билан Қорақалпоғистоннинг барча ҳудудини майнинг зонага айлантириш белгиланган.

«Қорақалпоғистоннинг барча ҳудудини, буткул ҳудудини майнинг зонага айлантириш бўйича махсус қарор қабул қилиб бердингиз. Шунинг натижасида 5 миллиард 110 миллион долларлик учта майнинг ҳам учта дата-марказ қурилиши амалга оширилмоқда», — деди Аманбай Ўринбаев.

Шунингдек, «ACWA Power» компанияси билан 3 миллиард 300 миллион долларлик шамол электр станцияси қурилмоқда. Ўтган йили 170 миллион долларлик «Нукус-1» лойиҳаси ишга туширилган бўлса, 25-август куни 260 миллион долларлик «Нукус-2» шамол электр станцияси фойдаланишга топширилди.

Нутқда «Арал» футбол жамоаси ҳақида ҳам сўз борди. Ўринбаев президентнинг бир неча йил аввал Қорақалпоғистонга ташрифи чоғида айтган гапларини эслатди.

«Бундан бир неча йил олдин Қорақалпоғистонга келганингизда, “Арал” футбол командамиз қачонлардир вақти келиб олий лигада иштирок этса, ўзим ушбу футбол команданинг энг фаол мухлиси бўламан, деган эдингиз», — деди Жўқорғи Кенгеси раиси.

Унинг айтишича, президент топшириғи билан жамоа ва футбол академияси учун замонавий бино қурилган, жамоага автобуслар берилган ҳамда ҳомийлик масаласи ҳал қилинган.

Шу тариқа, Қорақалпоғистон раҳбари нутқида янги ваъдалардан кўра, сўнгги йилларда эришилган натижалар ва амалга оширилаётган миллиард долларлик лойиҳаларга кўпроқ урғу берди.

Андижон ҳокими: «Ишонтириб айтаман, бу йил нисбатан 5–10 баробар ривожланадиган тизим бўлади»

Андижон вилояти ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов йил бошида президент олдида 3,5 миллиард доллар хорижий инвестиция жалб қилиш режасини олганини айтди. Унинг сўзларига кўра, ярим йил давомида 2,2 миллиард доллар хорижий инвестиция жалб қилиниб, 18,5 мингта иш ўрни яратилган.

«Хорижий инвестициянинг ўзи 3,5 миллиард, сизнинг олдингизда режа олганман, ҳурматли президент. Бунинг тагида, албатта, иш ўринлари, солиқ тушумлари, ватанимизни, Андижонимизни ривожланишини кўзда тутилган лойиҳалар».

Ҳокимнинг айтишича, ҳудудда импорт ўрнини босадиган лойиҳаларга ҳам эътибор қаратилмоқда. Хусусан, 17 та лойиҳа доирасида 4,4 триллион сўмлик инвестиция ва 6,6 мингта янги иш ўрни кўзда тутилган.

Абдураҳмонов бу лойиҳалар орасида таълим, тиббиёт ва логистика соҳаларидаги янги объектларни санаб ўтди. Жумладан, Андижон халқаро университети ва таълим кластери 30 миллион доллар эвазига қуриб битказилган. Кластер таркибига боғча, мактаб ва университет киради.

«Лойиҳаларнинг сифатига келадиган бўлсак, мен қатнашаетган жойимиз ҳам Андижон халқаро университети, таълим кластери: боғчаси, мактаби, университети. 30 миллион доллар эвазига мана қуриб битказилди. Бу битта лойиҳамиз.

Қолаверса, мана Америкага боргин деганингизда биз келишувларга эришиб келгандик. Бугун мана Олтинкўл туманида 6,5 млн доллар ҳисобига халқаро Америка мактаби, Андижон шаҳрида 15 млн доллар эвазига Америка ортопедик даволаш маскани ёки Марҳамат туманида 12 млн долларга иккита 600 ўринли логистика маркази», – деди Андижон ҳокими.

Ҳокимнинг айтишича, ушбу лойиҳаларнинг барчаси замонавий йўналишларга қаратилган бўлиб, улар президент иштирокидаги тадбирда фойдаланишга топширилган.

«Умуман айтганда, ҳаммаси айтган замонавий-замонавий лойиҳалар бугун, ҳурматли президент, сизнинг иштирокингизда бугун мана рухсат берсангиз, очамиз. Ҳамма жойда бизнинг халқимиз буни хурсандчилик билан кутяпти».

Абдураҳмонов йил давомида вилоятнинг қишлоқ ва маҳаллаларида ҳам катта ишлар амалга оширилганини айтди. Нутқ якунида эса Андижоннинг келгуси ривожланиши бўйича энг катта ваъдасини берди.

«Мен сизни ишонтириб айтаман, ҳурматли президент, бу йилги ривожланишимизга нисбатан 5–10 баробар ривожланадиган тизим бўлади».

Бухоро ҳокими: «Бухорода йил якунигача камбағаллик, ишсизлик бўлмайди»

Бухоро вилояти ҳокими Ботир Зарипов нутқида вилоятнинг сўнгги йиллардаги ривожланишига алоҳида тўхталди.

«Рухсат берсангиз, мана озгина иқтисодий рақамларга тўхталсам, Бухорони мана бизнинг бу ерда тарихчилар, оқсоқоллар ўтирибди, Бухоронинг 2,5 минг йиллик тарихини кўтарганда ҳам бугунги кундагидек ривожланиш бўлмаган», — деди вилоят ҳокими.

Зарипов, шунингдек, тарихий обидаларни сақлаш ва қайта тиклаш учун ажратилган маблағларни ҳам тилга олди.

