Мўжтабо Хоманаий соғ-саломат ва Қуролли кучларни бошқармоқда — Эроннинг Ўзбекистондаги элчиси

Кеча 19:442 дақиқа

Муҳаммад Али Искандарий Тошкентда бўлиб ўтган матбуот анжуманида Эрондаги уруш ва босимларга қарамай, ҳеч ким мамлакатдан қочиб кетмаганини айтди. Vaqt.uz мухбирига кўра, у буни раҳбариятнинг мустаҳкамлиги билан изоҳлаган.

Эрон Ислом Республикаси олий раҳбари Мўжтабо Хоманаий тирик, соғ-саломат ва ўз хизмат вазифасини бажармоқда. Олий раҳбар халқ орасида, халқ билан бирга ва мамлакатни, Қуролли кучларни ва сиёсий бўлимларни бошқармоқда. Бу ҳақда Эрон Ислом Республикасининг Ўзбекистондаги элчиси Муҳаммад Али Искандарий бугун, 30-март куни Тошкентда бўлиб ўтган матбуот анжуманида маълум қилди.

«Олий раҳбаримиз соғ-саломат ва ўз хизмат вазифаларини тўлиқ бажармоқдалар. У киши халқ билан бирга бўлиб, жамиятимизни, Қуролли кучларни ва сиёсий бўлимларни бевосита бошқариб турибдилар. Агар Эронда бўлаётган воқеаларнинг юздан бири бошқа бирор давлатда юз берганида эди, барчанинг ўша мамлакатдан қочиб кетганига гувоҳ бўлардингиз. Лекин Эронда шунча уруш ва босимларга қарамай, бир нафар ҳам қочқин бўлмади, ҳеч ким чегарадан ташқарига чиқиб кетмади. Халқимиз ҳеч қандай чекловларга учрагани йўқ. Агар мамлакатда мустаҳкам раҳбарият бўлмаганида, буларнинг барчаси қандай юз бериши мумкин эди? Нима учун Эрон ҳақида бундай хабарлар тез-тез тарқатилади? Бунинг асосий сабаби — бизни кучсизлантириш ва «Эрон таслим бўляпти» деган нотўғри тасаввурни уйғотишдир. Шунингдек, улар раҳбаримизнинг айнан қаердалигини аниқлашни исташади. Бироқ раҳбаримиз ўз ўрнидалар ва аввалги раҳбаримиз 37 йил давомида олиб борган ободонлаштириш сиёсатини давом эттирмоқдалар. Бугунги куч-қудратимиз келажакда янада ортади. Ҳатто мағлубиятга учраган тақдиримизда ҳам, биз буни шаҳидлик мақомидаги ғалаба деб ҳисоблаймиз. Эътиқодимизга кўра, биз мусулмонмиз: ё ғолиб бўламиз, ё шаҳид. Бу борада бизда ҳеч қандай иккиланиш йўқ. Мен буни шунчаки пропаганда сифатида эмас, балки ўзлигимиздан келиб чиқиб айтяпман — биз бормиз ва буни қила оламиз», - деди элчи матбуот анжуманида.

Элчининг таъкидлашича, Эрон томони минтақадаги АҚШ ҳарбий базаларини ва Исроилни нишонга олган ҳамда бу зарбалар аниқ ва самарали бўлган. Искандарий Теҳрон бундан кейин ҳам, ҳеч кимдан ёрдам сўрамаган ҳолда, янада кучлироқ зарба беришда давом эттиришини ва бу борада ҳеч қандай заифлик сезмаётганини билдирди.

«Яқинда АҚШнинг ўзида 9 миллионга яқин фуқаро «Қиролларга йўқ!» шиори остида Трамп сиёсатига эътироз билдирди. Энг ачинарлиси, АҚШ ва Исроил раҳбарлари бугунги урушдан шахсий манфаатлари йўлида фойдаланишмоқда. Улар уруш фонида биржаларда ўзлари учун керакли келишувларни амалга оширишмоқда. Ушбу «Пандора яшиги»нинг очилиши бошқа ҳудудлар учун ҳам хавфлидир. Трамп ўз шахсий фойдаси учун бутун дунё халқларининг жони ва молини гаровга қўймоқда», - деди Муҳаммад Али Искандарий.

Теглар

Мавзуга оид