Мирзиёев Яқин Шарқ монархиялари етакчилари билан Ўзбекистон фуқаролари хавфсизлигини муҳокама қилди

Ўзбекистон етакчиси Уммон султони, БАА президенти ва Кувайт валиаҳди билан телефон мулоқотида Яқин Шарқдаги вазиятни муҳокама қилди. Суҳбатларда Ўзбекистон фуқароларининг хавфсизлиги ва уларни Ватанга қайтариш чоралари алоҳида кўриб чиқилди.

Мирзиёев Яқин Шарқ монархиялари етакчилари билан Ўзбекистон фуқаролари хавфсизлигини муҳокама қилди © Foto: president.uz

Бугун, 4-март куни Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Яқин Шарқ монархиялари етакчилари – Уммон султони Ҳайсам бин Ториқ Ол Саид, Бирлашган Араб Амирликлари президенти Шайх Муҳаммад бин Зоид Ол Наҳаён ва Кувайт валиаҳди Шайх Сабоҳ ал-Ҳолид ал-Ҳамад ас-Сабоҳ билан телефон орқали мулоқот қилди. Бу ҳақда президент матбуот хизмати хабар берди.

Мулоқотда Яқин Шарқдаги ҳозирги мураккаб вазият муҳокама қилиниб, юзага келган беқарорлик жиддий ташвиш уйғотаётгани қайд этилди.

Ўзбекистон Президенти минтақа ҳудудида содир бўлган бундай ҳаракатлардан хавотирда эканини билдириб, Ўзбекистон ҳар қандай қарама-қаршилик ҳамда зиддиятни сиёсий-дипломатик ва тинч йўллар билан, музокаралар орқали ҳал қилишнинг қатъий тарафдори эканлигини таъкидлади.

Шавкат Мирзиёев Уммон султонлигининг минтақада хавфсизликни таъминлаш борасида амалга ошириб келаётган фаол воситачилик роли ва изчил саъй-ҳаракатларини алоҳида эътироф этди.

Шунингдек, Уммонда бўлиб турган Ўзбекистон фуқароларининг хавфсизлигини таъминлаш ва уларни Ватанига қайтариш учун яратилаётган шарт-шароит учун султонга чуқур миннатдорлик билдирди.

БАА президенти билан суҳбатда муқаддас Рамазон ойида рўй бераётган бундай нохуш ҳолатлар халқаро ҳуқуқ тамойилларига зид эканлиги ҳамда тинчлик-осойишталикка таҳдид солаётган ҳар қандай ҳаракатларни зудлик билан тўхтатиш зарурлиги таъкидланди. Мирзиёев ушбу мураккаб дамларда Ўзбекистоннинг стратегик шериги ва яқин ҳамкори бўлган Бирлашган Араб Амирликлари раҳбарияти ва халқи билан бирдам ва якдил эканини билдирди. Ҳозирда ушбу мамлакатда бўлиб турган Ўзбекистон фуқароларига кўрсатилаётган амалий кўмак, уларни Ватанига қайтариш бўйича олиб борилаётган чоралар учун алоҳида ташаккур изҳор этди.

Мирзиёев Кувайтда бўлиб турган Ўзбекистон фуқароларига кўрсатилаётган амалий ёрдам учун ҳам алоҳида ташаккур айтди. Шунингдек, Кувайт амири Мишъал ал-Аҳмад ал-Жобир ас-Сабоҳга илиқ саломларини йўллади.

Ўз навбатида, Уммон султони Ўзбекистон етакчисига ҳамжиҳатлик ва бирдамлик туйғулари учун ташаккур изҳор этиб, Масқатга бўлажак олий даражадаги тарихий ташриф юксак савияда ўтишига ишонч билдирди. Амирликлар етакчиси ҳам ушбу синовли дамларда Ўзбекистон Президентининг самимий қўллаб-қувватлагани, кўрсатаётган биродарлик ҳурмати ва ҳамжиҳатлик руҳи учун чуқур миннатдорлик билдирди. Кувайт валиаҳди эса ҳозирги қийин вақтда изҳор этилган дўстона қўллаб-қувватлаш ва бирдамлик туйғулари учун Ўзбекистон етакчисига мамлакат раҳбарияти ва халқи номидан чуқур миннатдорлик изҳор этди.

АҚШ ва Исроилнинг Эронга қарши ҳарбий амалиёти

Исроил ва АҚШ 28-феврал тонгида Эрон ҳудудига зарбалар беришни бошлади. АҚШ президенти Доналд Трамп Ислом Республикасининг ядровий дастурини йўқ қилиш ниятида эканини билдирди. У Эрон армиясини қуролни ташлашга, мамлакат аҳолисини эса «тақдирини ўз қўлига олишга» чақирди.

3-март куни Эрон давлат ОАВлари хабар беришича, зарбалар натижасида мамлакатда камида 787 нафар киши ҳалок бўлган. Эрон жавоб тариқасида Исроилга ва Форс кўрфази минтақасидаги бир нечта давлатларга зарбалар берган, у ерларда ҳам қурбонлар бор. Теҳрон араб давлатлари билан уруш олиб бормаётганини, балки минтақадаги АҚШ ҳарбий базаларига зарба бераётганини таъкидламоқда.