«Тарихий обидаларни тиклаш учун маблағларни ажратганлигингиз, мана шу Мир Араб, Арк, Минораи Калон каби халқимизнинг дурдоналарини сақлаш бўйича маблағларни ажратиб, бугунги кунда бутун дунё лол қоляпти. Чет эллардан келган сайёҳлар ҳам мана шуларнинг қайта реставрация бўлиб, тикланганлигини кўриб ҳайрон қолишяпти», — дейди ҳоким.

Ҳокимнинг нутқидаги энг катта ваъда эса камбағаллик ва ишсизликни тугатиш бўлди. Зариповнинг айтишича, вилоят ялпи ҳудудий маҳсулотини 10 фоизга ошириш бўйича мажбурият олинган. Бунинг учун 12 триллион сўмлик кредит ресурслари ажратилган.

«Мен тан олиб айтаман фақат биз ҳокимлар бошчилигида пастга тушиб, камбағаллик ва ишсизликни нол қилиш бўйича сиз яратиб берган имконият, имтиёз, шароитлардан фойдаланиб, бемалол имконияти бор. Бухорода йил якунигача камбағаллик, ишсизлик бўлмайди», — дея ваъда берди Бухоро вилояти ҳокими.

Давлат раҳбари бу ваъдани «жуда катта марра» деб атади. У Бухородаги сув ва йўл муаммоларини ҳал қилиш учун аввал катта маблағ ажратилганини эслатди.

Зарипов вилоятда тадбиркорлар ҳам ижтимоий ва инфратузилма лойиҳаларида фаол қатнашaётганини айтди. У бунга Бухоро туманидаги мактабгача таълим муассасаси ва Жўйзар каналини мисол қилиб келтирди.

«Иккита ҳолатни айтаман: сизнинг ислоҳотларингиз натижасида ҳозир шундай тадбиркорлар пайдо бўляптики, Бухоро туманида энг оғир мактабгача таълим муассасасини нолдан якунлаб, бир ойдан сал кўпроқ вақт ичида ҳомийлик, ўзининг маблағи билан фойдаланишга топширди. Ёки бир асрдан буён тозаланмаган канал, Жўйзар каналимиз 10 километри бетонлаштирилди, бугун минглаб гектар ерлар, минглаб хонадонлар сув билан баҳраманд бўляпти».

Зарипов нутқи якунида бухороликлар президент томонидан қўйилган барча вазифаларни бажариши ва ишончни оқлашига ваъда берди.

«Бухороликлар, мен бош, ҳаммаси сиз қўйган вазифаларни бажарамиз, сизнинг ишончингизни оқлаймиз», — деди ҳоким Ботир Зарипов.

Жиззах ҳокими: «Жиззах бошқа вилоятларни электр энергияси билан таъминлайдиган вилоятга айланди»

Жиззах вилояти ҳокими Улуғбек Мустафоевнинг айтишича, вилоят сўнгги 10 йилда қишлоқ хўжалигига асосланган ҳудуддан саноатлашган вилоятга айланган. Бунда автомобилсозлик, энергетика ва электротехника саноатига алоҳида эътибор қаратилган.

«Ҳурматли президент, ўзингиз Жиззахни яхши биласиз, 10 йил олдин Жиззах бу қишлоқ хўжалигига асосланган эди. Мана сизнинг ташаббусингиз билан қишлоқ хўжалигидан саноатлашган вилоятга айланди. Биринчи саноатимиз, мана хабарингиз бор, ўзингиз қилиб берган автомобилсозлик бўлса, ҳурматли президент, иккинчиси мана энергетика соҳаси», — дейди вилоят ҳокими.

Ҳоким вилоятда электротехника корхонаси, қуёш панеллари ва газ-буғ станцияси лойиҳалари амалга оширилаётганини айтди.

«Мана қуёш панели, газ-буғ станциясини очилишини ҳам тайёрлаяпмиз. Буни ҳам очиб, Жиззах вилояти электр энергияни экспорт қиладиган, яъни бошқа вилоятларни таъминлайдиган вилоятга айланди», — дейди ҳоким.

Мустафоев, шунингдек, таълим соҳасидаги натижаларни ҳам келтирди. Унинг сўзларига кўра, бу йил Жиззахдаги мактаб битирувчиларининг 40 фоизи давлат олий таълим муассасаларига ўқишга кирган. Хусусий ва бошқа олий таълим муассасаларини ҳам ҳисобга олганда, бу кўрсаткични 51–52 фоизга етказиш режалаштирилмоқда.

Нутқдаги асосий ваъдалардан бири инвестициялар билан боғлиқ бўлди. Жиззах вилояти йил якунига қадар 2,7 миллиард доллар инвестиция жалб қилишни режалаштирган.

«Шуни мана оқсоқоллар, байрам муносабати билан, мана оқсоқолларни кўряпман, мен ишлаган пайти икки сўм қилолмасдик. 2 миллиарддан кўп инвестиция бўлади деб биров ишонарми Жиззахда шундай?» — деди давлат раҳбари.

Ҳокимнинг айтишича, авваллари вилоятда ҳатто ойликларни тўлаш учун маблағ етишмаган пайтлар бўлган.

Нутқ якунида Улуғбек Мустафоев президент белгилаган вазифаларни амалга ошириш ва қўйилган мақсадларга эришиш учун вилоят раҳбарияти кеча-ю кундуз ишлашга тайёрлигини айтди.

«Мана шу олиб бораётган халқчил сиёсатни биз ҳокимлар жойида, сиз кўрсатган йўлда тўғри амалга оширсак, ўйлайманки, сизнинг қўйган ҳамма олий мақсадларингизга эришишда биз кеча-ю кундуз ишлашга тайёрмиз», — деди Жиззах вилояти ҳокими.

