Миллионлаб обуначи, миллиардлаб даромад: блогерлар қандай тартибда солиқ тўлайди?
Солиқ қўмитаси аудиторияси 3 миллиондан ортиқ бўлган олти блогернинг реклама фаолияти бўйича 3,1 млрд сўмлик солиқ мажбуриятини аниқлади. Vaqt.uz ушбу мисол орқали блогерлар учун амалдаги солиқ қоидаларини таҳлил қилади.
© Foto: PinterestЎзбекистонда фаолият юритаётган йирик контент яратувчилари ва инфлюенсерлар фаолияти ўрганилиб, айрим ҳолатларда солиқ мажбуриятларининг тўлиқ бажарилмагани аниқланди. Vaqt.uz аввалроқ ўтказилган онлайн мулоқот ҳақида хабар берганди.
Солиқ қўмитасининг Иқтисодий таҳлил ва яширин иқтисодиётни мониторинг қилиш бошқармаси бош давлат солиқ инспектори Камола Ахмаджонованинг маълум қилишича, 110 нафар инфлюенсернинг фаолияти таҳлил қилинган. Уларнинг 55 нафари ўзини ўзи банд қилган шахс, 33 нафари якка тартибдаги тадбиркор ва 22 нафари жисмоний шахс сифатида фаолият юритиб келмоқда.
Бу блогерлар 2025 йил якунлари бўйича жами 2,7 миллиард сўм даромадни декларация қилган ва бюджетга 110 миллион сўм солиқ тўлаган. Бироқ Instagram тармоғида обуначилари 3 миллиондан ошган олти нафар блогер фаолияти ўрганилганда, давлат бюджетига етказилган 3,1 миллиард сўмлик зарар аниқланган.
Улар бир йил давомида 184 та реклама пости ва 360 та тижорий сторис жойлаштирган. Солиқ қўмитаси ҳисоб-китобларига кўра, бу реклама хизматларидан олинган даромад 26 миллиард сўмга яқин бўлган. Натижада давлат бюджетига тўланиши лозим бўлган қўшилган қиймат солиғи миқдори 3,1 миллиард сўм деб баҳоланган.
Реклама даромади қандай солиққа тортилади?
Қўмита бошқарма бошлиғи Музаффар Муҳаммадсаидовга кўра, якка тартибда ишлайдиган контент яратувчилар учун ўзини ўзи банд қилган шахс мақоми қулай ҳисобланади. Агар блогер жамоа билан ишласа ёки ходимлар жалб қилса, якка тартибдаги тадбиркор ёки юридик шахс сифатида фаолият юритиши мақсадга мувофиқ.
«Кўпгина блогерларимиз ижтимоий тармоқларда жамоавий бўлиб чиқишлар қилади. Шундай тартибда ишлайдиганларга юридик шахс ёки якка тартибдаги тадбиркор сифатида фаолият юритишни тавсия қиламиз», деди Музаффар Муҳаммадсаидов.
Амалда блогерлар тўлайдиган солиқ миқдори танланган режимга боғлиқ. Масалан, ўзини ўзи банд қилган шахслар ва якка тартибдаги тадбиркорлар йиллик айланмаси 4,94 миллиард сўмгача бўлган тақдирда тушумнинг 1 фоизини айланмадан солиқ сифатида тўлайди.
Ушбу чегарадан ошилганда эса ҚҚС ва фойда солиғи тизимига ўтилади. Бу умумбелгиланган солиқ тури дейилади. Илк бор мазкур солиқ режимига ўтганларга фойда солиғини бир йил давомида тўламаслик ҳуқуқи берилган.
Блогер юридик шахс сифатида фаолият юритаётган бўлса, йиллик айланма маблағларидан 4 фоизини айланмадан олинадиган солиқ сифатида тўлайди. Унинг айланмаси ҳам белгиланган чегарадаги суммага етса, умумбелгиланган солиқ тўловчиси бўлади.
Тадбиркор сифатида рўйхатдан ўтмаган, аммо блогерлик орқали даромад оладиган жисмоний шахслар ҳам солиқ тўлаши керак. Бунинг учун улар ҳар йили 1 апрелгача даромад декларациясини тақдим этади. Ҳисобланган 12 фоизлик даромад солиғи эса 1 июнгача тўланиши зарур.
Картадан-картага пул ўтказиш солиқдан қочиш деб баҳоланади
Онлайн мулоқотда энг кўп муҳокама қилинган мавзулардан бири блогерларга реклама учун тўловларни картадан картага қабул қилиш амалиёти бўлди.
Солиқ қўмитаси бу усулни тадбиркорлик фаолиятида тушумни яшириш деб баҳоламоқда. Музаффар Муҳаммадсаидовнинг таъкидлашича, реклама хизматлари учун P2P ўтказмаларни қабул қилиш чек бермаслик ҳолатига тенглаштирилиши мумкин.
«Тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланган тақдирда жисмоний шахснинг картасидан-картасига пул ўтказиш тушумни яшириш деб баҳоланади. Бу ҳолат белгиланган тартибда жарима солишга сабаб бўлади. Чунки ўртадаги тушум суммаси яширилмоқда. У ерда чеклар расмийлаштирилмайди, солиқ ҳисоботида шакллантирилмайди. Бу худди назорат-касса техникаларидаги каби чек бермаслик деб баҳоланади ва жарима қўлланилади», деди у.
Музаффар Муҳаммадсаидов блогер карта орқали пул олса, чек бермаслик ҳолати сингари 5 миллион сўм жаримага тортилишини айтди. Бундан ташқари, Солиқ кодексининг 223-моддасига асосан, яширган солиқ базасининг 20 фоиз миқдорида қўшимча жарима ҳам тўлайди.
