Мирзиёев юқори кучланишли кабел ишлаб чиқарувчи корхона билан танишди

21 гектар майдонда барпо этилаётган қўшма корхонанинг умумий қиймати 60 млн долларни ташкил этади. Корхона тўлиқ қувватга чиққанидан сўнг 600 га яқин янги иш ўрни яратилади.

Мирзиёев юқори кучланишли кабел ишлаб чиқарувчи корхона билан танишди

Президент Шавкат Мирзиёев 13 февраль куни Тошкент вилоятининг Оҳангарон туманига ташриф буюриб, юқори кучланишли кабель маҳсулотлари ишлаб чиқаришга ихтисослашган «Enco Group» корхонаси фаолияти билан танишди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.

Маълумотларга кўра, корхона Беларус Республикасининг «Energokomplekt» компанияси билан ҳамкорликда «Eltech Industrial» технопарки ҳудудида 21 гектар майдонда барпо этилмоқда. Лойиҳанинг умумий қиймати қарийб 60 миллион долларни ташкил этади. Корхона тўлиқ қувватга чиққанидан сўнг 600 га яқин янги иш ўрни яратилади.

Лойиҳа ҳақида

Лойиҳа икки босқичда амалга оширилмоқда. Корхона йилига 25 минг тонна маҳсулот ишлаб чиқариши, экспорт салоҳияти 300 миллион долларни ташкил этиши кутилмоқда.

Айни пайтда қурилиш ишларининг биринчи босқичи 98 фоизга якунланган, 10 миллион доллардан ортиқ инвестиция ўзлаштирилган. Корхона маҳсулотларини Германия, Латвия, Эстония, Болгария ва МДҲ давлатларига экспорт қилиш режалаштирилган бўлиб, дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, йиллик экспорт ҳажми 140 миллион долларга етиши тахмин қилинмоқда.

Импорт ўрнини босиш ва тармоқ ривожи

Ўтган йили Ўзбекистонга 400 миллион долларга яқин юқори кучланишли кабел маҳсулотлари ва изоляцияланган мис шиналар импорт қилинган. Корхона тўлиқ ишга туширилгандан кейин 150 миллион долларлик импорт ўрнини босувчи шундай маҳсулот ишлаб чиқариш имконияти яратилади.

Марказий Осиёда бундай йўналишда фаолият юритаётган 12 та корхонанинг 4 таси Ўзбекистон ҳиссасига тўғри келиши қайд этилди. Бу мамлакатимизда электротехника саноати босқичма-босқич юқори қўшилган қиймат яратадиган тармоққа айланаётганини кўрсатади.

Мирзиёевга корхонанинг келгусидаги ривожланиш режалари, ишлаб чиқариш ҳажмини кенгайтириш, маҳсулот турларини кўпайтириш ҳамда маҳаллийлаштириш даражасини ошириш бўйича таклифлар тақдимот қилинди.

Президент саноат кооперациясини кенгайтириш, маҳаллий хомашёдан самарали фойдаланиш, илғор технологияларни жорий этиш ҳамда экспортбоп рақобатбардош маҳсулотлар ишлаб чиқаришни янада кучайтириш юзасидан мутасаддиларга тегишли кўрсатмалар берди.

Теглар

Мавзуга оид

Мирзиёев юқори кучланишли кабел ишлаб чиқарувчи корхона билан танишди | Vaqt.uz