Қашқадарё ҳокими: «Ўтган йилги пахтадан, бу йилги ғалладан бирорта фермер бир сўм қарз эмас»

Қашқадарё вилояти ҳокими Муроджон Азимов сўнгги 10 йилда вилоятда ичимлик суви, мактабгача ва олий таълим қамрови сезиларли ошганини айтди.

Унинг сўзларига кўра, 10 йил аввал Қашқадарёда ичимлик суви билан таъминланганлик 11 фоиз, боғча қамрови 13 фоиз, олий таълим қамрови эса 8 фоизни ташкил қилган. Ҳозир бу кўрсаткичлар мос равишда 62, 75 ва 54 фоизга етган.

Ҳокимнинг айтишича, вилоятда ялпи ички маҳсулотнинг 70 фоизи тадбиркорлар ҳиссасига тўғри келмоқда. Экспорт ва инвестиция ҳажми ҳам ошиб бормоқда.

Қашқадарёнинг асосий ваъдаси эса йил якунигача 3,5 миллиард доллар инвестиция жалб қилиш бўлди.

«Мана йил якуни бўйича 3,5 миллиард долларлик инвестицияларни жалб қиламиз. Бу босқичма-босқич белгиланган муддатда амалга ошириляпти, муҳтарам президент. Биргина жорий йилда 16 триллион маблағ Қашқадарёга кириб келяпти», — деди Қашқадарё ҳокими.

Азимов мустақилликнинг 35 йиллиги арафасида вилоятнинг 16 та туман ва шаҳрида жами 35 та объект ҳамда юзлаб бошқа лойиҳалар фойдаланишга топширилаётганини ҳам айтди.

Шунингдек, ҳоким қишлоқ хўжалигидаги ҳолатга ҳам тўхталди. Унинг сўзларига кўра, ўтган йилги пахта ва бу йилги ғалладан фермерларнинг қарзи қолмаган, улар имтиёзли кредитларни қайтариб, қишлоқдаги асосий иқтисодий кучлардан бирига айланган.

«Ўтган йилги пахтадан, бу йилги ғалладан бирорта фермер бир сўм қарз эмас. Олган имтиёзли кредитларни қайтариб, энг бой одам бугун қишлоқдаги энг яхши яшаётган ҳам, энг яхши машинани миниб юрган ҳам бугун фермер бўлиб, бутун ҳаракатланувчи кучга айланиб қолди», — деди вилоят ҳокими.

Навоий ҳокими: «Вилоятда бошқа ҳудудлардан келган 50 мингдан ортиқ одам ишлаяпти»

Навоий вилояти ҳокими Нормат Турсунов вилоятда энергетика, саноат ва бандлик йўналишларида йирик лойиҳалар амалга оширилаётганини айтди. Унинг сўзларига кўра, Нурота туманида Хитой компанияси билан ҳамкорликда 300 мегаваттли қуёш электр станцияси ва 150 мегаваттли электр энергиясини сақлаш лойиҳаси ишга туширилмоқда.

«Бугун тўртта йирик корхонамиз, Нурота туманимизда Хитой Халқ Республикасининг компанияси билан ҳамкорликда 300 мегаваттли қуёш ва 150 мегаваттли электр сақлаш лойиҳамиз ишга тушириш арафасида турибди».

Шунингдек, вилоятда умумий қуввати 2 гигаватт бўлган қуёш ва шамол энергетикаси лойиҳалари ҳам бошланаётгани маълум қилинди. Ҳоким саноатни маҳаллийлаштириш бўйича ҳам натижаларни келтирди. Унинг айтишича, бу йўналишдаги лойиҳалар доирасида 3 триллион сўмлик маҳсулот ишлаб чиқариш бошланган.

Бандлик масаласида эса Навоий энди бошқа ҳудудлардан ҳам одамлар келиб ишлаётган вилоятга айлангани таъкидланди. Ҳозир вилоятда 50 мингдан ортиқ бошқа ҳудуддан келган фуқаролар ишлаётгани айтилди.

«Ҳозир мана ўзингиз белгилаб берган тизим асосида аҳоли даромадини ошириш ва бошқа жойлардан ҳам келиб Навоийда ишлаш бўйича, ишчи кучини импорт қиласан сен, деб топшириқ бергандингиз. Бугун Навоий вилоятида 50 мингдан ошиқ бошқа ҳудуддан келиб ҳам ишлашяпти».

Турсунов, шунингдек, таълим соҳасида тўртта янги объект —битта мактаб ва учта боғча очилиш арафасида эканини айтди. Унинг таъкидлашича, вилоятда мактабларни бир сменада ўқитиш бўйича ҳам ишлар олиб борилмоқда.

Нутқда Навоийда энергетика лойиҳаларини кенгайтириш, саноат маҳсулотларини маҳаллийлаштириш ва бошқа ҳудудлардан ишчи кучини жалб қилиш асосий йўналиш сифатида кўрсатилди.

Наманган ҳокими: «Бу йил барча соҳада Наманган йили бўлади»

Наманган вилояти ҳокими Шавкат Абдураззоқов президент Шавкат Мирзиёевнинг вилоятга аввалги ташрифи чоғида айтган «Наманганни бирини тўрт қилишга келдим» деган гапини эслатди. У бу мақсад йўлида барча кучини сафарбар қилишга ваъда берди.

«Сиз вилоятимизга ташриф буюрганингизда, Наманганни бирини тўрт қилишга келдим, дегансиз. Мана шу бирини тўрт қилишга бор куч-ғайратимни сафарбар қилиб ишлашга ваъда бераман».

