Мирободдаги болалар майдончаси ўрнидаги ноқонуний қурилиш бўйича жиноят иши қўзғатилди
Аввалроқ Саида Мирзиёева Миробод туманидаги «Лолазор» маҳалласида ўрганиш ишларини олиб борганди. Иш доирасида бир нафар шахс гумонланувчи сифатида қўлга олинди.
© Foto: t.me/Rasmiy_axborot_officialМиробод туманида болалар майдончаси ва спорт ўйингоҳлари ҳудудида амалга оширилган қурилиш ишлари юзасидан жиноят иши қўзғатилди.
Ўрганишлар давомида аниқланишича, аввал «Маҳалла» хайрия жамоат фонди балансида бўлган ҳудуд кейинчалик «Al-Latif Hearts Tower» МЧЖ тасарруфига ўтказилган. Шунингдек, реконструкция ва қўшимча бино-иншоотлар қуриш учун тегишли рухсат ҳужжатлари ҳам расмийлаштирилган.
Бироқ «Лолазор» маҳалласи аҳолиси мазкур ҳудудда янги қурилишга қарши чиққан. Кейинчалик «Маҳалла» хайрия жамоат фонди билан инвестор ўртасидаги инвестиция шартномаси ҳам бекор қилинган.
Бино бузилгани аниқланган
Шунга қарамай, 2026 йил июнь ойида фонд балансида бўлган 172 квадрат метр майдондаги бино бузиб ташлангани ва бу орқали давлат манфаатларига жиддий зарар етказилгани аниқланган.
Шу муносабат билан 27-июл куни туман прокуратураси томонидан «Ал-Латиф Hearts Tower» МЧЖ мансабдор шахслари ҳамда бошқа шахсларга нисбатан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилди. Жамиятнинг норасмий раҳбари сифатида кўрсатилаётган Аслиддин Икромов гумонланувчи тариқасида процессуал тартибда ушланган.
Тергов давом этмоқда
Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. Шунингдек, масъулларнинг хатти-ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо бериш ҳамда болалар майдончасини аввалги ҳолатига қайтариш бўйича чоралар кўрилаётгани маълум қилинди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Президент Администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева «Лолазор» маҳалласига ташриф буюриб, пойтахтда болалар ва спорт майдончалари ўрнида қурилишлар кўпайиб бораётганини танқид қилган эди.





