Мурожаатларни ўрганиш бўйича янги тизим Қаршидан бошланади

Президент вилоят ички ишлар ҳодимларининг қўпол муомаласи юзасидан мурожаатлар кўпайганини айтиб, ҳафтанинг бир кунини муомала маданиятини ўргатишга ажратилишини маълум қилди.

Мурожаатларни ўрганиш бўйича янги тизим Қаршидан бошланади

Қарши шаҳрида аҳолидан келиб тушаётган мурожаатларни чуқур таҳлил қилиш ва уларни манзилли ҳал этиш бўйича янги ишлаш тизими жорий этилиши белгиланди. Бу ҳақда Президент Шавкат Мирзиёев раислигида ўтаётган аҳоли мурожаатлари билан ишлаш тизимини янги даражага кўтариш ва жамоатчилик фикрини чуқур таҳлил қилиш масалалари юзасидан видеоселектор йиғилишида маълум қилинди.

Иш ҳақининг кечиктириб тўланиши юзасидан мурожаатлар

Қайд этилишича, Қарши шаҳрида келиб тушган мурожаатлар таҳлили бир қатор долзарб муаммоларни очиб берган. Жумладан, 146 та мурожаат иш ҳақининг кечиктириб тўланиши билан боғлиқ бўлган. Бундай ҳолатларда корхоналарнинг молиявий аҳволи таҳлил қилиниб, хомашё, айланма маблағ, инфратузилма ёки бозор топиш каби масалалар банклар ва масъул идоралар билан ҳамкорликда ҳал этилади. Агар иш ҳақи асоссиз равишда тўланмаётган бўлса, у белгиланган тартибда мажбурий ундирилади.

Шаҳардаги кўп қаватли уйларга хизмат кўрсатиш сифати ҳам аҳоли мурожаатларида алоҳида ўрин тутмоқда. Қаршида 35 минг хонадонли 930 та кўп қаватли уй бўлиб, уларга 40 та бошқарув сервис компанияси хизмат кўрсатади. Уларнинг фаолиятидан норозилик бўйича 111 та шикоят келиб тушган. Энг кўп мурожаат тушган маҳаллаларда аҳоли ва бошқарув компаниялари билан учрашувлар ўтказилиб, зарур ҳолларда айланма маблағ масаласи ҳал қилинади. Инфратузилмага оид муаммолар эса инвестиция дастурларига киритилади.

Уй-жой билан таъминлаш масаласи

Уй-жой билан таъминлаш масаласи бўйича ҳам 124 та мурожаат қайд этилган. Жорий йилда Қарши шаҳрида 3 минг 700 хонадонли янги кўп қаватли уйлар қурилиши режалаштирилган. Шу муносабат билан мурожаат қилган фуқароларга янги уй-жойлар таклиф қилиниб, ипотека кредити ва субсидия масалаларини ҳал қилишда амалий ёрдам кўрсатилади.

Ички ишлар ходимлари фаолиятидан келиб тушган шикоят

Шунингдек, давлат идоралари фаолияти юзасидан 794 та шикоят келиб тушган. Масалан, ички ишлар ходимларининг муомаласи ва тергов сифати бўйича 281 та ариза қайд этилган. Шу сабабли ички ишлар тизимида ёш терговчилар ва инспекторлар учун махсус ўқув машғулотлари ташкил этилади.

Нафақа масаласи бўйича 877 та мурожаат келиб тушган. Бу мурожаатлар комплекс тарзда кўриб чиқилиб, айрим аёлларнинг фарзандларини боғчага жойлаштириш, ишсиз аёлларни касбга ўқитиш, ёлғиз оналарга имтиёзли кредит ажратиш ва ногиронлиги бор фуқароларга ижтимоий хизматлар кўрсатиш чоралари кўрилади.

Қарши шаҳри мисолида йўлга қўйилаётган мазкур тизим барча ҳудудлар учун намуна сифатида жорий қилиниши белгиланди.

Теглар

Мавзуга оид