Ҳокимнинг айтишича, Наманганда энергетика соҳасида йирик лойиҳалар амалга оширилмоқда. Поп туманининг Қирғизистон билан чегарадош ҳудудида 200 мегаваттли, 200 миллион долларлик энергия сақлаш тизими қурилган. Вилоятнинг ўзида иккита 500 мегаваттли қуёш электр станцияси, Учқўрғон, Норин ва Уйчи туманларида қарийб 300 мегаваттлик гидроэлектрстанциялар, Поп туманида эса яна 200 мегаваттлик лойиҳа амалга оширилмоқда.

«Ўзбекистонда, Наманганда электр узилди деган гап одамларнинг эсидан чиқиб кетди», – деди ҳоким.

Абдураззоқов инвестициялар ҳажми ҳам ошиб бораётганини айтди. Унинг сўзларига кўра, Наманган вилоятига ўтган йили 4 миллиард доллар инвестиция киритилган. Бу йилнинг саккиз ойида эса 3 миллиард 200 миллион доллар инвестиция жалб қилинган.

Вилоят раҳбари йил якунигача 5 миллиард доллар инвестиция киритиш бўйича президентга берилган ваъда устида ишланаётганини таъкидлади.

Шунингдек, Озарбойжон билан 210 миллион долларлик учта лойиҳага старт берилгани, жорий йилнинг ўзида 1300 километр ички йўллар таъмирланаётгани айтилди. Сўнгги йилларда вилоятда жами 6400 километр ички йўллар асфалтланган.

Ҳокимнинг сўзларига кўра, бу йил барча манбалар ҳисобидан Наманганда 12 триллион сўмлик инвестициялар ўзлаштирилмоқда. Вилоят йил якунигача камбағалликдан чиқариш ва ишсизликни камайтириш бўйича берилган топшириқларни бажаришга ҳам ваъда берди.

Шавкат Абдураззоқов президентнинг 23-июн куни Наманганга қилган ташрифини ҳам алоҳида тилга олди. Унинг айтишича, давлат раҳбари 65 йилда биринчи марта халқаро даражага олиб чиқилган Гуллар фестивалига ташриф буюрган. Шунингдек, Наманганда илк бор давлат даражасидаги халқаро мақомдаги анжуман ўтказилганини қайд этди.

Нутқ якунида Шавкат Абдураззоқов Наманган учун катта ваъда берди.

«Бу йил сизга ваъда берамиз, Наманган йили бўлади барча соҳада».

Самарқанд вилояти: «Бу ернинг халқи бу ерда уйини қандай қилиб сотиб, бошқа жойдан олишни ўйлаб юрган»

Самарқанд вилояти ҳокими Адиз Бобоев 2026-йил вилоят учун «баракали йил» бўлганини айтди. Унинг сўзларига кўра, фақат инфратузилма объектлари учун 6,9 триллион сўм ажратилган.

Бу маблағлар ҳисобидан 1,5 мингта инфратузилма объекти қурилиб, таъмирланиб, фойдаланишга топширилмоқда. Бундан ташқари, 917 та бошқа объектни ишга тушириш режалаштирилган бўлиб, улардан 515 таси очилган, қолган 405 таси эса кейинги уч ой ичида фойдаланишга топширилиши айтилди.

Таълим соҳасида ҳам катта ўзгаришлар қайд этилди. Бу йил Самарқандда 11-синфни 50 минг нафар ўқувчи битираётган бўлса, 1-синфга 92,5 минг нафар бола қабул қилинмоқда. Шу сабабли вилоятдаги 83 та мактабда ўқувчилар сони меъёрдан икки баробардан ошиб кетган эди.

«Битта Самарқанд вилоятида бунақа тарихда бўлмаган. 139 та мактаб қурилиб, таъмирланиб, фойдаланишга топширилди. Ўша 83 та мактаб ҳаммаси икки коэффициентдан бир-бир коэффициентга тушди».

Шунингдек, 66 та боғча фойдаланишга топширилиши натижасида мактабгача таълим қамрови бир йил ичида 63 фоиздан 75 фоизга ошгани айтилди. 57 та маҳаллага илк бор марказлашган ичимлик суви етказилиб, 82 минг аҳоли сув билан таъминланмоқда. Вилоятдаги 23 та авария ҳолатидаги кўприк реконструкция қилиниб, яна 13 та янги кўприк қурилмоқда.

Ҳоким алоҳида Самарқанд шаҳридаги Сартепо массивида амалга оширилган ўзгаришларга тўхталди. Унинг айтишича, авваллари массивдаги уйларнинг томидан сув ўтган, лифтлар ишламаган, подваллар сувга тўлган ва чиқиндиларни олиб чиқиш муаммо бўлган.

«Бу ернинг халқи бу ерда уйини қандай қилиб сотиб, бошқа жойдан олишни ўйлаб юрган. Бу ерда лифт умуман ишламаган. Томдан сув ўтиб, иссиқ сув бўлмаган. Подваллар сув билан тўлиб кетган. Умуман бу массив жуда ҳам қолоқ, шароити оғир бўлган».

Бобоевнинг айтишича, массивда подваллар тозаланган, лифтларни таъмирлаш тизими йўлга қўйилган, чиқиндиларни қабул қилиш пунктлари ташкил этилган. Уларнинг ўрнида спорт мажмуаси ва кичик бозор барпо этилган. Трамвай линияси ҳам массивгача олиб келинган.

Энди ҳудуддаги аввалги бозорча ўрнида беш қаватли эко-бозор ва хизмат кўрсатиш мажмуаси қурилмоқда. Унда болалар учун шохобчалар ҳам ташкил этилиб, 500 дан ортиқ киши иш билан таъминланиши айтилди.

«Сизнинг бошлаган ишларингизни давом эттиряпмиз. Халқ бундан жуда ҳам рози».

Нутқ якунида Самарқанд ҳокими президент томонидан берилган топшириқларни, жумладан ободонлаштириш бўйича вазифаларни тўлиқ бажаришга ваъда берди.