Ўзбекистон позицияси

Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги Яқин Шарқдаги вазиятнинг кескин равишда таранглашуви ва кенг минтақада янги зиддиятли ҳолат юзага келганидан жиддий хавотирдалигини билдирди.

«Барча томонларни вазминликка даъват этиб, нафақат ҳарбий-сиёсий, балки гуманитар жиҳатдан олдиндан кўриб бўлмайдиган оқибатларга олиб келиши мумкин бўлган хавфли кескинлашувга сабаб бўладиган кейинги қадамлардан тийилишга чақирамиз», – дейилади ТИВ баёнотида.

Расмий Тошкент вужудга келган инқирозни халқаро ҳуқуқ нормалари асосида, сиёсий-дипломатик воситалар орқали ва ўзаро мақбул мулоқот йўли билан ҳал этиш мақсадга мувофиқ эканини таъкидлаган. Ўзбекистон Республикаси минтақавий барқарорлик ҳамда хавфсизликни мустаҳкамлашнинг изчил тарафдори экани ва вазиятнинг энг тез фурсатларда нормаллашувидан умидвор бўлиб қолиши билдирилган.

Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов Қатар, Кувайт, Уммон, Иордания, Баҳрайн, БАА, Саудия Арабистонидаги мавқедошлари билан телефон орқали гаплашиб, мамлакатлар раҳбарияти ва халқига Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг бирдамлигини етказди. Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Яқин Шарқдаги вазиятни Озарбайжон ва испаниядаги мавқедошлари билан ҳам муҳокама қилди.

Шунингдек, у Эрон ташқи ишлар вазири Аббос Ароқчига қўнғироқ қилиб, таъзия билдирди. Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ҳам Эрон олий раҳбари оятуллоҳ Али Хоманаийнинг вафоти муносабати билан Эрон Ислом Республикаси президенти Масъуд Пезешкиёнга йўллаган мактубида ҳамдардлик билдирди.

Ўзбекистон қандай чоралар кўрмоқда?

Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизматининг билдиришича, Ўзбекистон Республикасининг Яқин Шарқ мамлакатларидаги дипломатик ва консуллик муассасалари ижтимоий-сиёсий ва ҳарбий-сиёсий вазиятни 24/7 форматда доимий мониторинг қилиб бормоқда. Қабул қилувчи давлатларнинг ташқи ишлар идоралари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари, фуқаролик муҳофазаси хизматлари ҳамда авиация маъмуриятлари билан доимий ҳамкорлик йўлга қўйилган. Элчихоналар ва консуллик муассасалари ҳузурида «тезкор линия»лар, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигининг Call-маркази фаолият юритмоқда.

Фуқаролардан келиб тушаётган барча мурожаатлар рўйхатга олиниб, доимий ўрганиб борилмоқда, аксарият масалалар тезкорликда ҳал этилмоқда. Сўнгги маълумотларга кўра, минтақадаги фуқаролардан келиб тушган мурожаатлар сони 2 144 тани ташкил этмоқда, фуыароларга манзилли консуллик ва молиявий ёрдам кўрсатилмоқда. Фуқаролар расмий веб-сайтлар, ижтимоий тармоқлар ва каналлар орқали эҳтиёт чоралари, авиарейслар ҳолати ҳамда ҳаракатлар алгоритми бўйича мунтазам хабардор қилинмоқда.

Қайд этилишича, мурожаатлар мунтазам равишда келиб тушмоқда. Асосий масалалар эвакуация, авиарейсларнинг бекор қилиниши ёки бошқа санага кўчирилиши, вақтинчалик тураржой билан таъминлаш, мамлакатда қолиш муддати узайиши муносабати билан молиявий қийинчиликларга тааллуқли. Дубай, Шаржа ва Доҳа аэропортларида «Ватандош» жамғармаси орқали бир гуруҳ фуқароларга молиявий ёрдам кўрсатилган.

Ўзбекистон президентининг топшириғига мувофиқ, фуқароларимизни Ватанга қайтариш бўйича тизимли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Яқин Шарқ минтақасидаги вазиятдан келиб чиққан ҳолда ва юртдошларимиз хавфсизлигини таъминлашни инобатга олиб, доимий ҳамда қўшимча рейслар ташкил этилмоқда. Ишлар доимий асосда олиб борилмоқда. Жумладан, - Саудия Арабистонидан тизимли эвакуация амалга оширилмоқда, Бирлашган Араб Амирликларидан «Uzbekistan Airways» авиакомпанияси репатриация рейсларини амалга ошириш масаласини ишлаб чиқди, авиакомпаниялар билан чартер рейсларни келишиш ишлари олиб борилмоқда, минтақадаги авиация регуляторлари билан мувофиқлаштириш таъминланмоқда. Ҳаво ҳудудининг ёпилиши ва «ҳаво ҳужуми» режими шароитида имкониятлар чекланган бўлса-да, ишлар узлуксиз равишда олиб борилмоқда.

Бугунги кун ҳолатига кўра, Ўзбекистон Республикаси фуқаролари орасида ҳалок бўлганлар ёки жабрланганлар йўқ. Вазият доимий назорат остида.

Теглар

Мавзуга оид