«Агар яширилган деб топилган сумма катта бўлса, фуқаро жиноий ёки маъмурий жавобгарликка тортилади. Мисол учун, картага 1 миллиард сўм ўтказиб берилди. Ушбу суммадан Солиқ кодексига биноан 200 миллион сўм (20 фоизи) миқдорда жарима қўлланиши мумкин. Албатта, жарима қиймати яширилган маблағ миқдорига боғлиқ», деди қўмита вакили.
Рўйхатдан ўтиш тартиби
Ўзини ўзи банд қилган шахс ёки ЙТТ сифатида рўйхатдан ўтишнинг офлайн ва онлайн шакллари бор. Биринчи йўл — давлат хизматлари марказлари ёки солиқ органига бориш орқали рўйхатга кириш.
Кейингиси эса «Soliq» иловаси, my.gov.uz портали ва new.birdarcha.uz сайтларидан фойдаланиб, солиқ режимини танлаш имконияти бор. Бунда ўзини ўзи банд қилмоқчи бўлганлар «Soliq» ёки my.gov.uz иловасига киради. ЙТТ очиш ниятидагилар new.birdarcha.uz сайтидан фойдаланади.
Расмийлар таъкидлашича, блогерлар учун асосий хавф даромадни яшириш эмас, балки фаолиятни нотўғри расмийлаштириш ҳисобланади. Миллионлаб обуначиларга эга саҳифалар кўпинча жамоа бўлиб ишласа-да, айрим ҳолатларда ҳали ҳам жисмоний шахс ёки ўзини ўзи банд қилган шахс мақомида қолмоқда. Бу эса солиқ ҳисоботи ва тушумларни расмийлаштиришда муаммолар келтириб чиқариши мумкин.
Шу сабабли, блогерлар жойлаштираётган реклама ва бошқа онлайн рекламаларни маркировкалаш тизимини жорий этиш режалаштирилмоқда. Унга кўра, ҳар бир реклама учун алоҳида код бириктирилади.
Солиқ қўмитаси Бюджет даромадларини прогнозлаштириш департаменти директорининг ўринбосари Ҳамдамбек Бобожоновнинг маълум қилишича, бу борада Россия тажрибаси ҳам ўрганилган. Унинг айтишича, расмий ташриф давомида мазкур тизимни ишга туширишдан олдин амалга оширилган тайёргарлик ишлари, жумладан, қонунчиликка киритилган ўзгаришлар муҳокама қилинган.
Ўзбекистонда ҳам тизимни босқичма-босқич жорий этиш режалаштирилмоқда. Дастлаб у айрим ҳудудларда синов тариқасида ишга туширилиши, кейинчалик эса бутун мамлакат бўйлаб татбиқ этилиши кўзда тутилган.
Қўмита вакилига кўра, Россия томонининг амалиёти, жорий этиш жараёнида учраган муаммолар ва уларнинг ечимлари ҳозирда ўрганилмоқда. Айни пайтда Солиқ қўмитаси мазкур тизимнинг ишлаш тартиби ва аниқ талаблари бўйича ҳали расмий маълумот бермаган.
Россия тажрибаси қандай?
Россияда блогерлар даромад келтирувчи фаолият билан шуғулланса, ушбу тушумларни расмий равишда декларация қилиши ва белгиланган тартибда солиқ тўлаши лозим. Даромадларни яшириш ёки солиқдан бўйин товлаш эса айрим ҳолатларда маъмурий ёки жиноий жавобгарликка сабаб бўлиши мумкин.
Мамлакатдаги амалдаги қоидаларга кўра, блогерлар жисмоний шахс, ўзини ўзи банд қилган шахс ёки якка тартибдаги тадбиркор мақомида фаолият юритиши мумкин. Агар контент бир неча муаллифдан иборат жамоа томонидан яратилса ва даромад ҳамда харажатларни алоҳида ҳисобга олиш зарурати бўлса, мутахассислар масъулияти чекланган жамият (МЧЖ) шаклида фаолият юритишни мақбул вариант сифатида кўрсатади.
Россияда блогерлар учун солиқ рўйхатидан ўтишнинг ўзи етарли эмас. Қонунчиликка мувофиқ, аудиторияси 10 минг нафардан ортиқ бўлган блогерлар қўшимча равишда Роскомнадзор реестридан ҳам ўтиши шарт.
Ушбу талаб мажбурий ҳисобланади. Агар 10 мингдан зиёд обуначига эга блогер Роскомнадзорда рўйхатдан ўтмаса, у ўз аудиториясидан донатлар қабул қилиш, шунингдек, саҳифасида реклама материалларини жойлаштириш ҳуқуқидан маҳрум бўлиши мумкин. Шу тариқа Россия ҳукумати йирик аудиторияга эга контент яратувчилар фаолиятини алоҳида тартибга солиш ва уларнинг даромад манбаларини шаффофлаштиришга ҳаракат қилмоқда.
Агар блогер ўзини ўзи банд қилган шахс сифатида ёки якка тартибдаги тадбиркор сифатида рўйхатдан ўтмаган бўлса ҳам, у олаётган даромадидан жисмоний шахслар даромад солиғини тўлаши шарт. Даромад солиғи 13 фоиз ставка бўйича тўланади. Агар даромад 2,4 млн рублдан (362 млн сўм) ошса, ошган қисмига 15 фоиз ставка қўлланилади. Агар даромад 5 млн рублдан (755 млн сўм) ошса, 18 фоиз ва ундан юқори ставка қўлланилади.