«Бухоро мисолида берган топшириғингизни албатта худди ўша даражага бажарамиз, деб биз ҳам ваъда берамиз. Ободонлаштириш бўйича берган топшириқларингизни ҳам ҳаммасини охиригача етказамиз».

Сирдарё ҳокими: «Аграр вилоятдан саноатлашган вилоятга айландик»

Сирдарё вилояти ҳокими Эркинжон Турдимов сўнгги 10 йилда мамлакатда амалга оширилган ислоҳотлар натижасида вилоят ҳам катта ўзгаришларни бошдан кечирганини айтди. У илгари мамлакатда валюта конвертацияси, таълим тизими, тадбиркорлик ва қўшни давлатлар билан алоқалар билан боғлиқ муаммолар бўлганини эслатди.

Турдимов, шунингдек, Ўзбекистоннинг узоқ йиллар пахтага қарам бўлиб қолгани ҳақида ҳам гапирди.

«Кўп айтасиз, пахтага тобе эдик. Пахта қуллигидан ҳам бир халос қилдингиз-да. Мактаб ўқувчилари даладан чиқмасди. Бу нарсалар ўз-ўзидан бўлгани йўқ», — деди Турдимов.

Унинг айтишича, илгари одамлар йил давомида пахта билан боғлиқ ишлардан бўшамаган.

«Сиёсий ирода йўқлигидан ҳаммамиз пахтага қул эдик, ҳақиқатда. 24 соат, 12 ой шудгор, чеканка, дефолиация, терим билан шуғулланардик. Бошқа иш билан шуғулланмасдик», — деди президент Шавкат Мирзиёев.

Ҳоким тадбиркорлик учун яратилган имкониятлар натижасида Сирдарё вилояти ҳам қишлоқ хўжалигига асосланган ҳудуддан саноатлашган вилоятга айланганини айтди.

«Мана Сирдарё вилояти ҳам бугун аграр соҳадан саноатлашган вилоятга айланиб бўлди», — деди ҳоким.

Турдимовнинг айтишича, ҳозир вилоятда йирик саноат ва инвестиция лойиҳалари амалга оширилмоқда. 2026-йили Сирдарёга 2 миллиард доллар инвестиция жалб қилиш режалаштирилган. Унинг таъкидлашича, авваллари Сирдарёга шунча миқдорда инвестиция жалб қилиш мумкинлигига ҳеч ким ишонмаган.

«Умуман, Сирдарёда ҳам биров ишонармиди 2 миллиард инвестиция олиб келиш мумкинлигини? Ҳеч ким ишонмасди. Қилса бўлар экан-ку», — деди давлат раҳбари.

Ҳоким 10 йил олдин вилоятда инвестиция деярли бўлмаганини айтиб, Сирдарё эркин иқтисодий зонасидаги ўзгаришларни ҳам мисол келтирди. Унинг сўзларига кўра, илгари эркин иқтисодий зонадаги бир гектар ерга ўртача 1 миллион доллар инвестиция тўғри келган бўлса, ҳозир бу кўрсаткич 3,8 миллион долларга етган.

«10 йил олдин кўтарсак, ўзи умуман инвестиция бўлмаган экан, айтишга ҳам одам уялади. Илгари бир гектар жойига эркин иқтисодий зонада 1 миллион доллар инвестиция тўғри келган бўлса, ҳозир Сирдарё эркин иқтисодий зонага 4 миллион долларга яқинлашди, 3,8 миллион ўртача лойиҳалар бир гектар жойга тўғри келяпти».

Нутқ якунида Эркинжон Турдимов cирдарёликлар президент томонидан белгиланган барча вазифаларни бажаришга тайёрлигини билдирди.

«Бугун очиғини айтаман, сирдарёликларнинг шашти жуда баланд. Сиз қўйган барча топшириқларни биз сидқидилдан адо этамиз».

Сурхондарё вилояти: «10 йил олдин бу ерга уч тийин ҳам инвестиция келмасди»

Сурхондарё вилояти ҳокими Улуғбек Қосимов 2025–2026-йиллар вилоят учун катта ўзгаришлар даври бўлганини айтди. Унинг сўзларига кўра, сўнгги йилларда Сурхондарёни қийнаб келган йўл, ичимлик суви ва инфратузилма муаммоларини ҳал қилиш учун катта маблағлар ажратилган.

Ҳоким, хусусан, М-41 автомобил йўли бўйича тендер якунлангани, Бойсун–Денов йўлининг қурилиши давом этаётганини таъкидлади. У вилоятнинг «азалий орзуси» деб атаган Тўпаланг сув тизими ҳам муҳим натижалардан бири бўлганини айтди.

«Сурхондарёнинг азалий орзуси — Тўпаланг тизими. Бу ҳеч кимнинг тушига кирмаган эди. Бугун охирги сиз берган топшириқ бўйича йил охиригача эди, мана шу Мустақиллик байрамига Шеробод туманига етиб борди», — деди ҳоким.

Қосимовнинг айтишича, Тўпалангдан ичимлик суви олиб келиш лойиҳаси вилоят аҳолиси ҳаётига катта таъсир қилади. У ичимлик суви соҳасида амалга оширилган ишларни «жуда катта революцион режа» деб атади.

«Йиллар ўтади, лекин одамларнинг соғлиғи ўзгаради. Умуман ичимлик сувида жуда катта мана шу революцион режа қилган эдик, натижа ҳам бўлди», — деди вилояти ҳокими.

Вилоятда бу йил 3 миллиард долларлик инвестициялар амалга оширилмоқда. Ҳокимнинг таъкидлашича, 10 йил аввал Сурхондарёга бундай ҳажмдаги маблағни жалб қилиш мумкинлигига ишониш қийин эди.

