
Мутациялашаётган парранда гриппи: дунё янги пандемия хавфи остонасида
Олимларнинг огоҳлантиришича, H5 вирусининг мутацияси инсондан инсонга юқиш қобилиятига етиб борса, COVID-19 пандемиясига нисбатан анча оғир оқибатларга олиб келиши мумкин.

Дунёда H5 туридаги юқори патоген парранда гриппи янада хавфли босқичга ўтиши, ҳолатнинг пандемия даражасигача етиши мумкинлиги ҳақида жиддий огоҳлантиришлар берилмоқда.
Reuters хабарига кўра, Франциядаги Пастер институти нафас йўллари инфекциялари маркази директори Мари-Анн Рамей-Велти вируснинг мутацияси инсонлар ўртасида юқиш занжирини очиб бериши орқали глобал инқирозни келтириб чиқариши мумкинлигини таъкидлади.
H5 вируси бугунга қадар бутун дунёда юз миллионлаб паррандаларнинг нобуд бўлишига сабаб бўлди, озиқ-овқат таъминоти занжирларини издан чиқарди ва нархлар кескин ўсишига туртки берди. Инсонларда юқиш ҳолатлари ҳали кам — деярли барчаси ёввойи ёки хўжалик паррандалари билан яқин алоқа орқали содир бўлган. Аммо мутахассислар учун энг катта хавф — вируснинг сут эмизувчиларга мослашиши ва инсондан инсонга юқиш хусусиятининг пайдо қилиши.
Вируснинг мутация қилиш қобилияти уни COVID-19дан фарқли хатарли йўналишга олиб келади. Коронавирус кўпроқ хавф гуруҳларида оғир кечган бўлса, қуш гриппи ҳатто соғлом болалар ва ёшларда ҳам оғир оқибатларга сабаб бўлиши мумкин. Бутун дунё бўйича 2003–2025 йилларда деярли 1000 киши парранда гриппига чалинган, шунинг ярмидан кўпи — 48 фоизи — вафот этган. Яқинда АҚШнинг Вашингтон штатида H5N5 юқиши билан боғлиқ илк ўлим ҳолати қайд этилди.
Шунга қарамасдан, мутахассислар ҳозирги вазиятда пандемия хавфи паст деб баҳоламоқда. Жаҳон ҳайвонлар саломатлиги ташкилоти мутахассиси Грегорио Торрес бу бўйича: «Хавф бор, лекин жуда паст. Одамлар тинчгина ҳордиқ чиқариши, тухум ва товуқ гўшти ейиши мумкин», — деб таъкидлади.
COVID-19дан кейин дунё бу каби вирусларга қарши яхшироқ тайёргарликка эга. Вакциналар прототиплари яратилган, антивирус препаратлари захира қилинган, тезкор ташкилий ва фармтехнологик механизмлар шаклланган. Аммо етакчи мутахассисларнинг таъкидлашича, парранда гриппи мутацияси реал таҳдид ва уни кузатиш, эрта аниқлаш ва жавоб чоралари бўйича жаҳон ҳамжамияти сергак туриши шарт.