«10 йил олдин бу гапни эшитган одам, тўғриси, Сурхондарёда уч тийин ҳам мумкин эмас эди бу ерга олиб келиш», — деди Улуғбек Қосимов.

Президентнинг вилоятга аввалги ташрифи давомида 42 та лойиҳага жами 6,7 миллиард долларлик старт берилган. Ҳозир эса 2 триллион сўмлик объектлар фойдаланишга топширилмоқда.

Чегараолди ҳудудларидаги фаоллик ҳам ошган. Ҳокимнинг айтишича, қўшни давлатлар билан алоқалар кенгайгани сабаб кунига 3 мингга яқин ишчи чегарадан ўтмоқда. Бу эса Сариосиё ва Денов туманларида хизмат кўрсатиш ва туризмнинг ривожланишига туртки бўлмоқда.

Қосимов қишлоқ хўжалигини саноатлаштириш бўйича берилган вазифаларга ҳам тўхталди. Унга кўра, Сурхондарёда етиштирилаётган маҳсулотларни арзон нархда хомашё сифатида экспорт қилиш ўрнига, уларни қайта ишлашга эътибор қаратилмоқда.

«Менга айтгансиз, қишлоқ хўжалигини саноатлаштирасан, Сурхондарё етиштираётган маҳсулотлар арзон-гаровга экспорт бўлмасин, қайта ишлансин».

Хурмо ва анжир етиштириш ҳамда уларни тўлиқ циклда қайта ишлаш бўйича лойиҳалар қуриб битказилган. Узун туманида эса ҳар бир хонадонда хурмо етиштиришни йўлга қўйиш вазифаси белгиланган.

Ҳокимнинг айтишича, саноат, хизмат кўрсатиш ва туризм соҳаларида тадбиркорлик фаоллиги ҳам кескин ошган. У президентнинг Хивадаги тадбиркорлар билан учрашувида эълон қилинган янги имтиёзлар Сурхондарё тадбиркорларини ҳам руҳлантирганини айтди.

Қосимов 2025 ва 2026-йилларни Сурхондарё учун алоҳида давр деб атади.

«Агар 26-йил, 25-йилни олсак, Сурхондарёликлар йили бўлди десак, бу ҳам тўғри бўлади. Ҳамма соҳада жуда кескин ўзгаришлар», — деди давлат раҳбари.

Давлат раҳбарининг фикрича, энг катта ўзгаришлардан бири одамларнинг дунёқараши ва талабининг ўзгараётганидир. У бунга Денов мисолини келтирди. Қосимовнинг айтишича, 10 йил аввал Денов ёпиқ шаҳарга ўхшаш, канализация ва ичимлик суви билан боғлиқ жиддий муаммолари бўлган ҳудуд эди.

«Энг катта менга ёққани, одамларнинг онги ўзгаряпти. Деновда қилинган ишларни кўриб, шаҳарда қилган ишларни кўриб, ҳақиқатда 10 йил олдин ёпиқ шаҳар эди, канализацияси йўқ, суви йўқ», — деди Шавкат Мирзиёев.

Ҳокимнинг сўзларига кўра, бугун вилоятда амалга оширилаётган лойиҳалар фақат инфратузилмани эмас, балки одамларнинг яшаш шароити ва келажакдаги имкониятларини ҳам ўзгартирмоқда.

Тошкент вилояти ҳокими: «6,2 миллиардга шубҳа қилмасангиз ҳам бўлади»

Тошкент вилояти ҳокими Зоир Мирзаев вилоятда ижтимоий соҳа, туризм, таълим, инвестиция ва экспорт йўналишларида амалга оширилаётган ишлар ҳақида гапирди.

Унинг айтишича, вилоятга фақат ижтимоий соҳа учун 1,4 миллиард маблағ ажратилган. Шу ҳисобидан 34 та мактаб ва 24 та боғча тўлиқ битказилган. Шунингдек, 13 та санаторий, профилакторий ва хусусий дам олиш маскани, 107 та уй-меҳмонхона ҳамда камида 50 ўринли 17 та меҳмонхона қурилган.

«Сиз Тошкент вилоятини туризм масканига айлантириб бердингиз».

Мустақиллик байрами арафасида тадбиркорлар ўз маблағлари ҳисобидан ҳам янги ижтимоий объектларни ишга туширмоқда. Хусусан, 987 миллиард сўм эвазига 7 та хусусий мактаб, 18 та хусусий боғча ва 36 та хусусий клиника қурилган.

Ҳоким вилоят туманларида бир кунда ўнлаб таълим ва ижтимоий объектлар фойдаланишга топширилаётганини ҳам таъкидлади. Жумладан, Янгийўл туманида бир кунда 5 та мактаб ва 9 та боғча, Бекобод туманида эса 16 та мактаб, 29 та боғча ва 13 та маҳалла маркази очилган.

Инвестиция масаласида Зоир Мирзаев йил бошида Тошкент вилоятига 6,2 миллиард доллар инвестиция жалб қилиш мажбурияти қўйилганини айтди. Йилнинг етти ойи якунига кўра 2,9 миллиард долларлик инвестиция ўзлаштирилган.

Экспорт бўйича эса вилоят олдига 2,5 миллиард долларлик кўрсаткич қўйилган. Ҳозирга қадар 1,3 миллиард долларлик экспорт амалга оширилган.

Ҳоким нутқида Оҳангарон туманидаги янги лойиҳани ҳам мисол қилиб келтирди. 30 миллион долларлик инвестиция эвазига қуёш панеллари учун ячейка ишлаб чиқарадиган корхона ташкил этилган. Корхона йил охиригача фақат АҚШга 200 миллион долларлик маҳсулот етказиб бериш бўйича шартномаларга эга экани айтилди.

«Мана шу мен турган корхона Оҳангарон туманида ҳеч кимнинг хаёлига келмаган лойиҳа. Бу қуёш панеллари учун ячейка ишлаб чиқаради. 30 миллион доллар инвестиция. Энг қизиғи, йилнинг охиригача 200 миллион доллар шартномаси фақат Американинг ўзига бор экан ҳозир».

Мирзаевнинг айтишича, президентнинг Тошкент вилоятига сўнгги ташрифи давомида 6,2 миллиард долларлик 14 та лойиҳага старт берилган ва уларнинг барчаси бошланган.

Ҳоким, шунингдек, Нурафшондағы ўзгаришларга ҳам тўхталди. Унинг сўзларига кўра, президентнинг шаҳарга ташрифи ва у ерда ўтказилган байрам тадбирлари вилоят аҳолиси кайфиятига катта таъсир қилган.

«Бугун халқимиз нима билан яшаяпти десангиз, сиз Нурафшонга келиб, айланиб, одамлар билан ўзингиз янгитдан бунёд қилган жойда байрамни ўтказган, ўша байрам кайфияти билан яшаяпти халқимиз».

Ҳоким йил охиригача шу кайфиятни сақлаб қолишга ва янги Нурафшонда вилоят марказидаги илк байрам тадбирини ўтказишга тайёргарлик кўрилаётганини айтди.

«Биз ўзимизнинг вилоятнинг марказида биринчи байрамимизни ўтказишга тайёргарлик кўряпмиз».

Фарғона вилояти ҳокими: «Энди инвесторларни ҳам танлайдиган бўлиб қолдик»

Фарғона вилояти ҳокими Хайрулла Бозоров вилоятда йил бошидан буён 2,7 миллиард доллар инвестиция жалб қилинганини айтди. Йил якунигача бу кўрсаткични 4,5 миллиард долларга етказиш ваъдаси берилган.

«Инвестиция мана 2,7 миллиард бўлди. Йил якунигача 4,5 ваъда берганмиз, бу тўла охиригача бажарилади».

Ҳокимнинг айтишича, бугун Фарғонага 35 та давлатдан инвесторлар келмоқда. Хусусан, Саудия Арабистони, Туркия, Япония, Европа давлатлари ва АҚШдан инвесторларнинг фаоллиги ошган.

«Бизга Фарғонага инвестиция киритаётган инвесторлар 35 та давлатдан бўлди. Саудиялар жуда ҳам катта қизиқиш билан ишни бошлаяпти. Туркия жуда ҳам қаттиқ фаоллик билан корхоналарни ташкил қилиб, ишни бошлаяпти. Японлар бошлаган, европаликлар бошлаган, америкаликлар келяпти».

Бозоров бу ҳолат Ўзбекистон ва Фарғонанинг халқаро миқёсда танилаётгани билан боғлиқлигини таъкидлади.

Ҳоким нутқида «Hansy Mobility» лойиҳасига ҳам тўхталди. Кореялик ҳамкорлар билан амалга оширилаётган 30 миллион долларлик лойиҳа икки босқичда ишга туширилади. Унинг ҳисобидан мамлакатга импорт қилинаётган GM автомобиллари эҳтиёт қисмларининг 40 миллион долларлик қисмини маҳаллий ишлаб чиқариш имконияти яратилиши айтилди.

«40 миллион долларлик мамлакатимизга импорт бўлиб келаётган GM автомобил запчастларини ўзимизда ишлаб чиқариш, маҳаллийлаштириш имконини беради».

Фарғона ҳокими авваллари ҳудудга қандай бўлмасин инвестор олиб келишга ҳаракат қилинганини, ҳозир эса вилоят лойиҳа ва инвестициялар сифатини танлайдиган даражага етганини айтди.

«Илгари нима бўлса югурардик, чопардик, қанақа инвестиция бўлса олиб келардик. Энди очиғини айтганда, охирги вақтда биз ҳам танлайдиган бўлиб қолдик. Инвестор келса, тўхта, олдин гаплашиб кўрсин, ўзи қабул қилиш керакми ё керак эмасми? Бу яхшироқ бир юқори қийматли лойиҳа таклиф қиляптими ё яна шу кичик лойиҳа олиб келдим дейдиган даражага бордик».

Унинг айтишича, энди инвесторлардан юқори қўшилган қиймат яратадиган ва кластерли ишлаб чиқаришга асосланган лойиҳалар талаб қилинмоқда.

Данғара туманида эса замонавий қурилиш материаллари ишлаб чиқаришга ихтисослашган 170 миллион долларлик лойиҳа амалга оширилмоқда. Лойиҳанинг биринчи босқичига 20 миллион доллар сарфланиб, иккинчи босқичга яна 150 миллион доллар йўналтирилиши режалаштирилган.

«Инвесторларга ҳам айтганмиз, бизга тугалланган юқори қиймат қилиб бер, кластерли ишлаб чиқаришларни қилиб бер, деяпмиз».

Нутқ якунида Хайрулла Бозоров Фарғона вилояти раҳбарияти ва тадбиркорлари президент томонидан белгиланган марраларни юқори даражада бажаришга ваъда берди.

«Биз бундан фақат куч оламиз, ғайрат оламиз ва меҳнат қилиб, сиз қўйган марраларни энг юқори даражада, намуна қилиб бажаришга яна бир бор бутун Фарғона оқсоқоллари, тадбиркорлар номидан ваъда берамиз».

Хоразм вилояти ҳокими: «Хоразмни ишсизликдан ва камбағалликдан холи ҳудудга айлантирамиз»

Хоразм вилояти ҳокимининг биринчи ўринбосари Анвар Давлетов Мустақилликнинг 35 йиллиги арафасида вилоятда йирик инвестиция ва инфратузилма лойиҳалари амалга оширилаётганини маълум қилди.

«Бугун биз 150 миллион доллар инвестиция киритилиши ҳисобига амалга оширилган Урганч–Хива биринчи пуллик йўлнинг топширилиш жараёнида турибмиз. Ушбу йўл Урганч шаҳар ва Хива шаҳарларини боғлаб, нафақат маҳаллий аҳоли, балки хорижий сайёҳлар учун ҳам хизмат кўрсатиб, туризм салоҳиятини оширишда бизга хизмат қилади», — деди ҳоким.

Давлетовнинг айтишича, президентнинг вилоятга яқиндаги ташрифи давомида 12 та йирик инвестиция лойиҳаси ишга туширилган ва умумий қиймати 7,5 миллиард долларлик янги лойиҳаларга старт берилган.

Шунингдек, вилоятда 55 та мактаб ва мактабгача таълим объекти фойдаланишга топширилган. Йил якунигача эса 235 миллион долларлик яна 10 дан ортиқ инвестиция лойиҳаси ишга туширилиши режалаштирилган.

Хоразм раҳбарияти йил якунигача 81 минг нафар камбағал оила аъзосини ҳамда 39 минг нафар ишсизларни иш билан таъминлашни ваъда қилмоқда.

«Йил якунигача ўзингизга ваъда берган ўша 81 минг нафар камбағал оила аъзоларини, шунингдек, 39 минг нафар ишсизларни иш билан таъминлаб, Хоразм вилоятини ишсизликдан ва камбағалликдан холи ҳудудга айлантирамиз», — деди ҳоким.

Бу йил вилоятга 20 триллион сўм маблағ ажратилгани, ушбу маблағлар ҳисобига турли бунёдкорлик ва инфратузилма ишлари амалга оширилаётгани ҳам қайд этилди.

Президент Шавкат Мирзиёев эса Хоразмни камбағаллик ва ишсизликдан холи ҳудудга айлантириш бўйича алоҳида тизим жорий этилишини айтди. Бунда Сенат раҳбарияти иштирокида жамоатчилик назорати йўлга қўйилиши ва бу «Хоразм тажрибаси» бўлиши таъкидланди. Давлат раҳбари келгуси йил Ўзбекистонда «Хоразм йили» бўлишини ҳам айтиб, вилоят раҳбариятини тадбиркорлик, ишбилармонлик ва ижтимоий соҳалардаги ишларни янада кучайтиришга чақирди. Президент, шунингдек, Урганч–Хива пуллик йўлини алоҳида эътироф этди.

Пойтахт ҳокими: «Пойтахт 9 миллиард доллар инвестиция жалб қилади»

Тошкент шаҳри ҳокими Шавкат Умрзоқов пойтахт сўнгги йилларда жадал ривожланаётган шаҳарлар қаторига кирганини айтди. У «Boston Consulting Group» тадқиқотида Тошкент дунёдаги 80 та ривожланган шаҳар орасида ривожланиш суръати бўйича Шенжен ва Доҳа шаҳарларидан кейин учинчи ўринни эгаллаганини таъкидлади.

«Сизнинг ислоҳотларингиз, бугун амалга ошираётган ишларингиз натижасида Тошкент шаҳри дунёда учинчи ўринни олиб, Шенжен ва Доҳа шаҳридан кейин учинчи ўринни эгаллади».

Ҳокимнинг айтишича, Тошкент 2024-йилда 2,7 миллиард доллар инвестиция жалб қилган бўлса, 2026-йилда бу кўрсаткични 9 миллиард долларга етказиш режалаштирилган. Саккиз ой якунига кўра эса шаҳарга 5,6 миллиард доллар инвестиция жалб қилинган.

Шунингдек, йил якунига қадар 4 миллиард долларлик экспортга чиқиш мақсад қилинган. Ҳозир ишга туширилаётган 14 та лойиҳа орасида тўрттаси саноат, иккитаси туризм йўналишига тўғри келади. Ҳокимнинг сўзларига кўра, улар тўлиқ қувватга чиққач, қарийб 3 миллиард долларлик маҳсулот ишлаб чиқариб, 1,5 миллиард долларлик экспортни таъминлайди.

Йил охирига қадар саноат зонасида яна 500 миллион долларлик 22 та янги лойиҳа жойлаштирилиши ҳам айтилди.

Умрзоқов, шунингдек, «DP World» компанияси Тошкентда логистика лойиҳасини бошлаш ниятида эканини маълум қилди. Компания октябр ойида 120 миллион тонна юк ва 150 минг контейнерни қайта ишлаш қувватига эга логистика марказининг тамал тошини қўйиш маросимига президентни таклиф қилгани айтилди.

Ҳокимнинг сўзларига кўра, илгари бўш ҳудуд бўлган жойда ҳозир умумий қиймати 1,2 миллиард долларлик лойиҳалар шаклланган. Улардан 26 таси жорий йилга мўлжалланган бўлиб, 10 таси ишга туширилади.

«Биз, пойтахтликлар, сизнинг бугун амалга ошираётган ислоҳотларингизда ҳаммасини биринчилар даражасида бажаришга ваъда берамиз».

Президент эса Тошкентнинг 9 миллиард долларлик инвестиция жалб қилиш режаси катта кўрсаткич эканини айтиб, пойтахт бошқа ҳудудларга намуна бўлиши кераклигини таъкидлади.

«Ниятимиз битта — халқимизни рози қилиш, қадрини кўтариш ва Тошкент бунда намуна бўлиши шарт ва намуна бўляпти ҳам».








Теглар

Маҳлиё Ҳамидова

Маҳлиё ҲамидоваМақолалар сони: 195

Барчаси

Мавзуга оид